Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2020, Тошкент вақти: 18:45

Италия коронавирусга иммунитет ҳосил қилиш мақсадида аксилтанача тестларини ўтказа бошлади


Иммунитети бор деб ҳисобланаётган кишиларда яна вирусни юқтириб олиши ва бошқаларга ҳам юқтириши хавфи сақланиб қолавериши эҳтимол.

Италия ўтган ҳафтада мамлакат шимолидаги Ломбардия вилоятида аксилтанача тестларини ўтказишни бошлади. Бундан мақсад коронавирусга қарши иммунитет ҳосил қилишга оид зарур маълумотларни олиш ҳамда анчадан бери коронавирус туфайли карантинда қолган мамлакатни қайта очишда ҳокимият идораларига йўл-йўриқ кўрсатишдир.

Экспертлар ҳисоб-китобича, вирус аста-секин йўқ бўлиб кетиши учун аҳолининг 60-70 фоизида унга нисбатан иммунитет ҳосил бўлиши керак.

Бундан ташқари, коронавирусга иммунитет қанча вақт давом этиши номаълум. Иммунитети бор деб ҳисобланаётган кишиларда яна вирусни юқтириб олиши ва бошқаларга ҳам юқтириши хавфи сақланиб қолавериши эҳтимол.

Европадаги коронавирус кенг тарқалган мамлакат – Италиянинг Ломбардия вилояти ушбу инқироздан энг кўп зарар кўрган эди. Бу ерда қон таҳлили асосида “пода иммунитети” ни (юқумли касалликдан билвосита ҳимоя воситаси. Аҳоли вакцинация (эмлаш) ёҳуд аввалги инфекция натижасида эга бўлган иммунитетга эга бўлган ҳолатда пайдо бўлади - муҳаррир) ҳосил қилиш саноати ривожланган минтақа аҳолисининг ишга тез ва хавфсиз қайтишига ёрдам беради.

Аҳоли зич жойлашган Ломбардияда 13 мингга яқин киши коронавирусдан вафот этди. Коронавирусдан ўлган италияликларнинг ярмидан кўпи Ломбардия вилояти маркази Миландан эди.

Гарчи Германияда мамлакат бўйлаб аксилтаначалар синови бошланган, Финляндия ва Британия бундай синовларни ўтказажагини эълон қилган бўлса-да, синовлардан олинган маълумотлар қанчалик ишончли бўлишига оид кўплаб саволлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Соғлиқни сақлаш идоралари Ломбардияда ҳар куни 20 мингта тест ўтказилишини хабар қилди. Аввало коронавирусдан энг кўп зарар кўрган вилоятлардаги тиббиёт ходимлари, карантин вақтида коронавирус аломатлари кўзга ташланаётган ҳамда улар билан мулоқот қилган, шунингдек, касалликнинг енгил аломатлари бўлган кишилар тестдан ўтади.

Ҳокимият идоралари 29 апрелдан сўнг тестни кенгроқ миқёсда ўтказишга умид қилмоқда.

Италия Миллий соғлиқни сақлаш кенгаши бошлиғи Франко Локателли ўтган ойда аксилтаначалар тести ҳокимиятга коронавируснинг тарқалишини аниқлашда ёрдам беришини айтган эди.

Маълумотлардан яна “пода иммунитети” ҳақидаги долзарб ахборот” олиш мумкин, у мамлакат ҳаётини қайта ишга туширишга, масалан, кимга ишга чиқишига рухсат этилишини аниқлашга ёрдам берадиган стратегияларни ишлаб чиқишда фойдали бўлиши мумкин, деди у.

Хатарлар сақланиб қолмоқда

Италиянинг DiaSorin биотехнология фирмаси тайёрлаётган тўпламлар қонда аксилтаначалар мавжудлигини қидиради. Бундай аксилтаначалар одамга вирус таъсир кўрсатган ёки кўрсатмаганини ва унинг танасида иммунитет қай даражада эканини аниқлаб беради.

Улар айни пайтда кенг тарқалган ва одам танасида вирус бор-йўқлигини аниқлаш учун бурун секрецияларидаги молекулалар текшириладиган суртма тестларидан фарқ қилади.

Ломбардиядаги суртма тестларидан ўтказилганларнинг 24 фоизида вирус борлиги аниқланди.

Вирусга иммунитет мавжудлиги кам ўрганилган ва унинг самарадорлигига умид қилиш бўрттирилган кўринади. Вирусологлар ва эпидемиологлар башорат қилиш учун 2002-2003 йилларда тарқалган SARS – атипик зотилжам сингари олдинги коронавируслар вақтида тўпланган маълумотлардан фойдаланиши керак бўлади.

Экспертлар ҳисоб-китобича, вирус аста-секин йўқ бўлиб кетиши учун аҳолининг 60-70 фоизида унга нисбатан иммунитет ҳосил бўлиши керак. Бироқ Франциянинг Пастер номидаги институти март ва апрелда ўтказгани сингари сўнгги тадқиқотлар “пода иммунитети”ни орттириш тахмин қилинганидан кўра қийин эканини кўрсатди.

Франциянинг коронавирус биринчилардан бўлиб тарқалган жойларидан бири – Уаза департаментидаги ўрта мактабда тадқиқотчилар ўқувчилар, ўқитувчилар ва оилаларининг 26 фоизида аксилтаначалар мавжудлигини аниқлади.

Бундан ташқари, коронавирусга иммунитет қанча вақт давом этиши номаълум, бунинг маъноси шуки, иммунитети бор деб ҳисобланаётган кишиларда яна вирусни юқтириб олиши ва бошқаларга ҳам юқтириши хавфи сақланиб қолаверади.

“Кафолат йўқ”

‒ Ушбу аксилтаначалар янги инфекциядан ҳимоя қилишига кафолат йўқ. Биз бунга фақат айни лаҳзаларда умид қилишимиз мумкин. Буни келажакда билиб оламиз, ‒ деди Бергамо жарроҳлик ва стоматология уюшмаси президенти Гвидо Маринони Франс-Пресс агентлигига пайшанбада.

Коронавирус энг кўр зарар етказган Бергамо вилоятидаги маҳаллий тест ўтказиш ишларини ташкил қилган ва унинг натижаларини ўрганаётган Маринони огоҳлантиришича, аксилтаначалар йўқлиги касаллик ҳали бошланғич босқичларда эканини ва аксилтаначалар ҳали пайдо бўлмаганини англатади.

Ундан ҳам хавфлироқ жиҳати шуки, танасида аксилтаначалар пайдо бўлган кишида ҳали ҳам вирус бўлиши ва бошқаларга уни юқтириши мумкин. Шунинг учун италиялик Локателли сингари экспертлар аксилтаначаларни аниқлаш бўйича тестлар суртма тестлари билан кўшиб олиб борилиши кераклигини айтмоқда.

Франциянинг коронавирусга қарши кураш бўйича илмий кенгаши раҳбари, иммунолог Жан-Франсуа Делфраисси кўплаб шубҳалар солаётганини маълум қилди.

− Айни пайтда COVID-19 билан оғриб тузалган кишилар... биз ўйлаганчалик ҳимояланганми, деган саволни ўртага ташлаяпмиз, − деди у.

Олимлар ишончлироқ маълумотлар пайдо бўлгунча кутиб туриши керак, деди Йейл Глобал саломатлик институти директори Саъд Умар.

− Ҳали жуда эрта, − деди Умар. – Биз икки ойдан сўнг аксилтаначаларни аниқлаш учун сезгирлиги ва ўзига хослиги бўлган ишончли тестлар ўтказилгач, аниқроқ маълумотларни олишимиз керак.

OzodLive

XS
SM
MD
LG