Линклар

Шошилинч хабар
14 июл 2020, Тошкент вақти: 04:23

Мусулмонлар пандемия шароитида Рамазон ҳайитини нишонламоқда


Болгарияда масжид дезинфекция қилинмоқда.

Бугун мусулмон дунёсининг аксарият қисмида Ийдул-Фитр ёки Рамазон ҳайити нишонланмоқда.

Аммо коронавирус пандемияси туфайли байрам одатдагидан бошқача ўтмоқда: COVID-19 пандемияси туфайли кўплаб давлатда ҳайит намози ва байрам тадбирлари бекор қилинди. Шунингдек, саёҳат чекловлари оилалар байрамни нишонлаш учун бир ерга тўпланишига тўсқинлик қилди.

Ҳайитдан олдин одатда савдо чаққон бўлади, аммо пандемия сабаб бу йил кўп савдогарлар зарар кўрди.

Айрим давлатларда ҳайит арафасида гавжум бўладиган дўкон ва савдо марказлари чекловлари туфайли эшикларини очмади.

Чекловлар бева-бечораларга ёрдам кўрсатиш удумига ҳам тўсқинлик қилмоқда.

Мутахассислар ҳайит намози давомида вирус тарқалиш хавфи ўта юқори эканлиги ҳақида огоҳлантириб келишади. Шу сабаб Рамазон ойи давомида масжидлар ёпилмаган давлатларда ҳам ҳайит намози бекор қилинди.

Россия олий муфтийси Талғат Тажуддин бу йил Рамазон ойи ўзгача бўлганини айтди. Муфтий Рамазон давомида масжидларни ёпишга чорлаган эди.

Кейинги йилларда Москвада асосий масжидларга минглаб одам тўпланадиган ҳайит кунлари расмийлар шаҳарнинг айрим кўчаларини ёпишга мажбур бўлган эди. Аммо бу йил Москва масжидларида ҳайит намози ўқилмади.

Тожикистон ва Қирғизистонда ҳам диний уламолар ҳайит намозлари бекор қилинганини эълон қилди. Умуман, Марказий Осиёдаги барча давлатда Рамазон давомида ифторлик учун тўпланиш ман этилди.

Ўзбекистонликлар бу йилги Рамазон ҳайитини, мамлакат тарихида илк бор, карантин шароитида — ҳайит намозисиз қаршилади.

Рамазонда масжидлар ёпиқ қолди, таровеҳ намозлари ўқилмади. Дунёдаги аксар мусулмонлар каби, ўзбекистонликлар ҳам, Қурбон ҳайитигача аҳвол яхшиланишига умид қилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков Рамазон ҳайити намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги нуқтаи назаридан мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни адо этиш соқит бўлишини айтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан ватандошларга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намозини ўқиш тавсия этилди.

Одатда ҳайит кунлари одамлар яқинларини йўқлаб, меҳмондорчиликка боришар, янги тушган келинлар эса 3 кун давомида «Ҳайит салом» тадбирларини қилишар эди. Шунингдек, яқинлари ўтган оилаларда дастурхон ёзилиб, марҳумлар ҳақига дуо қилинарди. Жорий йилда карантин сабаб буларнинг барчаси чекланган кўринишда амалга оширилмоқда.

Эронда вирус тақалиши эҳтимоли оз бўлган ҳудудларда диний амалларни очиқ ҳавода ижтимоий масофани сақлаган ҳолда бажаришга рухсат берилди.

Расмий Теҳрон, шунингдек, анъанавий Қудс куни митингларини бекор қилишга мажбур бўлди. Бу митинглар 1979 йилда оятуллоҳ Руҳулло Ҳумайний Рамазон ойининг сўнгги жума кунини Исроилни лаънатлаб, фаластинликлар билан бирдамлик изҳор қилиш куни этиб белгилаганидан бери ҳар йили ўтказилиб келинаётган эди.

Эрон коронавирусдан энг катта зиён кўрган мусулмон давлатларнинг биридир. Бугунга қадар мамлакатда 130 мингдан ошиқ одамга вирусга чалинди, уларнинг 7200 дан ошиғи коронавирус инфекцияси туфайли нобуд бўлди.

XS
SM
MD
LG