Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 19:02

COVID-19: 1 млн. 200 минг одам юқтирди, 65 минги ўлди. Трамп ўлим янада кўп бўлишини эътироф этди


Коронавирус пандемияси боис, ишини йўқотганлар имтиёз талаб қилмоқда, 1 апрель кунги намойиш, 2020, Калифорния, АҚШ

АҚШ президенти Дональд Трамп кейинги ҳафтада COVID-19 эпидемияси кўплаб одам ўлимига сабаб бўлиши кутилаётганини таъкидлади.

Европа комиссияси президенти эса қитъа янги коронавирус туфайли юзага келган инқироздан ўзини тиклаши учун «Маршалл режаси» керак бўлишини айтди.

Сўнгги маълумотларга кўра, вирусни юқтирганлар сони дунё бўйича 1 миллион 200 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 65 мингдан зиёд.

248 мингга яқин шахс эса соғайиб кетди.

Пандемиянинг ўчоғига айланган АҚШда анализ олиш кўлами сезиларли даражада ошди. Бугунга қадар Америкада 312 мингдан ошиқ одам вирусга чалинди.

Аммо кузатувчилар Хитой, Россия, Туркманистон ва Эрон каби мамлакатлар расмийлари ёйинлаган расмий маълумотларни шубҳа остига олмоқда.

4 апрель куни Трамп навбатдаги матбуот анжуманида:

- Афсуски, кўплаб ўлим бўлади, — деди.

Президент Нью-Йорк ҳамда Луизиана штатларида вазият энг оғир бўлишини қўшимча қилди.

Трампнинг сўзларига кўра, штатларга бўҳронга қарши курашишга кўмаклашиш учун АҚШ армияси кўп сонли тиббиёт ходимларини сафарбар қилади. Президент ижтимоий масофа сақлаш чораларини 30 апрелгача узайтирди, аммо бир вақтнинг ўзида америкаликлар тез орада ишга чиқишига умид қилишини айтди.

- Ишга чиқишимиз керак. Қайтадан очилишимиз керак. Бу чораларни ойлаб давом эттира олмаймиз, — деди президент.

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Welt am Sonntag олмон газетаси учун ёзган мақоласида Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ Европа иқтисодини тиклаш учун кўрсатган ёрдамни назарда тутиб, «Европа учун Маршалл режаси зарурлигини» таъкидлади.

Ляйен Европа давлатлари ҳукуматлари пандемиянинг иқтисодга салбий таъсирига қарши чора кўриш масаласида музокара олиб борар экан, кўпроқ сармоя ётқизиш қитъа бўйлаб бир жамиятга аъзолик руҳини кучайтиришини айтди.

Пандемиядан энг кўп азият чекаётган Европа давлатлари бўлмиш Италия ва Испанияда вирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекцияси туфайли умумий ҳисобда 27 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Британияда эса қиролича Елизавета II Британия халқига видеомурожаат қилди. Видеомурожаатни қироллик телеканаллари эфирга узатди. Коронавирусни юқтирган Британия бош вазири Борис Жонсон Даунинг-стрит, 10 адресидаги резиденциясидан ишламоқда.

Греция эса қочқинлар лагерида яшаётган афғонистонлик шахс вирусни юқтиргани аниқланиши ортидан мамлакатдаги лагерларни карантинга олди.

50 мингдан ошиқ фуқароси вирусга чалинган Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 11 апрелдан бошлаб айрим иқтисодий фаолиятлар қайта йўлга қўйилишини айтди. Эронда бир неча расмий, жумладан, вице-президент вирусга чалинди.

3000 дан ошиқ одам вирусни юқтиргани айтилаётган Японияда эса фавқулодда вазият жорий қилиш талаблари кучаймоқда.

Ўзбекистонда бугунга қадар 2 бемор COVID-19 инфекцияси туфайли вафот этди, 298 кишида вирус аниқланди.

Бошқа тафсилотларни жонли блогда кузатинг!

XS
SM
MD
LG