Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:29

Дональд Трамп АҚШ тарихида биринчи марта Конгресс фаолиятини тўхтатиши мумкин


Трампгача Конгресс фаолиятини тўхтатиш ҳуқуқидан бирорта президент фойдаланмаган.
Трампгача Конгресс фаолиятини тўхтатиш ҳуқуқидан бирорта президент фойдаланмаган.

АҚШ президенти Дональд Трамп олий давлат лавозимларига тавсия қилган номзодлари ҳалигача лавозимларга тасдиқланмагани ортидан Конгресс фаолиятини тўхтатиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Трамп ўзи тавсия қилган номзодлар, жумладан, Америка овози ва Озод Европа-Озодлик радиолари фаолиятини бошқарувчи федерал агентлик раҳбарлигига номзод, шу кунгача тасдиқланмаганидан хафсаласи пир бўлганини яширмади. Америка овози ва Озод Европа-Озодлик радиолари АҚШ солиқ тўловчилари ҳисобидан молиялаштирилади.

Трампнинг бу баёноти Оқ Уй Америка овози радиосини танқид қилаётган бир пайтда янгради. Трамп маъмурияти Америка овози радиосини коронавирус пандемияси борасида Хитой пропагандасини тарқатаётганликда айбламоқда.

"Сенат ўз мажбуриятини бажариб, мен тавсия қилган номзодларни тасдиқлаши лозим, акс ҳолда унинг фаолияти расман тўхтатилади ва мен бу оралиқда номзодларни лавозимларга тасдиқлаш имкониятига эга бўламан”, - деди Трамп.

АҚШ Конституциясида президент Конгресс мажлисларида танаффус эълон қилиш ҳуқуқига эга. Мазкур танаффус даврида президент ўзи истаган номзодни лавозимга тасдиқлай олади. Айни пайтда эса Сенат кўпчилик овоз билдан президент тавсия қилган номзодларни тасдиқлаши шарт. Сенатдаги кўпчиликни бугунги кунда Трампнинг партиядошлари-республикачилар ташкил қилади.

Шу кунгача АҚШнинг бирорта президенти Конгресс мажлисларида танаффус эълон қилиш ҳуқуқидан фойдаланмаган.

Дональд Трамп ўз баёнотида Сенат ҳужжатли фильмлар режиссёри Майкл Пэкни Глобал медиа бўйича АҚШ агентлиги раҳбари лавозимга тасдиқлашни чўзиб юборганига алоҳида эътибор қаратди.

“Унинг номзодини кўриб чиқиш жараёни икки йилга чўзилиб кетди. Бу эса бизга Америка овозини бошқаришда тўсқинлик қиляпти. Бу жуда муҳим”,- деди Трамп.

Президент ўз сўзида “Америка овозини эшитиш кўнгил айнита бошлади”, деб таъкидлади.

Америка овози радиоси директори Аманда Беннет Оқ уйдан янграётган танқидларга муносабат билддирар экан, жамоатчилик томонидан молиялаштириладиган мустақил медиа муаммони ҳар томонлама ёритиш ҳуқуқига эга эканини ва бунга қонун олдида жавобгар эканини билдирди.

Хорижга мўлжалланган халқаро медиакорпорациялар, АҚШ қонунчилигига асосан, ўз маҳсулотларини Қўшма Штатлар ҳудудида реклама қилиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга эмас.

XS
SM
MD
LG