Линклар

Шошилинч хабар
26 сентябр 2020, Тошкент вақти: 16:11

Карантиндан қачон чиқамиз? Ғарб давлатлари тажрибаси


Коронавирусни тезроқ жиловлай олган айрим давлатлар карантин чораларини сусайтирди.

Коронавирус эпидемиясининг энг авжига чиққан палласини ортда қолдирган Европа давлатлари аста-секин нормал ҳаётга қайтиш устида бош қотиришни бошлади.

Коронавирус жазавасини тезроқ жиловлай олган айрим давлатлар карантин чораларини сусайтирди, айримлари яқин кунларда бу ишга қўл урмоқчи.

Испания

Душанба куни Испания соғлиқни сақлаш вазири Сальвадор Илла COVID-19нинг авж палласи ўтиб кетганини, коронавирусга чалинганлар сони сўнгги уч ҳафтада биринчи марта озайганини маълум қилди. Лекин Испания ҳозирча карантин тартибини юмшатмоқчи эмас. Айни пайтда бу мамлакатда айрим корхоналарнинг ишчи-ходимлари ўз иш ўринларига қайтдилар.

Италия

Италияда фақат аптекага, озиқ-овқат харид қилишга ва итларни сайр қилдиришга олиб чиқишга рухсат берилган қаттиқ тартиб юмшатилиб, китоб ва болалар киймларини сотувчи дўконлар очилди. Тўғри, фақат Венетто шаҳрида ва фақат ҳафтасига икки кунгагина.

Энди бемалол спорт билан шуғулланиш учун уйдан чиқиш мумкин. Ниқоб ва қўлқоп тақиб юриш ҳозир ҳам шарт.

Италия коронавирусга чалинганлар сони жиҳатидан дунёдаги учинчи ўринни эгалламоқда. Бу ерда кунига 50 минг одам коронавирус тестидан ўктазилаяпти. Бош вазир Жузеппе Контенинг айтишича, айни мана шу чора апрель ойининг охирларига бориб карантин тартибининг юмшатилишига олиб келади.

Бундан ташқари, сўнгги 10 кун мобайнида Италия касалхоналарида коронавирус туфайли реанимацияда ётган оғир аҳволдаги беморлар ва ўлганлар сони озайди.

Австрия

Австрияда эпидемия Италия билан деярли бир кунда бошланди. Ўтган якшанба куни Австрия канцлери Себастьян Курц “инқироздан тезроқ чиқиш ва ҳар бир ишчи ўрни учун курашиш”га тайёр эканини билдирди. Австрияда коронавирус оқибатида ишсизлик даражаси Иккинчи жаҳон уришидан бери биринчи марта 550 минг кишига етди.

Австрия эпидемиологлари мамлакатда коронавирус авжига чиқмай туриб бостирилганини таъкидламоқдалар. Шунга қарамай, бу мамлакатда ҳам одатий ҳаётга қайтиш босқичма-босқич амалга оширилади.Ҳукуматнинг билдиришича, 1 майдан бошлаб катта савдо марказлари ва сартарошхоналар очилади, вазият ёмонлашмаса, май ойининг ўрталаридан ресторанлар ва кафелар фаолиятига рухсат берилади.

АҚШ

АҚШ коронавирусга чалинганлар сони жиҳатидан дунёда биринчи ўринни эгалламоқда. Бу ерда беморлар сони ярим миллион кишидан ошди, 20 минг бемор вафот этди. Шунга қарамай, АҚШ ҳам карантин тартибини босқичма-босқич юмшатиш масаласини ўрганмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп 13 апрель куни 1 майдан бошлаб карантин тартибини юмшатишни режалаштираётгани тўғрисида баёнот берди.

Чехия

Чехия ҳукумати карантин тартиби босиқчма-босқич юмшатилиши тўғрисида баёнот берди. 20 апрелдан бошлаб деҳқон бозорлари ишлай бошлайди, лекин бу бозорларда тайёр овқат сотилмайди. Шунингдек, хунармандлар дўконлари ва эски автомашиналарни сотиш шоҳобчалари фаолияти ҳам жонланади. 10 кишидан ортиқ одам қатнашмайдиган тўйларга рухсат берилади.

Орадан бир ҳафта ўтгач, майдони 200 квадрат метргача бўлган савдо шоҳобчалари иш бошлайди. 25 майдан ресторанлар, кафелар, сартарошхоналар, музейлар ва галереялар ишга тушади. 8 июндан йирик савдо марказлари очилади. Бу режа яқин икки ҳафта ичида коронавирусга чалинганлар сони кўпаймаган тақдирда амалга оширилади.

Дания ва Норвегия

Данияда жорий ҳафтада болалар боғчалари ва бошланғич мактаблар ишга тушди. Ҳукумат ўқитувчилар ва ота-оналарга иложи борича кўпроқ вақтларини болалар билан очиқ ҳавода ўтказишни тавсия қилмоқда. Бундай тавсиядан мақсад- одамларнинг ишга қайтиши учун шароитни таъминлашдир. Данияда ҳам Норвегиядаги каби коронавирусга чалинганлар сони 7 минг кишидан ошмайди.

Норвегия ҳукумати кейинги ҳафтадан болалар боғчаларини очмоқчи. 27 апрелдан бошланғич ва ўрта мактаблар ўқувчиларни қабул қилади. Билим юртлари ва олийгоҳлар фақат имтихон топшириши шарт бўлган талабалар учун очилади.

Германия, Франция, Швеция

Швеция Европада карантин чораларини тадбиқ этмаган кам сонли давлатлардан бири. Бу ерда мактаблар, кафелар, барлар ва ресторанлар ишлаб турибди. Бироқ 14 апрель куни Бош вазир Стефан Лофвен чекловлар киритилиши мумкинлиги тўғрисида аҳолини огоҳлантирди. Бунга Швецияда 11 минг одам коронавирусга чалингани ва 1033 бемор ўлгани сабаб бўлди.

Германия канцлери Ангела Меркель 19 апрелгача карантин тартибини сусайтирмоқчи эмас. Меркель кейинги ҳафтадан бошлаб майдони 800 квадрат метргача бўлган дўконлар иш бошлаши мумкинлигини айтди. Бундан ташқари, майдони қанча эканидан қатъий назар, автосалонлар, китоб ва велосипед дўконлари, музейлар, кутубхоналар, архивлар, ҳайвонот ва ботаника боғлари очилади.

4 майдан мактабларни, сартарошхоналарни очиш мўлжалланган. Лекин турли тадбирлар, диний маросимларни ўтказиш августгача тақиқланади. Барлар, кафе, ресторан, кинотеатрлар фаолиятига ҳам ҳозирча рухсат берилмайди.

Францияда эса хорижга чиқиш учун қўшимча чекловлар жорий этилган. Франциядан ташқарига чиқмоқчи бўлган фуқаро махсус рухсатнома олиши керак.

Европа комиссияси карантинни бекор қилиш меъёрларини ишлаб чиқди, режа қачон амалга киритилиши номаълум

Европа комиссияси коронавирус пандемиясига қарши жорий этилган карантин чораларини бекор қилишнинг учта меъёрини ишлаб чиқди. Лекин бу меъёр қачондан бошлаб амалга киритилиши ҳозирча номаълум. Бу ҳақда Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен 15 апрелда маълум қилди.

Ҳужжатга асосан, карантиннинг бекор қилинишига доир биринчи талаб COVID-19 тарқалишининг секинлаши, вирус юқтирганлар сонининг озайиши билан боғлиқ бўлади.

Иккинчи меъёр эса маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимининг мукаммал бўлишидир. Бу меъёрга асосан касалхоналар беморларни қабул қилиш учун етарли ўринларга, зарур дори-дармонлар ва тиббий ускуналарга эга бўлиши лозим.

Учинчи меъёр – вирусни юқтирганларни ва вирусга чалинган беморлар билан алоқада бўлганларни мониторинг қилиш.

4 май куни Европа комиссияси коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарувчиларга қўллов кўрсатиш учун пул йиғиш мақсадида донорлар видеоконференциясини ўтказади.

XS
SM
MD
LG