Линклар

Шошилинч хабар
31 март 2020, Тошкент вақти: 17:01

Коронавирусдан ўлганлар сонини камайтиришда айбланаётган Кремль “ёлғон хабарчилар”ни сиқувга олмоқда


Путин 24 март куни коронавирус юқтирганлар сақланаëтган касалхонага борди.

Россияда илк марта коронавирус юқтирганлик ҳолати қайд этилган ва расмийлар ваҳимага тушмасликдан огоҳлантирган 16 мартда сиёсий таҳлилчи ва Кремль танқидчиси Валерий Соловей “Эхо Москви” радиостанцияси меҳмони бўлган эди.

Ўша кунги эшиттиришда у тингловчиларга ҳуқумат таҳдидга қарши кураша олмаётгани ва эпидемия миқёси ҳақида ёлғон гапираётганини айтган эди. Соловей ўша суҳбатда 93 та вирус юқтирганлик ҳолати қайд этилгани, аммо ўлим ҳолати йўқлиги, шунингдек, пандемия Россияга жиддий зарар етказмаслиги ҳақидаги ҳар қандай тахминларни рад этган эди.

Соловей бошловчи Алексей Соломинни ҳайрон қолдирар экан, аслида камида 1600 кишининг ўлгани “тасдиқлангани”ни иддао қилиб, тез орада 2 миллион нафар россиялик вирус юқтиришини башорат қилган, аммо гапларига исбот келтирмаган эди.

Соломин бундай маълумотни қаердан олганини сўраганда, Соловей “барча амалдорлар ҳам виждонини йўқотгани йўқ”, деб жавоб берган эди.

(Озодлик мухбири Соловейдан ахборотни қаердан олгани сўраганида, аниқроқ гапириб, беморларнинг ўлими билан боғлиқ рақамни ҳукумат амалдоридан олганини айтди, бироқ унинг исмини очиқлашдан бош тортди. Яна ҳеч қандай исбот келтирмади.)

Соловейнинг давлат вирус тарқалишига оид ҳақиқий рақамларни яшираётгани ҳақидаги иддаоси ҳокимият идоралари бераëтган расмий талқинга шубҳа уйғота бошлади. Ҳокимият идоралари 20 мартда “Эхо Москви” раҳбариятига Соловей билан интервьюни вебсайтдан “коронавирусга тегишли сохта ахборот тарқатишга йўл қўймаслик тадбирлари” доирасида олиб ташлашни буюрди ва радиостанция шунга рози бўлди. Соловейга эса 100 минг рубль (1300 доллар) жарима солиш билан таҳдид қилинди.

Россияда ҳукуматнинг коронавирус пандемиясига қарши жавоб чораларига шубҳа билан қараётганлар кўп. Мамлакатда 24 март ҳолатига кўра¸ расман 495 та вирус юқтирганлик ҳолати қайд этилган. Бу бошқа мамлакатлар билан солиштирганда анча паст кўрсаткичдир. Шу кунгача 200 мингга яқин киши тиббий текширувдан ўтказилгани ҳақидаги расмий баëнотларга ҳам кўпчилик ишонмаяпти.

Дастлаб янги вирус юқтиргани сабаб ўлгани айтилган икки москваликни амалдорлар кейинчалик бошқа касалликдан вафот этди, деб эълон қилди. Коронавирус юқтирганлик ва ўлим ҳолатларини қайд этиб борувчи марказлар шу кунгача Россияда коронавирусдан фақат бир киши ўлганини айтмоқда.

Совет ҳукуматининг Чернобилда 1986 йил апрелида рўй берган ядро реактори портлаши билан боғлиқ фожиа оқибатларини сир тутгани сабабли кўпчилик ҳукумат бераётган маълумотларга ишончсизлик билан қарайди.

Россия ҳукумати ахборот маконини назорат қилиш кампаниясини бошлади, бунинг учун ўзи “сохта хабар” деб атаётган маълумотларни тарқатишни тақиқлаш учун янги қонун қабул қилди.

400 минг рублгача жарима солиш белгиланган қонун ёрдамида ҳукумат ёлғон ахборот тарқатилишини назорат қилишга уринаётган бўлса, танқидчилар буни эркин фикр билдиришни тийиб туришга интилиш¸ деб баҳоламоқда.

− Бу фойдасиз амалиёт, бироқ Россиянинг бошқарув услубига мос тушади, – деди Соловей Озодлик радиосига.

19 мартда Санкт-Петербург шаҳри полицияси COVID-19 пандемияси тўғрисида “ҳақиқатни акс эттирмайдиган” овозли хабар жўнатган кишини сўроқ қилиш учун чақирганини билдирди. Бошқа яна икки ҳолатда нотўғри хабар тарқатгани иддао қилинганларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Улар жамоатчилик олдида кечирим сўрашга мажбурланди. Танқидчилар улар бунга мажбурланганини айтмоқда.

Татаристонлик Оксана Гарипова вирус таҳдиди сабаб республика ёпилиши айтилган хабаридан сўнг 30 минг рубллик жаримага тортилди ва маҳаллий радио орқали кечирим сўради, бу ҳам етмагандай, Москвага олиб келиниб, “Пусть говорят” дастурига чиқиб, ўзига берилган жазо адолатли бўлганини айтди.

23 мартда ҳукумат коронавирус ҳақида “сохта хабар” тарқатганлик учун жазони оғирлаштириб, бундай қилганлар жиноий жавобгарликка тортилиши эълон қилди. Энди қонунни бузганлар кўпроқ жарима тўлаши, ҳатто қамалиши мумкин.

Россия ҳокимияти коронавирус ҳақида чет элларда нотўғри ахборот тарқатишда айбланмоқда. Европа Иттифоқининг 16 мартда матбуотга сиздирилган ҳужжатида Кремль етовидаги ахборот воситалари Ғарб мамлакатларига бўлган “жамоатчилик ишончига путур етказиш” учун ёлғон хабарлар тарқатаётгани айтилади.

Путин матбуот котиби Дмитрий Песков ўша ҳужжатни “таги пуч айбловлар”га асосланган деб атади. Бироқ ундан икки ҳафта олдин Кремлнинг ўзи "бадният актёр"ларни Россияда чалкашликлар келтириб чиқаришга уринаётганликда айблаган эди.

Россия ватандошларини COVID-19 билан боғлиқ вазият ҳақида хабардор қилиб бораётган ҳукумат маркази бошлиғи Алексей Гореславский ҳокимият идоралари эпидемия ҳақида нотўғри хабар тарқатаётган ўнлаб кампанияни фош қилганини иддао қилди.

Ўша ҳолатларнинг кўпчилиги ҳамон тергов қилинмоқда. Соловей давлат идораларидан ҳозирча Россияда коронавирусдан ўлганлар сони ҳақидаги баёноти учун жарима ундирилишига оид билдирув олмаганини айтди. Унинг фикрича, “Россияда одамни фақат унинг машҳурлигигина ҳимоя қилиши мумкин”.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG