Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2020, Тошкент вақти: 22:19

Қозоғистон мулозими: Ўзбекистон сув тўхтаганига ишонтирганди, лекин катта оқим келишда давом этди


Махтаарал туманидаги сув босган ҳудуд. 2 май, 2020

Туркистон вилояти ҳокимининг ўринбосари Сакен Калкаманов ва вилоят ФВ бошқармаси раҳбари Нурғали Жунусовлар, Facebook’даги жонли эфирда, Ўзбекистонни сув тошқини бўйича нотўғри маълумот беришда айблади.

2 май кунги жонли ёйинда айтилишича, Ўзбекистон томони сув оқими тўхтатилгани ҳақида вилоят расмийларига маълумот йўллаган, лекин Махтаарал туманига катта тезликдаги сув оқими келишда давом этган:​

"... Сув Ўзбекистон томондан келиб ётибди, кучли оқим келмоқда (2 май, Тошкент вақти билан соат 18:00). Ҳозир Махтаарал туманига қарашли 4 та овулни сув босиш хавфи бор. Сув айрим овулларни ичига кирган, уйларнинг пойдеворларини 20 сантиметргача босган", деди жумладан Сакен Калкаманов.

Шунингдек, ушбу ёйинда Туркистон вилояти ФВ бошқармаси раҳбари Нурғали Жунусов Ўзбекистон томони берган маълумотни асл вазиятга зид бўлиб чиққанини айтди:

"Ўзбекистондан бир томчи сув ҳам Махтаарал туманига чиқмаётганини, тошган сув сатҳи 45 сантиметргача тушганини ишонч билан айтганди. Лекин, мен шахсан у ерга борганимда кўрдимки, сув оқими камаймаган ва катта шовқин билан оқаётган эди. Яхшиямки, одамларни эвакуация қилишга муваффақиятли улгурдик, қурбонлар бўлмади".

Калкаманов Ўзбекистон томони йўллаган хабарлар сақланиб тургани ва ўша хабарларга ишонилгани учун, вилоятда аҳолини эвакуация қилиш ишлари кечикканини қўшимча қилган.​

Расмийларга кўра, 3 майга келиб, Махтаарал туманидаги 5 аҳоли пунктини сув босган, жами 10 мингга яқин одам эвакуация қилинган, жабрланганлар йўқ.

Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, етказилган зарар кўлами 404 миллион тенгега (тахминан 950 минг АҚШ доллари) тенг.

Ўзбекистоннинг Сардоба сув омборида юзага келган тошқин сабаб қўшни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Махтаарал туманидан, дастлаб 4 та қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинди.

Туркистон вилояти расмийларига кўра, Сардоба омборидаги сув тошқини оқибатида ўзбек-қозоқ чегарасидаги коллекторларда ҳам сув тошиши юзага келган ва Махтаарал туманидаги аҳоли пунктларини сув босган.

Маҳаллий ҳукумат 2 май куни тунда техноген характердаги фавқулодда ҳолат эълон қилди.​

Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборининг тўғони 1 май куни эрталаб соат 5:55да ўпирилиши оқибатида яқин-атрофдаги аҳоли уйларини сув босди.

Расмийлар омбордан сув чиқиши 1 май соат тахминан 17:00га келиб тўхтаганини хабар қилди.​

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктидан 70 мингга яқин киши эвакуация қилинди.​

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Сардобадаги тошқин оқибатида 17300 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган, улардан 56 нафари шифохонага жойлаштирилган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG