Линклар

Шошилинч хабар
07 июл 2022, Тошкент вақти: 15:48

Халқаро хабарлар

Марказий Осиё мамлакатлари Хитойга етказиб бериладиган газ миқдорини камайтиришни муҳокама қилмоқдалар

Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон газчилари коронавирус пандемияси ортидан талаб пасайгани туфайли Хитойга табиий газ етказиб беришни қисқартириш масаласини муҳокама қилмоқдалар. Бу ҳақда “Ўзбекнефтегаз” ширкати бош директори Меҳриддин Абдуллаев S&P Global Platts ахборот агентлигига билдирган.

“Хитой газ етказиб беришни қисқартиришни сўради, бироқ етказиб бериладиган газ ҳажми Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида пропорционал даражада қисқартирилишини қайд этди”, дея иқтибос келтиради агентлик М. Абдуллаев сўзларидан.

“Ўзбекнефтегаз” раҳбарига кўра, Хитойга газ етказувчи уч мамлакатнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши етказиб бериладиган аниқ газ ҳажмини муҳокама қилмоқда, бироқ якуний қарор ҳали қабул қилинганича йўқ.

Хитойнинг табиий газга бўлган талаби бу йил коронавирус ёйилиши қабатида пасайди. ХХРнинг PetroChina ширкати форс-мажор эълон қилганидан кейин март ойида Қозоғистон Хитойга экспорт қилинадиган газ миқдорини 20−25 фоизга қисқартиришини билдирган.

Хитойга табиий газ Марказий Осиё мамлакатларидан “Туркманистон−Қозоғистон−Ўзбекистон−Хитой” газ қувури орқали етказиб берилади. Мазкур қувур йилига 55 миллиард куб метр газ етказиб бериш имкониятига эга.

“Ўзбекнефтегаз” маълумотига кўра, Ўзбекистон Хитойга йилига 10 млрд куб метрга яқин газ етказиб беради. Хитой божхона хизмати маълумотларига мувофиқ, 2019 йили Қозоғистон бу мамлакатга 7,1 млрд куб метр, Туркманистон эса 33,2 млрд куб метр газ етказиб берган.

Кун янгиликлари

Британия матбуоти Бош вазир Борис Жонсон истеъфо берганини ёзмоқда

Жонсон янги Бош вазир сайлангунига қадар бу лавозимда қолиш шарти билан истеъфога чиқишга рози бўлган.

Британия Бош вазири Борис Жонсон 7 июль куни истеъфо берганини эълон қилади. Бу ҳақда Британиянинг ITV ва Би-би-си каналлари, Mirror ва Sun газеталари хабар берди. Би-би-сининг билдиришича, Жонсон кун ўртасида мурожаат билан чиқиши кутилмоқда.

6 июль куни ҳукумат аъзолари Бош вазир билан ишлашдан бош тортган эди. Ҳукумат аъзоларидан 50 нафари ва юқори лавозимли амалдорлардан 7 нафари истеъфо берган. 7 июль куни икки кун олдин лавозимга тайинланган маориф вазири Мишель Доунлан ҳам истеъфо берди.

Хабарларда айтилишича, Жонсон янги Бош вазир сайлангунига қадар бу лавозимда қолиш шарти билан истеъфога чиқишга рози бўлган.

YouGov ўтказган ижтимоий сўровда қайд этилишича, британияликларнинг 60 фоизи ҳукумат, 71 фоизи эса Жонсон фаолиятидан қониқмаяпти. Жонсон мансуб бўлган Консерваторлар партиясидаги кўпчилик ҳам уни истеъфога чиқишга ундаган.

Ҳукумат аъзолари ўтган ҳафтада Консерватив партиядан парламент депутати бўлган Крис Пинчер мижозлари асосан консерваторлар бўлган Лондондаги нуфузли “Карлтон” клубида маст аҳволда муштлашгани ва икки эркакка тегажоқлик қилгани ортидан бошланган жанжал оқибатида истеъфо бера бошладилар.

Ҳукумат аъзолари Жонсон “Крис Пинчер эркакларга тегажоқлик қилиши тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган ҳолда уни парламентдаги консерваторлар фракцияси мувоиқлаштирувчисининг ўринбосари лавозимига тайинлагани”дан норозилик билдирганлдар. Бош вазир Пинчернинг ҳатти-ҳаракатлари учун британияликлардан узр сўради.

Аввалроқ Борис Жонсон коронавирус пандемияси пайтидаги чекловларга қарамай кўп кишилик тунги ўтиришлар уюштиргани юзасидан янги тергов ўтказилиши маълум қилинган эди.

Миллиардер Алишер Усмонов Ирина Винер билан ажрашди

Усмонов ва Винер 1992 йилда турмуш қуришган.

Россия терма жамоаси бош тренери Ирина Винер бизнесмен Алишер Усмонов билан ажрашганини тасдиқлади. У “Матч ТВ”га берган интервьюсида ажрашув Фуқаровий ҳолатлари актларини қайд этиш (ЗАГС) бўлимида бўлганини айтди.

Россия қонунларига асосан, умумий фарзандлари бўлмаган шахслар никоҳни бекор қилиш учун судга мурожаат қилиши шарт эмас. Уларнинг никоҳини ЗАГС органлари ҳам бекор қилиши мумкин.

6 июль куни Новости агентлиги Москванинг Крилатск туман мировой судьяси миллиардер Алишер Усмонов ва бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоаси бош тренери Ирина Винер ўртасидаги никоҳни бекор қилиш бўйича иш тўхтатилганини билдиргани ҳақида хабар берганди. Бунга Алишер Усмонов суддан аризасини қайтариб олгани сабаб қилиб кўрсатилганди.

Усмонов ва Винер 1992 йилда турмуш қуришган. Хабарда таъкидланишича, ажралиш ташаббускори сифатида Усмонов судга ариза берган.

Алишер Усмонов Россиянинг Украинага тажовузи ортидан Россиянинг президент Путинга яқин деб ишонилган бошқа олигархлари қаторида ЕИнинг санкциялар рўйхатига киритилган эди. Шундан кўп ўтмай Усмонов Винер билан ажрашиш тўғрисида судга ариза ёзгани хабар қилинган.
Санкциялар доирасида миллиардернинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланган, Иттифоқ ҳудудидаги активлари эса музлатилган.

8 апрель куни Европа Иттифоқи Кенгаши Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиевани ҳам санкциялар рўйхатига киритганди. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) Саодат Нарзиева Швейцария банкларидаги умумий қиймати 2 млрд доллардан кўпроқ 27 дан ортиқ банк ҳисобларининг ниҳоий бенефициари экани ҳақида ёзган.

68 яшар Алишер Усмонов президент Шавкат Мирзиëевнинг қудаси саналади. Forbes нашрига кўра, унинг бойлиги уруш бошланишидан олдин қарийб 18 миллиард долларга баҳоланган. Россия Украинага бостириб кирганидан икки ой ўтиб айни нашр Усмонов активлари 11,5 миллиард долларга тушгани ҳақида хабар қилди.

Нефтнинг жаҳон баҳоси талабнинг озайиши кутилаётгани оқибатида арзонлади

АҚШда ишлаб чиқарилган нефтнинг бир баррели 98 доллар 53 центга баҳоланди/

Бир баррель нефтнинг жаҳон баҳоси апрелдан бери илк маротаба 100 доллардан арзонлади. Экспертларнинг билдиришича, бунга нефтга бўлган талабнинг озайиши кутилаётгани сабаб бўлди.

Brent маркали нефтнинг бир баррели 6 июля 3 фоизга арзонлади ва 99 доллар 61 центни ташкил қилди. АҚШда ишлаб чиқарилган нефтнинг бир баррели 98 доллар 53 центга баҳоланди. Бир ой аввал бир баррел нефть 120 доллар эди.

Bloomberg агентлигининг хабар беришича, Қўшма Штатлар иттифоқчилар билан Россия нефтининг бир баррели нархини 40-60 доллардан оширмаслик масаласини муҳокама қилишда давом этмоқда. Бундан мақсад Россия нефтини экспорт қилишдан тушадиган даромадни камайтиришдир.

Қатор Ғарб давлатлари Россия нефтини сотиб олишдан воз кечгани ортидан Москва Хитой ва Ҳиндистонга нефть экспорт қилишни кескин кўпайтирди. Билдирилишича, бу икки давлат Россия нефтини жуда арзон нархда сотиб олмоқда.

Украинада 21 мингдан зиёд ҳарбий жиноят тергов қилинади

Украина 21 мингдан зиёд ҳарбий жиноят юзасидан тергов ўтказади. Бу ҳақда Украина бош прокурори Ирина Венедиктова Би-би-сига берган интервьюсида билдирди.

Венедиктовага кўра, прокуратурага муҳтамалан россиялик ҳарбийлар томонидан амалга оширилган ҳарбий жиноятлар тўғрисида ҳар куни 200-300 тадан хабар келиб тушмоқда.

Бундан ташқари, Киев Украина фуқаролари Россияга ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида мунтазам равишда хабар қилиб келяпти. Россия расмийлари тарқатган сўнгги маълумотга кўра, кейинги кунларда Украинанинг шарқий вилоятларидан 24 минг киши эвакуация қилинган, улардан тўрт мингга яқини болалардир.

Эвакуация Донбассдаги ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган республикалар ҳамда Россия Қуролли кучлари назорати остида бўлган ва шу кунда шиддатли жанглар бораётган вилоятларда амалга оширилган.

Россия расмийларига кўра, уруш бошидан бери Украина шарқидан Россияга 371 минг 925 бола дохил 2 миллион 359 минг 135 киши чиқиб кетган.

Россияга эвакуация қилинган қочқинлар катта ёшдаги кишиларнинг ҳаммаси ўтиши лозим бўлган “фильтрацион лагерлар” ҳақида айтишмоқда.

Россия босқини бошланганидан бери 13 миллионга яқин украиналик ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлишган. Улардан 5 миллиони Польша, Венгрия, Словакия, Руминия ва Европанинг бошқа давлатларига чиқиб кетишган. Қолган 8 миллион киши эса Украинанинг хавфсизроқ ҳудудларига кўчиб ўтишган.

Украиналик қочқинларнинг 2 миллионига Европа Иттифоқида Польша мезбонлик қилмоқда. Шунингдек, 780 минг нафар украиналик Германияга, 366 мингдан кўпроғи Чехияга, 145 минги Туркияга, 90 мингдан Руминия ва Молдовага қочган.

Россия қочқинлар қаерга жойлашгани, уларнинг легал мақоми ва уларга берилаётган ёрдам ҳақида аниқ маълумот тақдим этаётгани йўқ.

Табиат сирлари: Кариб денгизида камида 50 дельфин соҳилга ташланиб, ўз жонига қасд қилди

Калта сузгичли дельфинлардан камида 50 таси Кариб денгизидаги Британия Виржин ороллар тизимига мансуб Анегада оролида ўзини соҳилга ташлаб, жонларига қасд қилишди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Узунлиги олти метр, оғирлиги уч тоннагача бўлган бу дельфинларнинг ўз жонига қасд қилишларига нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Ўз жонига қасд қилган сув ҳайвонларини қутқариш бўйича халқаро биология ташкилоти аъзолари айни пайтда бу ҳодисани ўрганмоқда.

Шу кунгача китлар ва дельфинлар соҳилга ўзларини ташлаб ҳалок бўлишлари ҳодисаси фанга номаълумлигича қолмоқда. Олимлар бунга оғир касалликлар, зарарли сув ўсимликларининг гуллаши, кемалар билан тўқнашув, балиқ овлаш тўрларига илашиб қолиш, сувнинг ифлосланиши ёки сув остидаги кучли шовқин сабаб бўлиши мумкин деган эҳтимолларни олға суриб келади.

Фанга маълум бўлишича, дельфинлар жамоа бўлиб яшайдилар ва бир жамоа камида 25-50 дельфиндан иборат бўлади. Агар дельфинлардан бири соҳилга ўзини ташласа, қолганлари ҳам унга эргашади. Олимларнинг таъкидлашича, бу ҳолатда қолган дельфинлар ўзини соҳилга ташлаган дельфинга кўмак кўрсатиш ниятида бўладилар.

2022 йилнинг июнь ойи охирида Украинадаги “Тузловские лимани” миллий парки тадқиқот бўлими бошлиғи Иван Русев Қора денгиздаги ҳарбий ҳаракатлар оқибатида камида уч минг дельфин нобуд бўлганини билдирган эди.

БМТ Украина урушида 17 журналист ҳалок бўлганини тасдиқлади

Россия Украинага бостириб кирганидан бери то шу кунгача 17 журналист ҳалок бўлди ва 14 журналист яраланди. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида сўзлаган нутқида маълум қилди.

БМТ ҳисоботида таъкидланишича, тўртта журналист ўзларининг касбий фаолияти туфайли таъқиб қилинаётганини айтган. Журналистлардан 7 нафари бевосита бомбардимонлар пайтида ҳалок бўлган. Улардан беш нафари Россия ҳарбийлари ҳужумлари оқибатида қурбон бўлгани таҳмин қилинаётир. Яна 5 журналист эса фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудда ўлган.

Россия ҳарбийлари томонидан бир нафар журналист ўғирланган. Россия ҳарбийлари уни қийноққа солганлар ва у асирликдан озод қилинганидан кўп ўтмай вафот этган.

БМТ ҳисоботида таъкидланишича, ҳалок бўлган ва яраланган журналистлардан камида беш нафари аёл. Улар орасида Озодлик радиоси украин хизмати мухбири Вера Гирич ва россиялик журналист Оксана Баулина бор.

БМТ ҳисоботида Россия босиб олган ҳудудларда камида 7 нафар журналист ўғирлангани қайд этилган. Масалан, март ойи бошларида Херсон вилоятида Россия ҳарбийлари бир журналистни ўғирлаган ва 8 кун мобайнида уни қамоқда сақлаган. Бу журналистни озод қилишга муваффақ бўлинган.

Бундан ташқари БМТ кузатувчилари Россия ҳарбийлари мақсадли равишда журналистларни олиб кетаётган камида иккита автомобилни ўққа тутган. Журналистларни олиб кетаётган автомобилда PRESS ёзувли оқ байроқ бўлган.

БМТ Украинада уруш бошланганидан бери тинч аҳолидан камида 4889 нафари, жуиладан, 335 бола ҳалок бўлгани тасдиқланганини билдирди. БМТ рақамлар бундан ҳам юқори эканини, статистикага фақат тасдиқланган ҳолатларгина қўшилганини эътироф этган. Айни пайтда Россия агрессияси оқибатида ҳалок бўлганларни аниқлаш ва тасдиқлаш ишлари давом этмоқда.

Покистондаги сув тошқинида 18 киши қурбон бўлди

Кветта шаҳри қаттиқ шамолдан сўнг.

Покистоннинг Балужистон вилоятида юз берган сув тошқини оқибатида камида 18 киши қурбон бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазиригининг маҳаллий бошқармаси вилоят маркази Кветта шаҳрида 6 июль куни фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кветтада камида 9 киши сув тошқинидан ҳалок бўлган.

Балужистоннинг олис туманларида кўплаб киши бедарак кетган. Шундан келиб чиққан ҳолда расмийлар қурбонлар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Вилоятда 4 июлда бошланган жала шу кунгача тўхтаган эмас. Бунинг оқибатида сув тошқинлари юз бермоқда.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари Носир Аҳмад Насарнинг билдиришича, юзлаб турар жой бинолари вайрон бўлган. Кўплаб чорва молларини сел оқизиб кетган. Табиий офат юз берган ҳудудларда қутқарувчилар ишламоқда.

Маълумотларга қараганда, жала 7 июлда ҳам тўхтамайди. Покистонда ҳар йили жала оқибатида юз берадиган тошқинларда ўнлаб киши ҳалок бўлади.

Қозоғистондаги Тенгиз конида қувур ёрилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистондаги Тенгиз конида қувур ёрилиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди ва уч киши ярадор бўлди. Бу ҳақда Атирау полицияси маълум қилди. Расман билдирилишича, ҳодиса 6 июль куни эрталаб соат ўнларга яқин Жилиўй туманида юз берган.

Айрим хабарларда қувур нефть ва газ конидаги манбага улаш пайтида катта босимга дош бера олмай ёрилиб кетгани айтилмоқда. Полиция тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Жилиўй тумани Атирау вилоятининг Каспий денгизи билан чегарадош қисмида жойлашган. Бу ерда кўплаб нефть ва газ конлари мавжуд. Тенгиз конидаги нефть захираси 3,2 миллиард тонна экани таҳмин қилинади. Мазкур кон 1993 йилдан бери "Тенгизшевройл" ширкати томонидан ишлатилади. Мазкур ширкат таъсисчилари Chevron, ExxonMobil Kazakhstan Ventures Inc, “КазМунайГаз” миллий компанияси ва LUKArco ширкатларидир.

Миллиардер Алишер Усмонов Ирина Винер билан ажрашиш аризасини қайтариб олди

68 яшар Алишер Усмонов президент Шавкат Мирзиëевнинг қудаси саналади.

Москванинг Крилатск туман мировой судьяси миллиардер Алишер Усмонов ва бадиий гимнастика бўйича Россия терма жамоаси бош тренери Ирина Винер ўртасидаги никоҳни бекор қилиш бўйича иш тўхтатилганини билдирди. Бу ҳақда 6 июль куни Новости агентлиги хабар берди.

“Фуқаролик иши даъвогарнинг ўз даъволаридан воз кечгани муносабти билан тўхтатилди”, - деб билдирган судья.

Судда бевосита Алишгер Усмонов ва Ирина Винер иштирок этмаган. Уларнинг манфаатларини адвокатлар ҳимоя қилмоқда. Бир ой аввал бошланган мазкур жараён томонлар келишуви асосида ёпиқ тарзда олиб борилаётган эди.

Россия қонунларига асосан, умумий фарзандлари бўлмаган шахслар никоҳни бекор қилиш учун судга мурожаат қилиши шарт эмас. Уларнинг никоҳини ЗАГС органлари ҳам бекор қилиши мумкин. Новости агентлигининг ёзишича, умумий фарзандлари бўлмаган Усмонов ва Винернинг судга мурожаат қилиши томонлардан бири ажралишга рози бўлмаганини англатади.

Шунингдек, ажралиш юзасидан суд жараёнида мол-мулкни бўлиштириш масаласи кўриб чиқилмайди. Томонлар ажрашганидан сўнг бу масала юзасидан алоҳида суд жараёни ўтказилади.

Усмонов ва Винер 1992 йилда турмуш қуришган. Хабарда таъкидланишича, ажралиш ташаббускори сифатида Усмонов судга ариза берган.

Винер суддан сўнг журналистларга “агар ҳаммаси тинч ва осойишта ўтса, барча масалалар юзасидан келишувга эриша олсак, унда ҳеч қандай изоҳларга ҳожат қолмайди”, деб айтди. Бундан бошқа тафсилотлар ошкор этилмади.

Алишер Усмонов Россиянинг Украинага тажовузи ортидан Россиянинг президент Путинга яқин деб ишонилган бошқа олигархлари қаторида ЕИнинг санкциялар рўйхатига киритилган эди. Шундан кўп ўтмай Усмонов Винер билан ажрашиш тўғрисида судга ариза ёзгани хабар қилинган.

