Линклар

Шошилинч хабар
31 март 2020, Тошкент вақти: 18:14

Коронавирусни назоратга олган Хитой дунë бўйлаб пандемия дипломатиясини бошлади


Хитой коронавирус ўчоғи бўлиб турганда Ўзбекистон каби давлатлар Хитойга гуманитар ëрдам юборган бўлса¸ бугунга келиб эпидемияни назоратга олган Хитой қолган дунëга тиббий анжомлар юбормоқда.

Буни “пандемия дипломатияси” деб аташ мумкин.

Хитойда коронавирус инфекциясининг тарқалиш кўлами кичрая бошлаши билан мамлакатда тиббиёт анжомлари нархи туша бошлади. Заҳирасида ортиб қолган бундай анжомларни Хитой ҳукумати ва унинг ишончли вакиллари чет элларга учоқда етказиб бера бошлади.

Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Лейен 18 мартда Хитой бош вазири Ли Кецяндан Италия, Польша, Испания ва Нидерландиядаги коронавирус пандемиясини тўхтатиш учун миллионлаб тиббий ниқоб, тест тизимлари етказиб бериш тўғрисида таклиф олди.

Эфиопия авиакомпанияси учоғи 22 мартда хитойлик миллиардер Жек Ма “Африканинг 54 та мамлакатидан ҳар бирига” ваъда қилган миллионлаб шахсий ҳимоя жиҳозлари ва тест системаларининг биринчи партиясини Хитойдан олиб келди.

23 март куни америкалик таниқли ихтирочи ва миллиардер Илон Маск Пекин ҳукумати ëрдамида коронавирусга чалинган беморлар ҳаëт-мамотини ҳал қилувчи вентиляторлардан 1255 донасини Хитойдан Калифорнияга олиб келди.

Пекин Марказий Осиë ҳукуматларига ҳам коронавирусга қарши курашда ҳар турли ëрдам таклиф қилмоқда ва маҳаллий ҳукуматлар бу таклифни жон деб қабул қилмоқда.

COVID-19 тарқалишини тўхтатишга эришган Хитой, Chatham House тадқиқотчиси Юй Цзе таъбири билан айтганда, “соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқирозини жуғрофий-сиёсий имконият” - қайишувчан дипломатия тантанасига айлантирмоқчи.

Хитой дунë бўйлаб жадаллик билан бошлаган бу кампаниянинг ёрқин аломатлари Болқон ярим ороли шимолида намоён бўлди. Ушбу минтақа Европа Иттифоқи ўз таркибига интерграция қилиш¸ Хитой билан Россия эса ўз сиëсий-иқтисодий таъсирини ёйиш учун курашаётган жойдир.

Хитойнинг ушбу минтақага бераётган кредитлари ва киритаётган инвестициялари пандемияга қадар ҳам ошиб бораётган эди. Аммо бир муддат пандемия боис Пекиннинг кредит, савдо-сотиқ ва сиёсий мақсадларини ўзаро омухта қилувчи “комплекс савдо стратегиялари” йўққа чиқиш таҳдиди остида қолди.

Февралда Босния ва Ҳерцеговинанинг серблар кўпчиликни ташкил этувчи Сербска Республикаси Хитой компаниялари билан бирга шифохоналар, тўғонлар қуриш¸ қолаверса¸ бошқа юз миллионлаб долларлик лойиҳаларни тўхтатиб қўйди.

Бироқ қўшни Сербияда президент Александар Вучич 21 мартда учоқда тиббий анжомлар олиб келган хитойлик шифокорларни қизил пойандоз ёзиб кутиб олди.

− Ҳозиргина олиб келинган ёрдам натижасида Сербиядаги юз минглаб одам ҳаёти сақлаб қолинади, − деди Вучич. − Сербия Хитой берган ёрдамни унутмаслиги керак.

7 миллион аҳолиси бор Сербия Европа Иттифоқига аъзоликка расмий номзод. Шунга қарамай Сербия президенти 15 мартда “Европа бирдамлиги чўпчакдан бошқа нарса эмас” деб баёнот берган ва ёрдам сўраб, “биродари Си Цзинпинга мурожаат қилгани”ни айтган эди.

Шу ўринда АҚШ билан Хитой муносабатлари танглигича қолаётганини ҳам қайд этиш жоиз.

АҚШ президенти Доналд Трамп 2016 йилда Пекин Қўшма Штатларга муносабатини ўзгартириши кераклигини айтган бўлса, энди Хитой билан савдо уруши олиб бормоқда ҳамда Пекинни “Хитой вируси” ҳақида маълумотларни яширганликда айблаяпти.

АҚШнинг бундай баёнотлари Пекиннинг коронавирусни гўё Хитойга АҚШ армияси олиб келгани ҳақидаги пиар тактикасига жавоб тариқасида янграмоқда.

Вашингтон Пекинни “фитна назариясини тарқатаётганлик”да, “глобал пандемияга йўл очиб бериб, у ҳақда дунёни хабардор қилмаганлик”да айламоқда.

Лекин экспертлар COVID-19 пандемияси тарқалишига қарши кураш борасида амалга ошмай қолаётган ҳамкорлик Вашингтон билан Пекин ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф қилиш йўлида қўлдан чиқарилган имконият эканини айтмоқда.

Улар фикрича, икки мамлакат ўртасидаги COVID-19 пандемияси вақтидаги зиддият вазиятни мураккаблаштириб юбориши мумкин.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG