Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:08

OzodTahlilchi: Сардоба сув омбори “чап” лойиҳалар сирасиданми?


Президент Сирдарёда уйсиз қолганлар билан суҳбатлашмоқда.
Президент Сирдарёда уйсиз қолганлар билан суҳбатлашмоқда.

Мен олдинроқ мамлакатимизда журналистлик суриштируви деярли йўқлигини, маҳаллий матбуот, асосан, расмий хабарларни чоп қилишини ёзган эдим. Гарчи журналист бўлмасам-да, ушбу бўшлиқни, бир оз бўлса-да, тўлдиришга ҳаракат қилдим.

Аввало, мени у қанақа сув омбори экани ва у ҳақда нималар маълумлиги ҳақидаги савол қизиқтириб қолди.

Тўғон суви уриб кетишидан олдин Сирдарё вилоятининг бир неча тумани аҳолисидан бошқа деярли ҳеч ким унинг борлигини билмас эди. Тан олиш керак, ушбу сув омбори ҳақида интернетдан бирор нарса топиш амри маҳол. Барча маълумотлар – фақат тўғон суви уриб кетгани ҳақида. Сув омбори ва унинг қурилиши ҳақидаги маълумотлар йўқ ҳисоби.

Дастлаб уни топиш мен учун жумбоққа айланди. Фақат матбуотда сув босиб кетгани ортидан номи айтилган аҳоли пунктларидан ва Google Map дастурининг сунъий йўлдош версиясидан фойдаланиб (унинг оддий форматида сув омбори харитада умуман кўринмайди), манзарани тиклаш мумкин бўлди. Хаританинг сув омбори жойлашган ер кўрсатилган скриншотини илова қиляпман.

Яна шуни айтишим керакки, ҳукуматнинг сум омбори қурилишига оид қарорини топа олмадим, фақат 2008 йилда эълон қилинган битта ҳужжат бундан мустасно (!) (“Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилги инвестиция дастури тўғрисида”, 2008 йил 2 октябрь, ПҚ–969-сон), унинг иловасида Сардоба сув омбори қурилишига 700 миллион сўм ажратилиши айтилган экан. Ушбу пул миқдори қаттиқ валютага айлантирилса, 400 – 470 минг доллар бўлади (расмий ёки норасмий алмашув курсларининг 2009 йил ҳолатига қараб).

Ушбу кулгили пул миқдорига 922 миллион куб метрлик сиғимга эга сув омборининг айланасига ўта мустаҳкам ва тўлақонли кўтарма қуриш мумкинми, деб ўзимга-ўзим савол беряпман.

Ажабо, пул 2008 йилда ажратилган, расмий матбуотга кўра эса, қурилиш 2010 йилда бошланган. Балки 2009 йил мобайнида лойиҳалаш ишлари бажарилгандир. Бироқ ушбу лойиҳа – уни маҳаллий матбуот “аср лойиҳаси” деб атаётганига қарамай – қаерда кўриб чиқилгани ва тасдиқлангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Яна бир эътиборли жиҳат шуки, зикр этилган ҳужжатга асосан, сув омбори қурилиши учун Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги масъул бўлган. Маълумки, ўша вақтда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасини бош вазир Шавкат Мирзиёев назорат қилган, у бош вазирликка 2003 йили тайинланган эди. Шунинг учун маҳаллий матбуот Мирзиёевни Сардоба сув омбори қурилиши ташаббускори ва куратори деб атаганда, нотўғри гапирмаган эди.

Хўш, у қандай кураторлик қилган?

Юқорида қайд этганимдай, қурилишга ажратилган пул унча кўп бўлмаган ва табиийки, уни амалга оширишга етмаган. Шу сабабли бўлса керак, сув омбори қурилиши аччиқ ичакдай чўзилиб кетган.

Фақат Мирзиёев президент бўлгандан сўнг қурилиш лойиҳаси қайта жонланди. Лекин “жонланди” дейиш баландпарвоз гапдай туюлади. “Жонлантириш” учун пул керак бўлади. Очиқ манбаларда янги сармоялар ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.

Мен Lex.uz билан Norma.uz ҳуқуқий маълумотлар базаларини қараб чиқдим ва у ердан зикр этилган 2009 йилги ҳужжатдан бошқа бирор нарса топа олмадим.

Сув омборига тегишли ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжат йўқ, аммо у фақат ҳукуматни кўкларга кўтариб мақташ учунгина мавжуд бўлгандай таассурот қолдиради.

Яна бир ажабланарли жиҳати шуки, бутун Марказий Осиёнинг сув-хўжалик объектлари ва ресурслари бўйича улкан маълумотлар базаси бўлган CAWater-info.net ахборот порталидаги Ўзбекистон сув омборлари маълумотлар базасида ҳам ушбу ҳавза кўрсатилмаган.

Бироқ бюджет маблағлари йўқлиги Шавкат Мирзиёевга ўхшаш расмий шахсларни ҳеч қачон ташвишга солмаган. Ўзбекистонда улар йўқлигига қарамай, натижага эришадиган ва юқорига бу ҳақда рапорт берадиган бутун бошли “мўъжизакор” раҳбарлар “каҳкашони” (айниқса, ҳокимлар орасида) етишиб чиқди.

Масалан, Мирзиёев Самарқанд ҳокими бўлган кезлар бюджетда пул йўқ бўлса-да, Бибихоним меъморчилик мажмуасини тиклаш учун маблағ топа билган эди. Эришилган натижа реставрация илми талабларига қанчалик жавоб бергани алоҳида муҳокамани талаб этадиган масаладир. Муҳими, Ислом Абдуҳаниевич мамнун бўлгани ва “мўъжизакор” ҳокимнинг эътиборга тушгани бўлди.

Аммо бундай “мўъжизакорлик” сири нимада эди?

Жавоби оддий. Маблағ маҳаллий тадбиркорлардан чирқиллатиб тортиб олинади. Бу – тадбиркорларга солинадиган қўшимча, норасмий солиқ. Мажбурий хайрия қилиш амалиёти Каримов даврида оддий ҳолга айланган ва айни дамда ҳам шундайлигича қолмоқда. Ҳозирги президент атрофига айнан шундай “мўъжизакор” раҳбарларни йиғишга интилмоқда. Улар қиладиган асосий иш маҳаллий тадбиркорларни қақшатиб пулини олиш, сув омбори, ГЭС ёки Ташкент Сити қурилиб битказилгани ҳақида ўз вақтида ҳисобот беришдир. Ушбу мақсадларга эришиш усулларига эса унчалик аҳамият берилмайди.

Сув омборига қайтсак. Маҳаллий матбуот ёзишича, объект 2017 йили фойдаланишга топширилган. Энди бунга ниманинг эвазига эришилгани ва президент мулозимлари билан моторли қайиқда ҳавза бўйлаб сайр қилгани неча пулга тушгани ҳақида тахминий тасаввуримиз бор.

Бироқ энди сизу биз гувоҳ бўлиб турган натижани – синчков экспертлар ёки журналистлар бунақа объектлар қанақа “чап” усуллар билан тикланаётганига эътибор қилганида – ўша вақтдаёқ башорат қилиш ва тўполон кўтариш мумкин эди. Афсуски, ҳеч ким чурқ этмади.

Энди-чи? Президент дарҳол вилоятга бориб, одамлар билан учрашиб, кўрсатмалар бериб ҳамда саховат ва кўмаклашишга ваъдалар қилиб, халқ билан бирдам эканини кўрсатишга ҳаракат қиляпти.

Шунинг баробарида у ниқобсиз юрибди (ўзича вирусдан қўрқмайдиган супермен), атрофига оломонни йиғяпти. Лекин ҳеч ким ижтимоий масофаланиш талабларига риоя қилаётгани йўқ. Албатта, халқ билан бирдамлик лаҳзаларида коронавирусни эсдан чиқарса ҳам бўлади.

Лекин шу ўринда сув омбори лойиҳасига Сардоба ГЭС қурилишидай яна бир лойиҳа илова қилинаётганини ҳам эслатиб ўтмоқчиман. Уч ой олдин – 29 январда Вазирлар Маҳкамаси “Сардоба сув омбори ёнида кичик ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилган эди. Аммо рўй берган воқеадан сўнг ушбу лойиҳа тўхтатиб турилармикан? Қандай қилиб мустаҳкам эканига ишонч қолмаган сув омбори ёнида ГЭС қуриш мумкин?

Даставвал кичик ГЭС қурилишини 23 миллион долларга Хитой компанияси қуриши ҳақида хабар берилган эди. Лекин орадан кўп ўтмай, Россиянинг “Силовые машины – ЗТЛ, ЛМЗ, Электросила, Энергомашэкспорт” компанияси бош пудратчи бўлиши ва у билан 19,2 миллион евролик шартнома тузилгани эълон қилинди. Бош пудратчи алмашувига нима сабаб бўлгани айтилмаяпти – бунақа масалалар Ўзбекистонда ёпиқ эшиклар ортида ҳал қилинади. Айни ҳол бунақа инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида шаффофлик йўқлигини кўрсатади.

Дарҳақиқат, на сув омбори қурилиши ва на ГЭС қурилишида очиқ ва шаффоф тендерлар ўтказилган. Бунақа тендерлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган бошқа лойиҳалар бўйича ҳам ўтказилмайди. Бунинг маъноси шуки, ҳокимият бюджет маблағларини ажратишда ва шартнома тузувчиларни танлашда манфаатлар зиддиятини яширишга уринади. Ҳар ҳолда мен бунга бошқа изоҳ топа олмадим.

Шундай қилиб, Сардоба сув омбори билан боғлиқ воқеа Ўзбекистонда бошқарув тизими ва ресурслар тақсимотида катта камчиликлар борлигини очиб ташламоқда. “Чап” лойиҳалар амалиёти ва шу билан боғлиқ маҳаллий корхоналар ва аҳоли маблағларини тортиб олиш ҳолатлари авж олмоқда, очиқ тендерлар бўлмаган пайтда шартномалар манфаатлар зиддияти бор пудратчиларга тегмоқда. Дарвоқе, Ўзбекистон қонунчилигига манфаатлар зиддияти ҳақидаги бандлар ҳали киритилмаган.

Бошқарувнинг бунақа усуллари билан Ўзбекистон узоққа бора олармикан?

Алишер Илҳомов, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси.

***

OzodTahlilchi - Озодликнинг янги рукни. Унда турли соҳа мутахассислари, экспертлар, публицист, журналист ва блогерларнинг Озодлик ўқувчилари учун ёзган таҳлилий мақолалари эълон қилиб борилади.

OzodTahlilchiда, шунингдек, Озодлик форматида бўлмаган луқмалар, шарҳлар, чизгиларга, бир сўз билан айтганда, муаллифларнинг кундалик воқеа-ҳодисаларга муносабатлари акс этган матнларга ўрин берилади.

OzodTahlilchiда эълон қилинадиган материал муаллифи қарашлари Озодлик қарашлари ифодаси сифатида қабул қилинмаслиги керак.

XS
SM
MD
LG