Ўзбекистонда коронавирус юзага келтирган иқтисодий инқироз сабаб камида 5-6 млрд АҚШ доллари зарур, деб ҳисоблайди иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров (www.anhor.uz, 19 март). Ушбу маблағнинг ярми тиббий ёрдамни тўғридан-тўғри субсидиялаш ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектлари корхоналарида бандликни қўллаб-қувватлашга, қолган қисми эса молия институтларини мустаҳкамлашга йўналтирилиши лозим.
Қайд этилишича, Жаҳон банкидан реструктуризация имконияти билан 30 йил муддатга камида 3-4 млрд доллар қарз олишга тўғри келади. Бундан ташқари, USAID, KOICA, TIKA каби донор институтларни жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, Молия вазирлиги аҳоли учун узоқ муддатли давлат заёмларини эмиссия қилиши мумкин. Вазият жуда мураккаблашса, мамлакатнинг олтин-валюта захираси ҳамда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларига умид қилиш қолади, холос.
“Вақт бизга қарши ишламоқда. Биз зарур чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнини қанчалик кейинга қолдирсак, коронавирус таъсирининг оқибатларини бартараф этиш учун шунча кўп маблағ талаб қилинади”, дейди иқтисодий таҳлилчи А.Абдуқодиров.