Линклар

Шошилинч хабар
29 май 2020, Тошкент вақти: 00:24

Туркманистонда озиқ-овқат танқислиги кучаймоқда. Норозиларни "қамаб қўйиш" билан қўрқитишмоқда


Туркман полициячилари озиқ-овқат олиб кетаётган автомашинани текширмоқда.

Туркманистоннинг кўпгина ҳудудларида ун, нон, товуқ гўшти, шакар ва ўсимлик ёғи танқислиги кучаймоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари озиқ-овқат етишмовчилигидан жамоат бўлиб шикоят қилаётганларни босим остига олмоқда.

72 қадамга чўзилган навбат

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири Ашхободда 14 апрель куни ёғ, товуқ гўшти ва шакар сотган давлатга қарашли дўконлардан биридаги воқеани тасвирлаб берди

Мухбирнинг айтишича, бу маҳсулотларни сотиб олиш учун дўкон олдида 200 кишидан иборат навбат пайдо бўлган.

Мухбир навбатни қадамлаб ўлчаб чиқди ва “Уч қатор одамлардан иборат навбатнинг узунлиги 72 қадам бўлди”, деб маълум қилди.

"Соат 8да савдо бошланди, 9:30да ёғ тугади"

Озодлик радиоси туркман хизмати хавфсизлик нуқтаи назаридан бу давлат дўконининг рақами ва манзилини ошкор этмайди.

Мухбир асосий кўча томонидан кўринмаслиги учун навбат дўконнинг орқа эшигида пайдо бўлганини айтди.

“Ўсимлик ёғи, товуқ гўшти ва шакар савдоси эрталаб соат 8да бошланди. Тўққиз яримда ёғ тугади. Кейин товуқ гўшти ҳам сотиб бўлинди. Энг охири шакар тугади”, - деди Озодлик мухбири.

Бир одам фақат икки буханка нон сотиб олиши мумкин

Озодлик радиоси туркман хизматининг Ашхободдаги яна бир мухбири давлат магазинларида нон сотиб олишга чеклов ўрнатилганини билдирди. Унга кўра, бир одамга фақат икки буханка нон сотилмоқда. Суякли мол гўшти нархи эса 38 манатни ташкил этмоқда ( расман 3,5 манат 1 доллар).

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирларидан яна бири Ахал вилоятининг Тежен шаҳрида нон танқислиги ҳақида хабар берди.

“Шаҳар нон ишлаб чиқариш корхонаси қошидаги давлат улуши мавжуд бўлган дўконларга нон бир кунда бир марта-эрталаб олиб келинади”,- деди мухбир.

Унинг айтишича, нон сотиб олиш учун ҳар куни узундан узоқ навбатлар пайдо бўлади:

“Хусусий дўконларда нон пайдо бўлиши билан, уни одамлар таламон қилиб сотиб олишади. Ҳолбуки, хусусий дўконларда нон 3-5 манатга қимматроқ сотилади”,- деб таъкидлади мухбир.

Унга кўра, Тежен аҳолиси орасида Истеъмолчилар жамиятига қарашли новвойхона маҳсулотларига талаб кучли эди. Аммо жамият раҳбари новвойхонада нон сотишни тақиқлаб қўйган. Эндиликда бу ширкат маҳсулотини давлат ва хусусий дўконлар жойлашган савдо марказидан сотиб олиш мумкин.

"Озиқ-овқат танқислигидан шикоятларга эътибор бермаслик тавсия қилинган"

Мамлакат озиқ-овқат танқислигини бошдан кечираётган бир паллада Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 3 апрель куни савдо соҳасига мутассадди бўлган ўринбосари Чори Гилижовга хайфсан эълон қилди. Айни пайтда ҳукуматга қарам бўлган матбуот Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги мавжудлиги борасида хабар бермайди.

Озодлик радиоси туркман хизматига жой-жойлардан озиқ-овқат етишмовчилигидан жамоа бўлиб шикоят қилганларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари босимлари кучайиб бораётгани ҳақида ҳам хабарлар келмоқда.

“Туркманистон ҳукумати Миллий хавфсизлик вазирлиги ва прокуратурага фуқароларнинг ун ва ёғ тақчиллиги тўғрисидаги шикоятларига эътибор қаратмаслик тўғрисида кўрсатма берган”, - деб билдирди Озодлик радиоси туркман химзати мухбири ҳукуматдаги ўз ишончли манбасига таянган ҳолда.

Мухбирнинг 14 апрелда хабар беришича: “Фарап туманидан бўлган юздан ортиқ аёл ҳокимликка ун билан ёрдам беришни илтимос қилиб борган, аммо улар ҳеч бир натижага эришмай уйларига қайтган”.

Мухбирнинг айтишича, маҳаллий ҳокимият расмийлари аёлларга “шикоят қилишни тўхтатиш” маслаҳатини берган, акс ҳолда уларнинг ҳар бири 15 суткага қамалишини билдиришган.

Норозиларга 2 килодан ун тарқатилди

Бундан аввал Туркманистон ҳокимият идоралари озиқ-овқат етишмовчилигидан ғазабланган кишилар намойишини уларга ун қопчаларини тарқатиш билан бостиргани хабар қилинганди.

“Озодлик” радиоси туркман хизмати берган хабарга кўра, 3 апрелда Туркманистоннинг жануби-шарқидаги Марв вилоятида ҳукумат субсидия ажратадиган ун ва ўсимлик ёғи етишмовчилигига қарши 30 дан ошиқ аёл норозилик билдирган.

Намойишчилар Марв шаҳри ғарбида йиғилиб, пойтахт Ашхободга олиб борадиган трассани қисқа вақт тўсиб қўйган, кейинчалик вилоят маъмурияти биноси томон юриш қилган.

Бироқ норозилик маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳар бир аёлга 2 килограммлик копчаларда ун тарқатгандан сўнг ниҳоясига етган.

Туркманистон аҳолиси уч йилдан бери озиқ-овақт маҳсулотлари тақчиллигидан азият чекиб келади. Бироқ яқинда коронавирус пандемиясига қарши чоралар кўриш мақсадида ижтимоий соғлиқни сақлаш соҳасида жорий этилган чекловлар Туркманистонда озиқ-овқат таъминоти тармоғи ишини мушкул аҳволга солиб қўйди.

Чекловлар мамлакат ичидаги йўлларни ёпиш, чегарадаги ўтиш жойларини тўсиш ва қўшни мамлакатлардан озиқ-овқат импорти қилинишига чеклов жорий қилишдан иборат.

Туркманистоннинг минтақадаги энг кўп коронавирус тарқалган Эрон билан 1150 километрлик умумий чегараси бор.

Лекин расмий Ашхобод мамлакатда бирор киши ҳам коронавирусни юқтирмаганини айтмоқда. Бу ҳол Ашхободнинг касаллик ҳақидаги маълумотлари ишончли эканига шубҳа уйғотмоқда.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG