Линклар

Шошилинч хабар
05 июн 2020, Тошкент вақти: 13:09

Украин парламенти ХВЖдан $8 миллиард қарз олишга асос берувчи қонунларни овозга қўяди


Президент Зеленский.

Украина парламенти - Верховна Рада коронавирус пандемияси вақтида мамлакат аҳолиси ва иқтисодиëтини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонунларни қабул қилиш учун 30 март тушдан кейин фавқулодда мажлис ўтказади.

Янги қонунлар коронавируснинг иқтисодий зарбасини юмшатиш мақсадида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг Украинага 8 миллиард доллар қарз беришига асос бўлиши кутилмоқда.

Бу қонунлар қабул қилинган тақдирда¸ Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва бошқа чет эллик ҳомийларнинг Украинага миллионлаб долларлик ëрдам беришига ҳам эшик очилади.

Президент Володимир Зеленский 29 мартдаги телемурожаатида парламент қонунларни қабул қилмайдиган бўлса, Украина “дефольт таҳдиди” остида қолажагидан огоҳлантирди.

− Украина халқи эртага уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш-қилмаслигингизни аниқ-тиниқ кўради. Гарча барчангиз ниқоб тақиб олсангиз ҳам, халқ – жамоатчилик кимнинг аслида ким экани, яъни сизлар халқнинг ёки ғаразли манфаатларнинг хизматкорлари эканингизни тушуниб олади,− деди парламент депутатларига қарата Зеленский.

ХВЖ¸ Украинага катта миқдордаги ëрдам дастури ажратишдан олдин¸ мамлакатдаги банк фаолиятини тартибга соладиган қонунлар қабул қилинишини талаб қилмоқда.

Янги қабул қилинажак қонунларга асосан, сўнгги йиллардаги тозалаш даврида қайта давлат мулки қилиб сотиб олинган ёки тугатилган банкларнинг собиқ эгаларига ўша банкларга бўлган мулк эгалиги қайтарилмаслиги ёки товон пули берилмаслиги керак.

ХВЖ шунингдек Киевдан олди-сотди мораторийсини бекор қилиш йўли билан қишлоқ хўжалик ерларини сотишга санкция жорий қилиш ва шу тариқа рақобатбардош ер бозорини мустаҳкамлашини истамоқда.

Ўтган ҳафта ХВЖ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева Киев иккита ўта муҳим қонунни қабул қилган тақдирда¸ дастлаб муҳокама қилинган 5,5 миллиард доллардан кўпроқ қарз олиши мумкинлигини билдирди.

− Ўтган ҳафта Украина ҳукумати билан янги қарз бериш механизми бўйича музокараларда сезиларли илгари силжиш кузатилди. Банклар фаолияти ва ер ислоҳотларига оид қонунларнинг қабул қилиниши янги келишув кўламини тезроқ аниқлаштириш ва аввал кўзда тутилганидан кўра каттароқ қарз беришга имкон яратади¸ деди Георгиева 26 март кунги баëнотида.

Украинадаги АҚШ савдо палатаси ҳам ўтган ҳафта мамлакат парламентини ХВЖ талабларини бажаришга даъват қилди.

АҚШдаги элчихонасининг хабар қилишича, Вашингтон ҳукумати коронавирус тарқалишига қарши курашиш учун Украинага 1,2 миллион долларлик ёрдам пули ажратган.

Украинада 30 мартга келиб¸ коронавирус юқтиргани расман қайд этилганлар 500 нафарга¸ ўлганлар эса¸ 10 га етди.

Халқаро валюта жамғармаси жаҳон ҳукуматларига қарз берувчи энг катта молиявий тизим ҳисобланади.

Жамғарма ўтган ҳафта эълон қилган баëнотга кўра¸ коронавирус пандемияси бошланганидан бери катта миқдорда қарз сўраб 80 дан ошиқ давлат ҳукумати расман мурожаат қилган.

Ўтган жума куни жамғарма бошқарув кенгаши Марказий Осиëда биринчи бўлиб Қирғизистонга 121 миллион АҚШ долларига яқин қарз беришни маъқуллади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам коронавируснинг аҳоли ва иқтисодиëтга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида сарфлаш учун халқаро молия тизимлари¸ хусусан¸ ХВЖдан 1 миллиард доллар қарз олиш режасини эълон қилди.


XS
SM
MD
LG