Санкциялар доирасида миллиардернинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланган, Иттифоқ ҳудудидаги активлари эса музлатилган.

8 апрель куни Европа Иттифоқи Кенгаши Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиевани ҳам санкциялар рўйхатига киритганди. Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) Саодат Нарзиева Швейцария банкларидаги умумий қиймати 2 млрд доллардан кўпроқ 27 дан ортиқ банк ҳисобларининг ниҳоий бенефициари экани ҳақида ёзган.

68 яшар Алишер Усмонов президент Шавкат Мирзиëевнинг қудаси саналади. Forbes нашрига кўра, унинг бойлиги уруш бошланишидан олдин қарийб 18 миллиард долларга баҳоланган. Россия Украинага бостириб кирганидан икки ой ўтиб айни нашр Усмонов активлари 11,5 миллиард долларга тушгани ҳақида хабар қилди.

Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти Бош котиби Муҳаммад Баркиндо вафот этди

Муҳаммад Баркиндо Эрондаги анжуманда нутқ сўзлаётган пайт. 2019 йилда олинган фотосурат.

Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти – ОПЕК Бош котиби Муҳаммад Баркиндо 63 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Нигерия Миллий нефть корпорацияси раҳбари Меле Кьяри ўзининг твиттер саҳифасида билдирди. Унга кўра, Баркиндо 5 июль куни тунда вафот этган. Ўлим сабаблари тўғрисида маълумот берилмаган.

Баркиндо 5 июлда Нигерия президенти билан учрашган ва пойтахт Абужада ўтган нефть-газ саноати анжуманида нутқ сўзлаган эди.

Баркиндо ОПЕКда 1986 йилда Нигерия вакили сифатида иш бошлаган. 2016 йилнинг августида у ОПЕК Бош котиби лавозимига тайинланган. Унинг Бош котиб сифатида ваколати 31 июлда якунланиши кутилаётганди. Баркиндонинг ўрнига Қувайт вакили Ҳайсам ал Ғайса тайинланган.

Кремль Украинага бостириб кирганидан сўнг Россияга санкциялар жорий этилгач, Баркиндо ОПЕК қувват етишмаслиги ортидан Россия кунига етказиб берадиган 7 миллион баррел нефть ўрнини қоплай олмаслиги тўғрисида баёнот берган ҳамда Ғарб давлатларини нефть экспортига чеклов жорий этиш жиддий оқибатларга сабаб бўлишини билдирган эди.

31 май куни Европа Иттифоқи Россияга нисбатан санкцияларнинг олтинчи пакетини тасдиқлади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ Россия нефтини экспорт қилишга чекловлар жорий этилди. Мазкур санкциялар ортидан Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти аъзоларидан айримлари Россиянинг нефть қазиб олишдаги иштирокини тўхтатиш масаласини ўрганаётгани маълум қилинган.

Минтақада энг катта экани айтиладиган “Дўрдўй” бозорида 51 та савдо шохобчаси ёниб кетди

"Дўрдўй" бозорида ёнғин содир бўлган ҳудуд.

Бишкекдаги “Дўрдўй” бозорида 5 июнда чиққан ёнғинда 42 та контейнер ва 9 та тез овқатланиш шохобчаси ёниб кетгани тўғрисида 6 июль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Ёниб кетган контейнерларда асосан кийим-кечак сотилган.
Ёнғин оқибатида бозордаги 1000 квадрат метр майдондаги савдо шохобчалари вайрон бўлди. Ёнғин пайтида ис газидан заҳарланган икки киши касалхонага ётқизилди.

5 июлда бозордаги ёнғинни бартараф этишга 60 қутқарувчи ва 7 та ўт ўчириш бўлинмаси жалб қилинган.

Юз гектарлик майдонга жойлашган “Дўрдўй” бозорида 40 минг савдо шохобчаси мавжуд. Уларда 55 минг сотувчи меҳнат қилади. Ҳаммоллар, умумий овқатланиш шохобчалари, қўшимча хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларини ҳисобга олганда “Дўрдўй” камида юз минг кишини иш билан таъминлаши расман айтилади.

АҚШ дохил 35 мамлакат Россия ва Беларусга қарши спортга оид санкцияларни кучайтиришга чақирди

Россия термаси аъзоларининг Олимпиада-2020 дан қайтишига бағишлаб Москвада ўтказилган маросимдан лавҳа

АҚШ, Канада, Япония, Буюк Британия ҳамда Европа Иттифоқи давлатлари дохил 35 та мамлакат 5 июль куни Россия ва Беларусга қарши спорт санкцияларини кучайтиришга чақирилган қўшма баёнотни имзолади.

Янги чеклов чоралари доирасида:

  • Халқаро спорт федерацияларининг Россия ва Беларусь миллий спорт бошқарув органлари билан ҳамкорлигини тўхтатиш;
  • Россия ва Беларусь ҳукумати билан яқин алоқаларга эга шахсларни халқаро спорт федерацияларидаги нуфузли лавозимлардан четлатиш;
  • Россия ва Беларусда халқаро спорт мусобақалари трансляцияларини вақтинча тўхтатиш имкониятларини кўриб чиқиш назарда тутилган.

“Миллий ёки халқаро спорт ташкилотлари ушбу икки мамлакат атлетларига мусобақаларда иштирок этишга рухсат берган тақдирда ҳам улар фақат нейтрал мақомдагина қатнашишлари керак”, дея урғуланган баёнотда мусобақаларда Россия ёки Беларусь байроқлари, герб ва гимнларидан фойдаланиш тақиқланиши лозимлиги айтилган.

Украинада уруш бошланганидан сўнг кўплаб халқаро спорт ташкилотлари, ХОҚ тавсиясига мувофиқ, россияликларни мусобақаларга жалб этмай қўйган. Улар футбол, хоккей, енгил атлетика ва фигурали учиш каби спорт турларида мусобақалардан буткул четлатилган. Автоспорт, велоспорт, теннис ва шахматда эса нейтрал мақомда иштирок этишмоқда.

Украинада Коммунистик партия фаолияти суд қарори билан тақиқланди

Украина Коммунистик партияси раҳбарияти, 2014 йил 1 майи

Львовдаги апелляцион маъмурий суд 5 июль куни Адлия вазирлиги аризасини қаноатлантирган ҳолда Украина Коммунистик партияси (УКП) фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди.

Компартия Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин мамлакатда фаолияти тақиқланган 15-партияга айланди. У билан бирга сешанба куни “Бахтиёр Украина” партияси фаолияти ҳам тақиқланган. Мазкур сиёсий ташкилот Виктор Янукович даврида вазир бўлиб ишлаган Александр Клименко томонидан тузилган эди.

Украина мустақиллигининг илк йилларида УКП мамлакатдаги энг йирик сиёсий кучлардан бири бўлган, унинг ўзгармас раиси Пётр Симоненко 1999 йили президентлик сайловида иккинчи босқичга чиқиб, пировардида Леонид Кучмага мағлуб бўлган эди. Компартия вакиллари 2014 йилгача Украина парламентига киришга муваффақ бўлишган, Майдон ғалабасидан кейин эса партия сайловларда мағлуб бўлган. Партия аъзоларининг бир қанчаси Донецк ва Луганск вилоятларидаги айирмачиларни дастаклаб чиқишган.

2015 йили суд партия фаолиятини тақиқлаган, бироқ ўшандан кейин ҳам қарор тўлалигича қонуний кучга киргани йўқ эди.

Россия кучлари Украина ҳудудига бостириб кирган 24 февралдан кейин мамлакатда россияпараст деб ҳисобланган партиялардан қарийб барчасининг фаолияти тақиқланган.

Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришига доир протоколлар имзоланди

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, Финляндия ва Швеция ташқи ишлар вазирлари 5 июлни “тарихий кун” деб аташди.

НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳида Швеция ва Финляндиянинг Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо бўлиши тўғрисида баённомалар имзоланди. Ҳужжатларга НАТОга аъзо 30 мамлакат ҳамда Швеция ва Финляндия вакиллари имзо чекишди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, Финляндия ва Швеция ташқи ишлар вазирлари 5 июлни “тарихий кун” деб аташди. Улар мазкур икки мамлакатнинг альянсга қўшилиши уларнинг хавфсизлигини мустаҳкамлашга ёрдам бериши билан бирга, НАТОни ҳам кучайтиришини урғуладилар.

Йиғилишда Россия номи тўғридан-тўғри тилга олинмаган бўлса-да, айнан Россиянинг Украинага тажовузи ушбу икки анъанавий бетараф мамлакатнинг Шимолий Атлантика иттифоқига киришга қарор қилишида асосий сабаб бўлди.

Финляндия ва Швеция май ойи ўрталарида НАТОга аъзо бўлиш учун расман ариза берган эди. Уларни НАТО аъзолигига қабул қилиш қарори рекорд даражада қисқа муддатда қабул қилинди – бу ҳақда июннинг охирларидаёқ Мадриддаги саммитда эълон қилинди. Ягона жиддий тўсиқ Туркиянинг талаблари бўлган эди, аммо томонлар бу борада тил топишишга муваффақ бўлишди.

Швеция билан Финляндия НАТОнинг тўла ҳуқуқли аъзолари бўлиши учун бугун имзоланган ҳужжатлар альянс таркибидаги 30 мамлакатнинг парламентлари томонидан ратификация қилиниши керак.

Россия ҳукумати вакиллари икки мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлаётганига изоҳ беришар экан, бир тарафдан мазкур қарорни қоралашди, бошқа томондан, бунда жиддий муаммо кўрмаётганларини, чунки Россиянинг Финляндия ва Швеция билан ҳудудий низолари йўқлигини айтишди. Шу билан бирга, улар Финляндия ва Швецияда НАТО инфратузилмаси жойлаштирилган тақдирда Россия жавоб ўлароқ муайян чоралар қўллашига ваъда беришди.

Полиция Чикагода олти кишини отиб ташлаганликда гумонланган шахсни ушлади

Чикагода отишма содир бўлган жой.

АҚШнинг Чикаго шаҳри яқинидаги Ҳайленд-паркда Мустақиллик кунига бағишлаган парад чоғида одамларга ўқ узганликда гумонланаётган шахс қўлга олинди. У ўқ узганидан сўнг қочишга улгурган эди.

Полиция қўлга олинган шахс 22 ёшли Роберт Кримо эканини билдирди. Си-эн-эн телекомпаниясининг хабар беришича, полициячилардан бири уни автомобил бошқариб кетаётганини кўриб қолган. Кримо полициячининг автомобилни тўхтатиш тўғрисидаги буйруғини бажармай, қоча бошлаган. Аммо кўп ўтмай у машинасини тўхтатган ва полицияга таслим бўлган. Ҳозирча ҳужум мотивлари ноаниқ бўлиб қолмоқда.

Дастлаб Ҳайленд-паркдаги отишмада олти киши ҳалок бўлгани ва 20 чоғли киши яралангани хабар қилинганди. Сўнгги маълумотларга қараганда, парадда яраланган 36 киши касалхонага ётқизилган. Улар орасида болалар ҳам бор.

АҚШ президенти Жо Байден бу воқеага муносабат билдирар экан «ўқотар қурол билан мантиқсиз ҳужум қилинганидан шокда» эканини айтди ва «қуролли зўравонлик эпидемиясига қарши курашиш»га ваъда берди.

Бундан аввал Техас штатининг Ювалде шаҳридаги мактабга қуролли ҳужум қилинган ва 19 ўқувчи ҳамда 2 ўқитувчи ҳалок бўлганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG