Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:23

Туркманистонда "Сўнгги қўнғироқ"қа пул топа олмаган бир неча битирувчи ўзини осди


Битирув оқшомлари учун махсус кийимлар сотиб олиниши шартлиги кўпчилик оилалар учун катта муаммога айланди.
Битирув оқшомлари учун махсус кийимлар сотиб олиниши шартлиги кўпчилик оилалар учун катта муаммога айланди.

Сўнгги кунларда Туркманистоннинг Лебап вилоятида мактабни битириш муносабати билан қилинадиган ҳаражатларга пул топа олмаган бир неча ўсмир ўз жонига қасд қилди.

Озодлик радиоси туркман хизмати - Азатликнинг бир неча мухбири бир вақтнинг ўзида берган хабарларга қараганда, "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари учун катта миқдорда пул йиғилиши сўнгги йилларда иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётган аҳоли учун катта муаммога айланган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун бир неча соатлаб навбатда туришга мажбур бўлаётган кўпчилик туркман оилаларида молиявий етишмовчилик одатий ҳолатга айланган.

“23 май куни кечқурун Лебап вилоятининг Фарап этрапида шу йил мактабни битириши лозим бўлган ўсмир йигит уйиниг молхонасида ўзини осган. Ўсмир сартарошга кетаётганини айтган ва уйга қайтиб кирмаган. У мактабда ўқиш билан боғлиқ ҳаражатларга пул тополмай қийналган экан”,- деб хабар берди Азатлик мухбирларидан бири.

Унга кўра, бу воқеадан уч кун олдин Фарап этрапида мактаб битирувчиси бўлган қиз ҳам ўзини осган. Айтишларича, 6-сонли мактаб ўқувчиси бўлган бу қиз битирув оқшомига янги кўйлак ололмагани ва мактаб сўраётган пулни бера олмаганидан аламзада бўлиб юрган.

Бу маълумотни Азатлик радиосининг яна бир мухбири ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, уч кун оралиғида Фарап этрапидаги 3-сонли ва 6-сонли мактабнинг ҳамда Дарганатин этрапидаги 18 -сонли мактабнинг уч ўқувчиси ўзини осган. Улар 2001-2002 йилларда туғилган.

“Кўпчилик ўқувчилар битирув оқшоми учун пул тўплаш мақсадида ўзига тўқ одамларнинг уйларида январь ойидан бери ишлашган. Фарап, Дарганатин этрапларида ва Туркманобод шаҳрида аҳолининг молиявий аҳволи ўта оғир. Кўпчилик оилалар битирув оқшомига эмас, ҳатто шамол учриб кетган томларини таъмирлашга ҳам пул тополмай юрибдилар”, - деб билдирди Азатлик мухбири.

“Бу қиз ота-онасидан пул сўраган, аммо улар бунча пул беришга имкониятлари йўқлигини айтишган. Мана шу нарса қиз ўзини осишига сабаб бўлган”

Азатлик радиосининг яна бир мухбири бу маълумотларни тасдиқлар экан, ўзини осган ўсмир қиздан ўқитувчилар 400 манат, яъни тақрибан 115 доллар пул сўраганлари тўғрисида маълумотлар бор эканини айтди.

“Бу қиз ота-онасидан пул сўраган, аммо улар бунча пул беришга имкониятлари йўқлигини айтишган. Мана шу нарса қиз ўзини осишига сабаб бўлган”,- деди мухбир.

Мухбирларнинг билдиришларича, бу воқеалар ортидан ҳуқуқ-тартибот органлари мактаб ўқитувчилари билан йиғилишлар ўтказган. Аммо бу йиғилишларда нималар муҳокама қилингани тўғрисида маълумот йўқ.

Азатлик радиоси бу ҳолатлар юзасидан Лебап вилоят, Фарап ва Дарганатин этраплари маъмуриятларидан изоҳ олишга ҳаракат қилди. Лекин бу ҳаракатлар самарасиз якунланди.

Туркманистонда иқтисодий қийинчиликлар авж олаётган бир пайтда мактабларда турли тадбирлар учун пул йиғилиши, махсус кийимлар сотиб олиниши шартлиги кўпчилик оилалар учун катта муаммога айланди.

Азатлик радиосининг Дашўғуздаги манбаси 24 май куни Айбовур қишлоғидаги 77-мактабда ҳар бир ўқувчидан 50 манатдан (тақрибан 14 доллар), Гўшаҳовли қишлоғидаги 45-мактабда 60 манат (тақрибан 17 доллар)дан йиғилгани ҳақида маълумот берди.

“Бу пуллар мактаб спортзалида тадбир ўтказиш, мусиқачилар, директор ва ўқитувчиларга совғалар учун йиғилган”, деди манба.

Унга кўра, айрим мактабларда 100-130 манатдан пул йиғилмоқда. Туркманистонда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида маҳаллий ҳокимиятнинг амалдорлари ҳам иштирок этадилар. Мактаб директорлари уларга ҳам камида 700-1000 манат, яъни 200-285 долларлик совғаларни тортиқ қилади.

“Амалдорларга совға яширинча берилади. Масалан, амалдор кетаётганида мактаб директори унинг машинасига, гўёки, билинтирмай совғани солиб қўяди”, деди манба.

Ашхободдаги Азатлик мухбирларининг айтишларича, жорий йилда пойтахт мактабларида битирув кечалари тақиқланган.

Туркманистон матбуоти ҳар йили “Сўнгги қўнғироқ” муносабати билан президент Гурбангули Бердиуҳаммедовнинг битирувчиларга табригини эълон қилади. Лекин туркман матбуотида мактаб ўқувчилари учун муаммога айланган мажбурий пул йиғиш жараёни ҳақида гапирилмайди.

XS
SM
MD
LG