Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:39

Прокуратура: 2 млн. аҳоли 11 мингдан ортиқ томорқага бириктирилди (ВИДЕО)


Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов, 19 апрель, 2020
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов, 19 апрель, 2020

Бош прокуратура доимий деҳқон бозорлари бўлмаган 15 тумандаги 2 миллионга яқин аҳоли 11 минг 200 дан ортиқ томорқага бириктирилганини маълум қилди.

Расмий маълумотга кўра, бу туманлардаги савдо дўконлари минимаркетга айлантирилган.

Томорқалардан ташқари, 100дан ортиқ озиқ-овқат ва зарур эҳтиёж буюмларини ишлаб чиқарувчи корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари бу аҳолини кундалик эҳтиёж моллари билан таъминлаши лозим.

АОКА ҳузуридаги штабда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда нархларни асоссиз ошириш, ажиотажга сабаб бўлувчи 1 минг 95 та ҳолат ва жами 2,33 млрд сўмлик маҳсулотни қиммат сотиш аниқлангани айтилди.

"Хусусан, ҳуқуқбузарликларнинг 313 таси картошкани, 5 таси сабзи, 49 таси пиёз, 27 таси ун, 42 таси ёғ, 34 таси гўшт ва 364 таси бошқа маҳсулотларни қиммат сотиш билан боғлиқ ҳолатлар бўлиб, ҳар бир ҳуқуқбузарга нисбатан қатъий чоралар кўрилди", деди Очилов.

Айтилишича, қарийб 2 млн. аҳоли доимий фаолият юритувчи деҳқон бозори мавжуд бўлмаган 15 та туманда яшайди.

Бу туманлардаги савдо дўконлари 27 турдаги зарур маҳсулотларни сотадиган минимаркетларга айлантирилган ҳамда ишлаб чиқарувчиларга бириктирилган.

Бу дўконларни маҳсулот билан таъминлайдиганлар орасида 11 минг 200 дан ортиқ томорқа ҳам бор.

"Департамент ташаббуси билан ушбу туманлардаги 489 та дўконга 136 та ишлаб чиқарувчи, 1319 та фермер ва деҳқон хўжалиги ҳамда 11208 та томорқа ер эгалари бириктирилиб, 14-18 апрел кунлари жами таклиф этилган 27 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлардан 1599 тонна сотилди", деб маълум қилди прокуратура расмийси.

Шунингдек брифингда маълум қилинишича, давлат ресурсидан ажратиладиган ун ҳажмини биржа савдоларисиз арзон нархда истеъмолчиларга етказиб беришга киришилган.

"Департамент органлари томонидан ун маҳсулотларини дон корхоналаридан тўғридан-тўғри харид қилувчилар рўйхатига:

— амалда ишламаётган савдо нуқталари,
— макарон ишлаб чиқарувчилар,
— новвойхоналар,
— биржада нархларни манипуляция қилган субъектларни киритилмаслик бўйича барча чоралар кўрилади",
деб маълум қилди Очилов.

Шунингдек, прокуратура вакили картошкага талабнинг кескин ошгани ҳисобга олиниб, импорт қилинган картошканинг "биринчи қўл" тамойили асосида марказлашган тарзда, манзилли равишда аҳолига етказиб бериш механизми йўлга қўйилганини айтди:

"Бозорда муайян маҳсулотнинг нархи ошиш эҳтимоли пайдо бўлиши билан ўша маҳсулот миқдорини кўпайтириш орқали интервенция қилиш мақсадида:

15 март-17 апрель кунлари республика бўйича 16 000 тн картошка, 5 200 тн пиёз, 3 700 тн сабзи, 400 тн карам, 460 тн товуқ гўшти, 1150 тн гўшт, 8,3 млн дона тухум, 1 350 тн гуруч, 540 тн шакар ва 120 тн олма ишлаб чиқарувчилар нархида интервенция қилинди".

Бошқа тафсилотлар қуйидаги видеолавҳада:​

Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари 16 апрель куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга томорқадан унумли фойдалана олмаганларни жаримага тортиш тўғрисида ўзгартиш киритиш масаласини муҳокама қилди.

Парламент матбуот хизматининг билдиришича, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳа билан ушбу кодексни янги 651-модда билан тўлдириш таклиф қилиняпти. Унга мувофиқ, томорқа ерлардан унумли фойдаланмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида томорқага экин экмаган фуқаролар аввал огоҳлантирилиши, кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жаримага тортилиши белгиланган.

Агар мазкур ҳолат маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, жарима миқдори уч баравардан беш бараваргача оширилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида томорқаларга экин экилишини ва ундан йилига 2-3 марта ҳосил олинишини қатъий назоратга олиш тўғрисида кўрсатма берган эди.

Йиғилишда президент томорқасига экин экмаганларни "юртга хиёнат қилганлар" деб атаган.

19 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда камида 1495 кишида вирус аниқланди, 194 бемор соғайди, 5 бемор вафот этди.

Тошкентда 20 ўқувчи вирус юқтириб олгани айтилди.

Ўзбекистонда карантин 10 майгача узайтирилди, Қозоғистонда вирус юқтирганлар 1591, Қирғизистонда 506 кишига етди, Туркманистонда футбол матчлари бекор қилинмади.

Вирус юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 2 миллион 334 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 160 мингдан зиёд, тузалганлар 600 минг атрофида.

XS
SM
MD
LG