Линклар

Шошилинч хабар
08 июл 2020, Тошкент вақти: 09:14

Тожикистонда машҳур ошпазнинг жанозаси унинг жасадисиз ўқилди


Шодмон Ражабов Шаҳристон довонидаги ошхоналардан бирининг хўжайини эди.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Шаҳристон туманида халқ орасида “Шодмони Тануркабоб” номи билан машҳур бўлган ошпаз Шодмон Ражабовнинг жанозаси марҳумнинг жасадисиз ўқилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизматига 14 апрель куни жанозада иштирок этган айрим шахслар маълум қилди.

Жанозада марҳумнинг жасади бўлмагани одамларни ҳайратга солибгина қолмай, балки 62 ёшли Шодмон Ражабов коронавирусдан ўлгани тўғрисидаги шубҳаларни ҳам кучайтирди.

Аввалроқ айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда “Шодмони Тануркабоб” коронавирусдан ўлгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.

Сўғд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси Шодмон Ражабов ўлимини тасдиқлади, аммо ўлимга коронавирус эмас, сил касаллиги сабаб бўлганини билдирди. Сўнгги кунларда машхур ошпаз Жаббор Расулов туманидаги Деҳмой қишлоғидаги сил касалликлари шифохонасида даволанаётган эди. Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийси Ражабовнинг барча оила аъзолари соғ-саломат эканлигини таъкидлади.

Жаноза марҳумнинг жасадисиз ўқилганини Озодлик радиоси тожик хизматига шаҳристонликлар маълум қилди. Ўз номини сир сақлашни илтимос қилган шаҳристонликлардан бирининг айтишича, жаноза намозини ўқиш 11 апрель соат 14га белгиланган эди.

“Жуда кўп одам келди. Лекин жасад солинган тобут кўринмади. Кейинроқ маълум бўлишича, марҳумни эрталабки соат 10да Деҳмой қишлоғидаги касалхона ходимлари дафн қилиб бўлишган экан”,-деди суҳбатдош.

Яна бир шаҳристонлик эса, Шодмон Ражабовнинг жасадини врачлар полиэтилен қопга солиб дафн қилишганини айтди.

“Халқимиз жуда ҳурмат қилган Шодмони Тануркабобнинг қабри қаерда эканлигини ҳеч ким билмайди”,-деди у.

Шаҳристон туман касалхонаси бош врачининг ўринбосари Маҳмуджон Остонақулов Шодмон Ражабов сил билан оғриганини, шунинг учун у даволаниш учун Деҳмой қишлоғидаги касалхонага жўнатилганини айтди. Бош врач ўринбосари “Шодмон Ражабовнинг хотини ҳам ўлгани” тўғрисидаги хабарни инкор қилди.

“Марҳумнинг хотини ва болалари уйда ўтиришибди, карантинда эмас. Менинг билишимча, уларнинг ҳаммаси соғ-саломат”, - деди Маҳмуджон Остонақулов.

Унга кўра, Шодмон Ражабовдан олинган анализлар ва унинг врачлар кўригидан ўтгани тўғрисидаги хулосалар Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлигига жўнатилган.

Шодмон Ражабов Шаҳристон довонидаги ошхоналардан бирининг хўжайини эди. Унинг ошхонаси мазали “тандир кабоб”лари билан танилган.

Жорий ойда Жаббор Раулов туман касалхонасида карантинда сақланаётган беморлар вафот этгани қайд этилган эди. 13 апрелда Бохтар шаҳридаги Б. Вохидов номидаги касалхонанинг 58 ёшдаги фарроши ҳам вафот этгани хабар қилинган. Хабарда айтилишича, бу фаррош қўшимча ҳақ эвазига касалхонанинг карантинга олинган ҳудудида ишлаган.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати бу беморлар коронавирусдан ўлганини рад этиб келмоқда. Тожикистонда расман шу кунгача коронавирусга чалинган беморлар аниқлангани маълум қилинмаган.

XS
SM
MD
LG