Линклар

Шошилинч хабар
27 октябр 2020, Тошкент вақти: 17:34

Ғафур Раҳимов АҚШ судида ютқазди. У "жиноий гуруҳ етакчиларига қарши санкциялар рўйхати"да қолдирилди


Суд ажримида айтилишича, Ғафур Раҳимов ўзининг жиноят олами билан алоқаси йўқлигини исботлай олмаган.

АҚШ суди ўзбекистонлик тадбиркор, Халқаро бокс уюшмаси – AIBA собиқ президенти Ғафур Раҳимовни уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши санкциялар рўйхатидан чиқармади. Бу ҳақда 21 апрель куни бир қатор ахборот агентликлари ва газеталар хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, Ғафур Раҳимов АҚШнинг қора рўйхатига ноқонуний киритилганини ва ўзини бу рўйхатдан чиқаришни илтимос қилиб ариза киритган. Аммо Колумбия округ суди Ғафур Раҳимовнинг бу аризасини қаноатлантирмади.

“Суд даъвогарнинг санкциялар рўйхатига киритилгани асосли бўлган, деб ҳисоблайди ва бу масалага қайтиш учун процессуал муаммолар айни пайтда мавжуд эмас. Яширинча тасвирга туширилган видео суд томонидан кўриб чиқилди. Бу видеода Раҳимовнинг жиноят олами авторитетлари билан алоқаси тўғрисида қўшимча далил-исботлар мавжуд”, дейилади судья Жеймс Босберг чиқарган ажримда.

Суд ажримида айтилишича, Ғафур Раҳимов ўзининг жиноят олами билан алоқаси йўқлигини ва судга тақдим этилган видеоёзув нотўғри эканини асословчи далилларни тақдим эта олмаган.

Раҳимов АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига илк бор 2012 йилнинг 23 февраль куни "Евроосиëдаги жиноий синдикат" етакчиларидан бири сифатида киритилган эди.

"Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда"¸ деб ëзилган АҚШ Молия вазирлиги ўз расмий сайтида 2013 йил 30 октябрида эълон қилган ҳужжат матнида.

Айни шу санада АҚШ Молия вазирлиги Ғафур Раҳимовга алоқадор деб кўрилган яна олти шахс ва тўрт ширкатга нисбатан жазо чоралари жорий қилган эди.

Бу рўйхатга номлари киритилган шахс ва ширкатларнинг АҚШ банкларидаги ҳисобларини музлатилган ва АҚШ фуқароларининг улар билан ҳар қандай ҳамкорлиги тақиқланган.

Ғафур Раҳимов АҚШ қора рўйхатига киритилгани муносабати билан 2019 йилнинг 22 март куни AIBA президенти лавозимидан истеъфо беришга мажбур бўлган эди. Ғофур Раҳимов Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти лавозимига 2018 йил ноябр ойида ташкилотнинг Москвада бўлган йиғинида сайланган эди.

Халқаро Олимпия қўмитаси ўшанда Раҳимовга ўз номзодини олишни тавсия қилган, акс ҳолда Олимпиада дастуридан бокс чиқариб юборилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG