Линклар

Шошилинч хабар
29 май 2020, Тошкент вақти: 00:47

Хитойда коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланди. Харбин шаҳрига кириш-чиқиш ёпилди


Харбин шаҳри Хитойда коронавируснинг иккинчи тўлқини марказига айланди.

Хитойда COVID-19 оқибатида Харбин шаҳрига бошқа шаҳарлардан келган одамларнинг кириши тақиқланди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Бундан ташқари Харбинда яшовчи аҳоли кўчага чиқиш учун коронавирус юқтирмагани тўғрисидаги QR-кодга эга бўлиши лозим. Кўчада ниқоб кийиб юриш мажбурийдир.

Агентликларнинг ёзишича, 10 миллион аҳоли яшайдиган Харбин шаҳри Хитойда коронавируснинг иккинчи тўлқини марказига айланди. Хитой ҳукумати апрель ойининг бошларида Уханда коронавирусни енгишга муваффақ бўлинганини билдириб, шаҳарга кириш-чиқиш йўлларини очганди.

Бугунги кунгача Хитойда 83 минг одам коронавирусга чалинди, 4600дан ортиқ бемор ўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пандемияси якунланишига ҳали узоқ вақт кераклигини билдирди. Ташкилот бош директори Тедрос Гебреисуснинг айтишича, Ғарбий Европада коронавирус вазияти яхшиланаётган бир пайтда, Африка, Марказий ва Жанубий Америкада, шунингдек, Шарқий Европада коронавирус авжига чиқаётгани кузатилмоқда.

“Вирус таҳдиди ҳалигача кучли бўлиб қолмоқда. Касалликнинг янги тўлқини исталган пайтда бошланиши мумкин”, деб билдирди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари.

23 апрель тонгида берилган маълумотларда қайд этилиишча, шу кунгача дунёда 2 миллион 600 мингдан кўпроқ одам коронавирусга чалинган. Беморлардан 183 минг нафари вафот этган.

Коронавирус юқтирганлар сони бўйича АҚШ жаҳонда биринчиликни эгаллаб турибди. Бу ерда 842 мингдан кўпроқ одамга вирус юққан. Деярли 45 мингга яқин одам ўлган.

Бир неча кун олдин Миссури штати бош прокурори Эрик Шмитт АҚШ номидан судга Хитойга қарши даъво аризаси киритгани хабар қилинган эди.

Бош прокурор Пекинни янги коронавирус тўғрисидаги маълумотни яширганликда, бунинг ортидан ўз штати аҳолисига зарар келтирганликда айбламоқда.

Даъво аризасида олдини олиш мумкин бўлган пандемиянинг юзага келишида айнан Хитой айбдор экани урғуланади.

Аввалроқ президент Дональд Трамп коронавирус инфекцияси тарқалишида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “бошқарувда муваффақиятсизликлар”га йўл қўйганини айтиб, АҚШ ташкилотни молиялаштиришни вақтинча тўхтатишини билдирганди. Трампга кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойга ортиқча ишониб кетиб, пандемияни аввал-бошдаёқ тўхтатиб қолиш имкониятини қўлдан бой берган. Кейинроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу иддаоларни рад этган.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG