Линклар

Шошилинч хабар
29 октябр 2020, Тошкент вақти: 17:07

Халқаро хабарлар

Толибон лидери Охунзода коронавирусдан ўлгани тўғрисидаги хабарларни рад этди

Толибон ўз лидери Ҳайбатуллоҳ Охунзода коронавирусдан ўлгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.

Foreign Policy журнали 1 июнь куни Толибон ҳаракатининг исми айтилмаган расмийларига таянган ҳолда Ҳайбатуллоҳ Охунзода COVID-19га чалингани ва хориж давлатларидан бирида даволанаётган пайтда ўлган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар берган эди.

Толибон расмийлари Foreign Policy журналига Охунзодани сўнгги уч ой давомида кўрмаганларини ва овозини эшитмаганларини айтганлар. Айрим манбалар эса Охунзода коронавирусдан даволаниш учун Россияга кетганини маълум қилганлар.

2 июнь куни Толибоннинг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид ҳаракат раҳбарларидан ҳеч бири коронавирусга чалинмаганини ва Охунзоданинг ўлими ҳақидаги хабарлар асоссиз экани ҳақида билдирди.

Мулла Охунзода 2016 йилнинг майида Покистонда АҚШ учувчисиз самолёти ҳаводан берган зарба пайтида ўлдирилган Ахтар Муҳаммад Мансур ўрнига Толибон қўмондони бўлган эди.

Кун янгиликлари

Ниццада номаълум шахс черков олдидаги ўткинчиларга ҳужум қилди, уч одам ҳалок бўлди

Ницца, Франция, 2020 йил 29 октябри.

Франциянинг Ницца шаҳрида 29 октябрь куни пичоқ билан қуролланган номаълум шахс Нотр-Дам черкови олдида ўткинчиларга ҳужум қилган. Франция нашрларининг ёзишича, ҳодиса чоғида уч киши ўлган. Reuters хабарига кўра, улардан бирининг боши танасидан жудо қилинган. Яна бир неча одам тан жароҳати олган.

Ҳужумчи полиция томонидан қўлга олинган. Унинг шахси ва жиноятга ундаган сабаби ҳақида ҳали маълумот берилганича йўқ.

Шаҳар мэри ҳодисани “террор хуружи” деб атаган. Жиноят тафсилотлари аксилтеррор прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.

Бу орада Le Figaro нашри полицияда ишлайдиган ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда, Ниццадаги ҳужумдан икки соат ўтгач, Авиньон шаҳрида бир эркак пичоқ билан полициячиларга ҳужум қилмоқчи бўлгани ҳақида хабар қилди. Маълумотларга кўра, ҳужумчи полиция ходимлари томонидан отиб ўлдирилган.

Ниццадаги ҳужум Париж яқинида ўқитувчи Самюэл Пати ўлдирилганидан икки ҳафта ўтиб содир бўлди.

Покистон Қирғизистондаги барча тиббиёт университетларини қора рўйхатга киритди

Қирғизистонда таълим олаётган ҳиндистонлик ва покистонлик талабалар.

Покистон Тиббиёт кенгаши Қирғизистондаги тиббиёт олий ўқув юртларининг барчасини қора рўйхатга киритди.

Қирғизистон Таълим ва фан вазирлигининг билдиришича, бу ҳақда ҳукуматга Покистоннинг Бишкекдаги элчихонаси маълум қилди.

Расмий билдирувда таъкидланишича, Қирғизистондаги тиббиёт ўқув юртларини битирган покистонлик талабаларнинг 90 фоизи Покистон Тиббиёт кенгашининг имтиҳонидан ўтмай қолган. Натижада уларга берилган Қирғизистон дипломлари тан олинмаган.

Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги 28 октябрда бу масалани университетлар ректорлари билан муҳокама қилган. Йиғилишда деярли барча олий ўқув юртлари халқаро аккредитациядан ўтмагани маълум бўлган.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда 8700 покистонлик ва 9 мингдан кўпроқ ҳиндистонлик талаба Бишкекдаги Халқаро университетнинг тиббиёт олий мактабида, Ўш давлат университетида, Қирғиз-Рус университетида ва Иса Ахунбоев номидаги давлат тиббиёт академиясида таълим олади.

Туркманистонда коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблашмоқда

Ашхабодда автобусда кетаётган одамлар.

Туркманистонда коронавируснинг тарқалиши ортидан вазият оғирлашиб бораётгани хабар қилинди. 1 ноябрдан мамлакатда карантин чекловлари кучайтирилиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарлар ҳам вазиятни мураккаблаштирмоқда.

Мустақил оммавий ахборот воситаларининг Туркманистонда COVID-19 ва у билан боғлиқ касаллликлар кўпайиб бораётгани тўғрисидаги хабарларига қарамай, расмий Ашхабод “мамлакатда коронавирус мутлақо йўқ” деган баёнотни беришда давом этмоқда.

Хабарларда айтилишича, туркман ҳукумати коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин чораларини ҳаддан ташқари кучайтириш масаласини ўрганмоқда.

Дашўгуз вилоятидаги аёллар қамоқхонасида камида 500 маҳкумга коронавирус ташҳиси қўйилгани ҳам хабар қилинмоқда.

Озодлик радиоси туркман хизматининг мухбирлари пойтахт Ашхабодда ҳам коронавирусга чалинганлар сони кўпайиб кетганини билдирди. Уларга кўра, сўнгги икки ҳафта ичида беморлар сони кескин кўпайган.

Озодлик радиоси туркман хизматининг мухбирилари ишончли манбаларга таянган ҳолда ҳукумат карантин чораларини ҳаддан ташқари кучайтириш ниятида эканини хабар қилганлар. Жумладан, мамлакат ичидаги авиақатновлар тўхтатилади, ҳудудлараро автомобил ҳаракатлари чекланади. Ашхабодга бошқа ҳудудлардан келганларни киритмаслик масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари тўй, марака ва оммавий тарзда жаноза ўқиш ҳам тақиқланиши айтилмоқда.

Туркманистон ҳукумати аввалроқ 15 октябргача жорий этилган карантин чекловлари 15 ноябргача узайтирилганини билдирганди.

Туркия президенти Франциянинг Charlie Hebdo журналига қарши даъво аризаси ёзди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўзига нисбатан карикатура эълон қилган Charlie Hebdo журналига нисбатан даъво аризаси ёзди.

Эрдўғоннинг адвокатларига кўра, журналда эълон қилинган карикатура “фикр эркинлигига ҳеч қандай равишда алоқаси бўлмаган” ва жиноий қонунчилик асосида жазоланадиган тухматдир.

Айни пайтда прокуратура “президентни ҳақорат қилиш” моддаси бўйича тергов бошлагани ҳам айтилди.

Charlie Hebdo чоршанба куни ўз бош саҳифасида Эрдўғонга бағишланган карикатурани эълон қилганди. Карикатурада Эрдўғон бир қўлида ичимлик ушлаб, иккинчи қўли билан ҳижобли аёлнинг этагини кўтараётган ҳолда тасвирланган. Карикатура остига эса “Эрдўғон шахсий ҳаётда жуда ўйноқи”, деб тагхат ёзилган.

Charlie Hebdo журналидаги карикатура Париж яқинида ўқитувчи Самюэль Пати сўйиб кетилгани ортидан Франция-Туркия муносабатлари ёмонлашган бир паллада чоп этилди.

НАТОнинг икки аъзоси ўртасидаги муносабатларга Франциянинг радикал исломга қарши кескин позицияда тургани важидан путур етган.

Франция 17 октябрь куни ўқитувчи Сэмюэль Панининг сўз эркинлиги мавзусидаги машғулотда Муҳаммад пайғамбар карикатурасидан фойдалангани учун боши танасидан жудо этилганидан ларзага келганди.

23 октябрь куни даставвал Charlie Hebdo сатирик журналида пайдо бўлган карикатуралар Франциядаги ҳукумат биноларида проекцияланди, бу эса ислом оламида норозиликларга сабаб бўлди. Франция “бизнинг карикатуралардан воз кечмайди”, деди Макрон.

Мусулмон ва араб ўлкаларида Макрон томонидан карикатуралар дастакланганига жавобан Францияда ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олмаслик чақириқлари кучайган.

Беларус элчиси “нолегитим президент” билан ишлашдан бош тортди

Владимир Астапенконинг 23 августда берган биринчи истеъфоси қабул қилинмаган эди.

Беларуснинг Аргентина ва Лотин Америкасидаги бошқа давлатлардаги элчиси Владимир Астапенко президент Александр Лукашенко легитимликка эга бўлмагани ортидан у билан ишлашдан бош тортиб, иккинчи марта истеъфо тўғрисида ариза ёзди.

Tut.by нашрининг ёзишича, Владимир Астапенко биринчи марта Лукашенко президент сифатида ими-жимида қасамёдга келтирилган 23 августда истеъфо берган эди. Аммо унинг истеъфо тўғрисидаги аризасига жавоб бўлмагач, у аризани чақиртириб олган ва эндиликда “иш берувчини қонунчиликни бузганликда” айблаб қайта ариза ёзган.

"Давлат раҳбари халқаро даражада легитимликка эга бўлмагани менга ҳам дипломат, ҳам ватанпарвар сифатида элчилик вазифасини виждонан бажаришимга тўсқинлик қилмоқда. Чунки мен беларус халқи иродасини эътироф этиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган одамнинг қўл остида ишламоқдаман”,-деб билдирган элчи.

Владимир Астапенко профессионал дипломат ҳисобланади. У ўз меҳнат фаолиятини Беларус ССР ташқи ишлар вазирлигининг учинчи котиби лавозимидан бошлаган. У ташқи ишлар вазири, қатор давлатларда элчи бўлиб ишлаган.

У 2018 йилдан бери Беларуснинг Аргентина, Чили, Парагвай ва Перудаги элчиси.

Аввалроқ Беларуснинг Испания, Латвия ва Словакиядаги қатор дипломатлари ҳам ўз гражданлик позициялари туфайли истеъфо берган эдилар.

Беларус полицияси норозиларга қарши ўқотар қурол қўллаши мумкин

26 октябрдан Беларусдаги қатор йирик саноат корхоналарида иш ташлаш бошланди.

Беларус ички ишлар вазири Юрий Караев 28 октябрда президент Александр Лукашенкога қарши намойишларга чиқаётган “саботажчи ва террорчилар”га нисбатан ўқотар қурол ишлатишилиши мумкинлигини билдирди.

Аввалроқ Лукашенко мухолифат намойишларини ва 26 декабрдан бошланиб кетган умуммиллий иш ташлашни “уюшган жиноий гуруҳлар ҳаракати” сифатида баҳолаган эди.

Ўз чиқишида Лукашенко намойишлар ва иш ташлашларни назарда тутган ҳолда “мамлакат террор таҳдидига дучор бўлаётгани”ни таъкидлади.

Европа Иттифоқи Беларус ички ишлар вазири Юрий Караевни намойишларни зўравонлик билан бостиришдаги иштироки учун санкциялар жорий этилган амалдорлар рўйхатига киритган эди.

Караев 28 октябрдаги билдирувида “ўқ отар қурол тинч намойишчиларга” нисбатан ишлатилмаслигини, лекин “саботаж ва террор қилмоқчи бўлганларни полиция ҳар қандай йўллар билан тўхтатиб қолиши зарурлиги”ни айтди.

Лукашенко мухолифатнинг 25 октябргача истеъфо бериш талабини бажармагани ортидан 26 октябрдан Беларусдаги қатор йирик саноат корхоналарида иш ташлаш бошланди.

Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенкога қарши намойишлар 9 августда ўтган президентлик сайлови ортидан бошланиб кетган. Мазкур сайловда Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилинган эди.

Қирғизистон: Алмазбек Атамбаев очлик акциясини тўхтатди

Алмазбек Атамбаев (2019 йил июнида олинган сурат).

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев очлик акциясини тўхтатди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига унинг адвокати Замир Жоошев маълум қилди.

Адвокатга кўра, унинг мижози Жазони ўташ давлат хизмати қўйилган талабларни бажаргани учун акцияни бас қилган.

Атамбаев муолажага муҳтож. Шунинг учун у ўзини 1-сонли тергов ҳибсхонасидан ҳеч бўлмаганда 47-колонияга ўтказишни талаб қилган. Бугун, 28 октябрь куни Атамбаев очликни тўхтатди”, деган З. Жоошев.

Алмазбек Атамбаев 2019 йилнинг август ойида буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасида тутиб турилганди. Икки кун муқаддам у 1-сонли тергов ҳибсхонасига кўчирилган. У мазкур ҳибсхонада сақлаш шароити ёмонлиги сабабли очлик эълон қилганди.

2020 йилнинг июнь ойида Бишкек туман суди жиноят олами лидерларидан бири Азиз Батукаевнинг муддатидан олдин ноқонуний озод қилинганига оид иш доирасида Атамбаевни мол-мулкини мусодара қилиш билан 11 йилу 2 ойга озодликда маҳрум қилганди. Бундан ташқари, собиқ президент давлат унвонлари ва мукофотларидан ҳам маҳрум этилган. Август ойида Бишкек шаҳар суди бу ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Алмазбек Атамбаев шу йил 6 октябрга ўтар кечаси халқ ғалаёни ортидан бошқа маҳбуслар билан биргаликда ҳибсхонадан чиқишга муваффақ бўлганди. 10 октябрда у Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштирганликка оид иш доирасида яна қўлга олинган ва ҳибс этилган.

Рамзан Қодиров фарзандига Муҳаммад исмини қўйганларга 100 минг рублдан ваъда қилмоқда

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров (ў) ахборот ва матбуот вазири Аҳмед Дудаев (ч) билан.

Чеченистон расмийлари республикада туғилган чақалоқларга мусулмонлар пайғамбари Муҳаммад, унинг аҳли оиласи ва яқин саҳобалари исмини қўйган оилаларга 100 минг рублдан пул берилишини ваъда қилишди. Бунга оид баёнот Чеченистон ахборот ва матбуот вазири Аҳмед Дудаев томонидан очиқланди.

Дудаев ўз мурожаатида мукофот пулини олиш учун ота-оналар қўйиши лозим бўлган исмларни санаб ўтган ва акция мусулмонлар Муҳаммад пайғамбар мавлидини нишонлайдиган 29 октябрь куни бир сутка мобайнида давом этишини қайд этган.

Вазир “мисли кўрилмаган” деб атаган акция республика раҳбари Рамзан Қодиров ташаббусига кўра эълон қилинган, уни амалга ошириш учун пуллар эса унинг отаси Аҳмад Қодиров номидаги жамоатчилик жамғармасидан ажратилади.

Аввалроқ Рамзан Қодиров Муҳаммад пайғамбарга нисбатан берилган карикатуралар чоп этилишини дастаклагани учун Франция президенти Эммануэль Макронни “мусулмонларни террор хуружлари содир этишга зимдан гижгижлаётган”ликда айблаганди.

Чоршанба куни Қодировнинг бу баёнотига Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков изоҳ берган. Чеченистон раҳбарининг исмини атамаган Песков: “Субъект раҳбарлари ташқи сиёсат билан шуғуллана олмайди, уни шакллантира олмайди ва белгилай олмайди ва бу борада ҳеч қанақа қарор қабул қилмайди, чунки қонунчиликда бу бўйича мамлакат президенти етакчилик қилиши кўзда тутилган”, дея таъкидлаган.

Бунга жавобан Рамзан Қодиров Макрон ҳақида сиёсатчи сифатида эмас, бир мусулмон сифатида ўз фикрини изҳор қилганини билдирган. Айни пайтда Чеченистон раҳбари мамлакат ташқи сиёсати қандай шакллантирилиши ва ким томонидан бошқарилишини “жуда яхши билиши” ва “фарқлаши”ни ва “шахсан унга бу борада ҳеч нарсани тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ”лигини қўшимча қилган.

АЭХА Эрон томонидан центрифуга йиғиш заводи қурилаётганини тасдиқлади

Натанздаги уранни бойитиш заводини қўриқлаётган эронлик ҳарбий.

БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги АЭХА Эрон Натанздаги ўз ядровий иншооти яқинида уранни бойитиш учун центрифугалар йиғиш бўйича ерости заводи қурилишини бошлаганини билдирди.

Агентлик бош директори Рафаэль Гросси 28 октябрь куни: “Мазкур объект, афтидан, июль ойида портлаган иншоотнинг ўрнини босиши керак”, дея қайд этди. Теҳрон ўша портлашни саботаж мақсадида уюштирилган ҳужум, деб атаганди.

Улар [қурилишни] бошлашди, бироқ ҳали тамомлаганларича йўқ. Бу узоқ давом этадиган жараён”, деди Гросси.

28 октябрь куни агентлик қурилиш ишлари олиб борилаётганидан далолат берувчи сунъий йўлдошдан олинган тасвирларни ёйинлади. Гросси Эрон кам тўйинтирилган уран захираларини яратиш билан ҳам шуғулланаётганини айтди, бироқ, унга кўра, бу ядровий қурол ишлаб чиқариш учун етарли эмас.

Эрон Ядро энергияси ташкилоти раҳбари Али Акбар Солиҳий ўтган ой давлат телевидениеси орқали қилган чиқишида вайрон қилинган ерусти заводининг ўрни “Натанз яқинидаги тоғларнинг қоқ бағрида жойлашган” бошқа завод билан тўлдирилишини билдирган.

Гросси Теҳрон АЭХА инспекторларини қурилиш ҳақида огоҳлантирганини айтди. Унга кўра, инспекторларнинг Эрон ядровий иншоотларига киро олиш ҳуқуқи 2015 йилда Эрон ва қудратли давлатлар ўртасида тузилган битим барбод бўлганидан кейин ҳам сақланиб қолмоқда. Мазкур битимда ядровий дастур чекланиши эвазига Эронга нисбатан киритилган санкцияларнинг олиб ташланиши кўзда тутилганди.

Эрон ўз ядровий дастурининг тинч мақсадларга йўналганига ишонтиришга уриниб келади.

2018 йили АҚШ ядровий шартномадан бир томонлама чиқиб кетган ва санкцияларни кучайтира бошлаган. Бу қадамни Вашингтон мазкур шартномага Эроннинг ракета дастури бўйича ҳамда Яқин Шарқда террористик деб топилган гуруҳларни дастаклашдан воз кечиш бўйича мажбуриятлари киритилишига ҳаракат қилиб қўйгани айтилган.

Боку ва Ереван Тоғли Қорабоғдаги тўқнашув ҳудудида кўплаб одам қурбон бўлганини айтмоқда

Сўнгги кунларда тан олинмаган Тоғли Қорабоғдаги тўқнашув ҳудудида 70 га яқин тинч аҳоли вакили нобуд бўлган, 300 дан зиёд одам яраланган. Бу ҳақда Озарбайжон Бош прокуратураси маълум қилди. Бу маълумотлар тўғрилигини текширишнинг имкони йўқ.

Ўз навбатида, Арманистон ҳам ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари орасида йўқотишлар бўлганини билдирмоқда.

Боку Ереванни бир неча жойни, хусусан, Тертер ва Барди шаҳарларини оғир тўплардан ўққа тутганликда айблаб чиқди. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, у ерларда ёш болалар дохил 19 киши нобуд бўлган, яна 60 нафар тинч аҳоли вакили жароҳат олган.

Ереван эса Қорабоғ “Смерч” реактив тизимидан ўққа тутилгани, Шушида камида бир одам ҳалок бўлиб, икки киши яраланганини очиқлаган. Арманистон армияси қуролли тўқнашувлар бошланганидан бери ўтган бир ой давомида жангларда мингдан зиёд ҳарбийсини йўқотганини билдирган.

Тоғли Қорабоғда қуролли тўқнашув сентябрь ойи охирида кучайган. Арманистон ва Озарбайжон бир-бирларини можаро эскалациясида айблаганлар. Вақти-вақти билан томонлар сулҳ ҳақида ўзаро келишган бўлсалар-да, тез орада сулҳ шартлари бузилганини маълум қилишган.

АҚШ: Филадельфияда афроамерикалик ўлдирилиши ортидан норозилик акциялари давом этмоқда

Филадельфиядаги норозилик чиқишлари, 2020 йил 27 октябри.

АҚШнинг Филадельфия шаҳрида полициячилар томонидан афроамерикалик Уолтер Уоллес ўлдирилиши ортидан бошланган норозилик чиқишлари чоғида 90 дан зиёд одам қўлга олинган.

Мазкур ҳодиса 26 октябрь куни содир бўлган эди. Полициячилар қуролли одам тўғрисидаги чақириқ бўйича келишган. Иддаоларга кўра, 27 ёшли Уоллес қўлида пичоқ билан полициячиларга яқинлаша бошлаган. Полициячилардан бири унга қарата ўт очган. Афроамерикалик олинган жароҳат туфайли жон берган.

Уоллес оиласининг адвокати мақтулнинг руҳий соғлиғида муаммолар бўлган. Унинг яқинлари полиция бундан хабардор этилганини айтмоқдалар.

Уоллес ўлимидан кўп ўтмай норозилик чиқишлари бошланган. Норозиларнинг айримлари ўзларини жуда агрессив тутган. Улар дўконларни талаб, полицияга тош ва бошқа оғир ашёларни отишган. 27 октябрь оқшомида мингга яқин одам йирик савдо тармоқлари дўконларига босқин уюштиришган.

Филадельфияда норозилик чиқишлари бошланганидан бери 30 нафар полициячи тан жароҳати олган. Шаҳарга АҚШ Миллий гвардияси кучлари олиб келинган.

Шу йил май ойи охирларида АҚШда Black Lives Matter – “Қора танлиларнинг ҳаёти ҳам муҳим” шиори остида оммавий норозилик акциялари бошланган. Бунга афроамерикалик Жорж Флойднинг полициячилар томонидан қўлга олинганидан кейин жон бергани сабаб бўлган. У қўлга олинганидан кейин полициячилардан бири томонидан бўғиб қўйилган, пировардида касалхонада вафот этган. Афроамерикалик сохта пул ишлатганликда гумонланган эди.

Флойд ўлимидан кейин бўлиб ўтган норозилик чиқишларининг кўпи тинч ўтган, аммо айримлари полиция билан тўқнашувга айланиб кетган, акциялар чоғида талончилик ва вандализм ҳолатлари кузатилган. Бу чиқишлар пайтида, норозилар фикрича, ирқчилик ва қулдорларни тамсил этувчи бир неча ҳайкал қулатилган.

АҚШ сенаторлари Хитой уйғурларни геноцид қилаётгани тўғрисидаги резолюцияни қабул қилмоқда

Хитойдаги мусулмонларни "қайта тарбиялаш" учун барпо этилган лагерлардан бири.

Ҳар икки партия вакилларидан иборат бўлган сенаторлар гуруҳи Хитой Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурларни геноцид қилаётгани тўғрисидаги резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиб, Сенатга тақдим этди.

“Мазкур резолюциянинг қабул қилиниши Хитойни 1948 йилда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Геноцидни олдини олиш ва уни амалга оширганларни жазога тортиш тўғрисидаги Конвенцияси доирасида жавобгарликка тортишга туртки бўлади”,-деб билдирди сенатор Жефф Меркли.

Сенатор Хитойда уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларнинг таъқиб қилиниши, қамоққа олиниши, қийноққа солиниши ва қайта тарбиялаш лагерларида мажбуран сақланаётгани “ҳақиқий геноцид” эканини урғулади.

Сенат мазкур резолюцияни бир неча ҳафта ичида қабул олиши кутилмоқда. Чунки сенат кейиги ҳафтада ўтадиган АҚШ президентлик сайлови ўтгунича таътилга чиққан.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан ортиқ мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади.

Аммо Хитой бу лагерлар “экстремист ва террорчиларни қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини билдирган.

Франция мусулмон ўлкаларида саёҳат қилаётган фуқароларини огоҳлантирди

Покистондаги норозилик намойишида Франция президенти Макрон суратлари ёқилди.

Франция қатор мусулмон ўлкаларида яшаётган ёки саёҳат қилаётган фуқароларини хавфсизлик масаласида огоҳлантирди.

27 октябрь куниТашқи ишлар вазирлиги Индонезия, Бангладеш, Ироқ ва Мавританиядаги французларни Муҳаммад пайғамбарга қарши эълон қилинган карикатураларга нисбатан норозилик намойишлари ўтказилаётган ҳудудлардан олис бўлишга ва ҳар қандай оммавий чиқишлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Франциянинг Туркиядаги элчихонаси ҳам мана шундай огоҳлантирувни эълон қилди.

27 октябрь куни Бангладешда ўн минглаб норози Франция президенти Эммануэль Макрон портретларини ва “Макрон-тинчлик душмани” деб ёзилган плакатларни кўтариб намойишга чиқди. Эрон Ташқи ишлар вазирлигига эса 27 октябрда Француз элчиси чақиртирилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз ватандошларини Францияда ишлаб чиқарилган товарларни бойкот қилишга чақирди.

Франция 17 октябрь куни ўқитувчи Сэмюэль Панининг сўз эркинлиги мавзусидаги машғулотда Муҳаммад пайғамбар карикатурасидан фойдалангани учун боши танасидан жудо этилганидан ларзага келганди.

23 октябрь куни даставвал Charlie Hebdo сатирик журналида пайдо бўлган карикатуралар Франциядаги ҳукумат биноларида проекцияланди, бу эса ислом оламида норозиликларга сабаб бўлди. Франция “бизнинг карикатуралардан воз кечмайди”, деди Макрон.

Мусулмон ва араб ўлкаларида Макрон томонидан карикатуралар дастакланганига жавобан Францияда ишлаб чиқарилган товарларни сотиб олмаслик чақириқлари кучайган.

Қатар ва Қувайт супермаркетларида Франция молларини бойкот қилиш давом этмоқда, француз молларидан воз кечиш чақириқлари Урдун ва бошқа мамлакатларда ҳам янграяпти.

Келиб чиқиши беларус бўлган америкалик сиёсий технолог Беларус қамоқхонасидан озод қилинди

Беларусда Шкляровга нисбатан тергов тўхтатилган эмас.

Келиб чиқиши беларус бўлган америкалик сиёсий технолог Виталий Шкляров 27 октябрь куни қамоқдан озод этилди ва Беларусни тарк этди. Бундан бир неча кун олдин АҚШ давлат котиби Майк Помпео Беларус президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали қилган мулоқотида Виталий Шкляровни озод қилишни талаб этганди.

Шкляровнинг адвокати Антон Гашинский Озод Европа-Озодлик радиосига ўз ҳимоясидаги одам Беларусни тарк этганини тасдиқлади. Адвокатга кўра, Шкляровга нисбатан тергов тўхтатилган эмас.

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ва сенатор Берни Сандерсларнинг ширкатларида ишлаган Шкляров Беларусда 9 августда ўтган президентлик сайловларига икки ҳафтадан озроқ вақт қолганида - 29 июлда қамоққа олинган эди.

Шкляров Беларусга ота-онасини кўргани келганини айтган, бироқ ҳуқуқ-тартибот тузилмалари уни блогер Сергей Тихановскийни президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашганликда айбламоқда.

Сергей Тихановский сайлов арафасида қамоққа олинган. Унинг ўрнига хотини Светлана Тихановская ўз номзодини президентликка кўрсатди ва сайловда Лукашенконинг асосий рақиби бўлди. Айни пайтда Тихановская Беларус мухолифати лидерига айланган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўзини яккалаш режимига ўтди

70 ёшли Сергей Лавров “ўзини яхши ҳис қилаётгани” билдирилди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров COVID-19га чалинган шахс билан алоқа қилгани аниқ бўлгани ортидан Болқонга қиладиган сафарини бошқа кунга қолдирди.

Ташқи ишлар вазирлиги 27 октябрь куни 70 ёшли Сергей Лавров “ўзини яхши ҳис қилаётгани”ни, бироқ эҳтиёт юзасидан ўзини яккалаш режимига ўтганини билдирди.

Лавров 28-29 октябрь кунлари Босния ва Герцеговина ҳамда Сербияга боришни режалаштирган эди. Белградда унинг Сербия президенти Александр Вучич билан музокара ўтказиши кутилаётганди.

Лавров 26 октябрда Греция сафаридан қайтган. Афинада у Греция Бош вазири Никос Дендиас ва мухолифат лидери Алексис Ципрас билан учрашган.

Россия коронавирусга чалинганлар бўйича жаҳонда тўртинчи ўринга чиқди. Бу мамлакатда коронавирс юққанлар сони 1,5 миллиондан ошди, беморлардан камида 26 мингги ўлди.

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 43 миллиондан ошди

Беморлардан камида 1 миллион 152 мингги вафот этган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 43 миллионга яқинлашди. Беморлардан 1 миллион 152 мингдан кўпроғи вафот этган.

Коронавирус статистикасини олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотида қайд этилишича, жаҳонда коронавирус юқтирганлар сони 43 миллион 483 мингдан ошган ва улардан 1 миллион 159 мингдан ортиғи вафот этган.

Коронавирус юққанлар сони бўйича АҚШ биринчи ўринда турибди. Бу мамлакатда 8,5 миллионга яқин бемор бор.

Иккинчи ўринда Ҳиндистон (7 миллион 909 минг), учинчи ўринда Бразилия (деярли 5,5 миллион), тўртинчи ўринда Россия (1,5 миллиондан ортиқ), бешинчи ўринга эса Франция чиқди (1 миллион 107 минг).

Аргентина, Испания, Колумбияда ҳам коронавирус қайд этилганлар сони 1 миллиондан ошди.

Помпео Пашинян ва Алиевни урушни тўхтатишга чақирди

Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Арманистон президенти Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни урушни тўхтатиб, музокараларга қайтишга чақирди. АҚШ Давлат департаменти матбуот хизматига кўра, Помпео Пашинян ва Алиев билан телефон орқали сўзлашганини маълум қилди.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари Лочин шаҳри ўққа тутилганини билдиришди. Бу шаҳар орқали Арманистонни Тоғли Қорабоғ билан боғловчи асосий йўл ўтади. Агар озарбайжонлик ҳарбийлар бу йўлни кесиб қўйсалар, бу Тоғли Қорабоғни мудофаа қилаётган армани кучлари учун “улкан муаммо”га айланади, дея қайд этади Би-би-си.

Маълумотларга кўра, Лочин шаҳри тўпга тутилгани оқибатида кўплаб уйлар вайрон бўлган. Озарбайжон армияси аввалроқ Лочин шаҳрига уни тўпдан ўққа тутиш мумкин бўлган масофагача яқинлашган эдилар.

Россия: Роспотребнадзор ўз қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш тартибини жорий қилди

Роспотребнадзор барча россияликлар зиммасига жамоат жойларида, транспортда ва лифтларда ниқоб тақиб юриш мажбуриятини юклади. Минтақалар расмийларига кечки соат 23 дан эрталабки соат 6 гача ресторанлар фаолиятини тақиқлаш ва турли тадбирлар ўтказмаслик тавсия қилинган. Қарор 28 октябрдан кучга киради.

Минтақа расмийлари Роспотребнадзорнинг бу тавсияларини эътиборсиз қолдиришлари мумкин, ниқоб тақиб юришдан бош тортганлар учун жазо чоралари кўзда тутилган эмас.

Ҳужжат Россияда коронавирусга чалинганлар сони бетўхтов ошиб бораётгани қабатида қабул қилинган. Октябрь ойида коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ икки марта рекорд кўрсаткич (бир кеча-кундузда 17 минг ҳолатдан кўпроқ) қайд этилган.

27 октябрь куни Россияда коронавирусга чалиниш бўйича 16 минг 550 та ҳолат қайд этилган, эпидемия бошидан бери эса вирус юқтириб олганлар сони 1 миллион 547 минг 774 кишига етган. Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, улардан 360 мингдан зиёди даволанишда давом этмоқда.

Покистон: Мадрасадаги портлашда нобуд бўлганлар сони камида 9 нафарга етди

Пешовардаги портлаш содир бўлган мадраса, 2020 йил 27 октябри.

Покистоннинг Пешовар шаҳридаги диний мактабда 27 октябрь куни содир бўлган портлаш оқибатида камида 9 киши қурбон бўлди, 110 нафардан зиёд одам тан жароҳати олди.

Шаҳар полицияси масъули Вакар Азимга кўра, портлаш мадрасада сабоқ ўтилаётган пайтда содир бўлган. Мулозимнинг айтишича, кимдир мактабга сумка олиб келиб, портлаш рўй бергунича синфни тарк этишга муваффақ бўлган.

Пешовар полицияси раҳбари Муҳаммад Али Гандапур бомба олти килограмм портловчи моддадан иборат бўлган.

Шаҳардаги Lady Reading касалхонаси ходими Муҳаммад Осим тиббиёт муассасасига 7 кишининг жасади ва 70 га яқин ярадор олиб келинганини маълум қилди. Унга кўра, жабрланувчиларнинг кўпчилигига бомба парчалари теккан, айримлари қаттиқ куйган.

Қурбонларнинг ҳаммаси, Осимнинг айтишича, 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган эркаклардир. Ярадорлар орасида ўқитувчилар ва етти яшар болакай ҳам бор. Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олганича йўқ.

Лукашенко рухсат этилмаган акцияларга чиққанлар талабалик ҳуқуқидан маҳрум этилишини билдирди

Александр Лукашенко.

Беларусь президенти Александр Лукашенко рухсат этилмаган норозилик акцияларида иштирок этаётган талабаларни олий таълим муассасаларидан ҳайдашни таклиф қилди.

Ким қонунга зид равишда рухсат этилмаган акцияларга чиқса, талаба бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Марҳамат қилиб, мен айтгандек, улардан кимларнидир армияга, кимларнидир кўчага йўлланг. Кўчада юришаверсин”, деган А. Лукашенко бундай талабалар ўқишдан ҳайдалиши лозимлигини таъкидлади. Унинг сўзларини давлатга қарашли БелТА агентлиги иқтибос ўлароқ келтирган.

Лукашенко ОТМларда ўзларини жирканч тутаётган “кам сонли” ўқитувчилар билан ҳам шундай йўл тутиш лозимлигини урғулаган. Шу билан бирга, у “ҳеч кимга ялиниб-ёлвориб, гап уқтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ”лигини, чунки бунинг фойдасиз эканини урғулаган.

Лукашенко ўқувчилар ва талабаларнинг ота-оналарига ҳам: “Кейин оғриқли бўлмаслиги учун болаларингизни кўчадан олиб кетинг”, дея мурожаат қилган ҳамда “қолганлар”га (норозилик акцияларига чиқишда давом этганларга демоқчи – таҳр.) қонунда кўзда тутилганидек кескин жазо берилиши билан таҳдид қилган.

Беларусда норозилик акциялари шу йил 9 августидан бери – Лукашенко президент сайлови ғолиби деб эълон қилиниши ортидан бошланиб кетган. У мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келмоқда. Мухолифат расмийлар томонидан эълон қилинган сайлов натижаларини тан олмай, уларни сохталаштирилган деб ҳисоблаб, Лукашенко истеъфосини, сиёсий маҳбуслар озод қилинишини ҳамда янги сайлов ўтказилишини талаб қилиб келмоқда.

Президентликка собиқ номзод, мухолифат вакиласи Светлана Тихановская икки ҳафта муқаддам Лукашенкога халқ ультиматумини эълон қилган. Унга кўра, Лукашенко 25 октябргача ҳокимиятдан кетиши ҳақида эълон қилиши керак эди. Бу талаб бажарилмаган тақдирда, Тихановскаяга кўра, 26 октябрдан умуммиллий иш ташлаш ва асосий йўлларни тўсиш амалиётлари бошланади. Ҳақиқатан ҳам, хабарларга кўра, кечадан бошлаб Минск ва бошқа шаҳарлардаги катта-кичик корхоналарда иш ташлаш акциялари бошланган. Оммавий акцияларда қатнашаётганлар орасида талаба ёшлар ҳам кам эмас.

Рамзан Қодиров Франция президентини мусулмонларни “зимдан гижгижлаётганлик”да айблади

Рамзан Қодиров.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Франция президенти Эммануэл Макрон Муҳаммад пайғамбар карикатуралари ёйинланишини дастаклаш билан ўзи ҳам террорчига ўхшаб қоляпти ва “зимдан мусулмонларни террор хуружлари содир этишга чақирмоқда”, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Қодиров ўз Телеграм-каналида билдирган.

Макрон Пайғамбар карикатураси диндорлар томонидан оғриқли қабул қилинишини билмаслиги мумкин эмас. Ақли жойида бўлган ҳар қандай раҳбар каби оловни ўчириш ўрнига у ўз хатти-ҳаракати билан уни баттар алангалатмоқда. Бунақа реакция оқибатлари жуда фожиали бўлиши мумкин”, дея қўшимча қилган Қодиров.

Чеченистон раҳбари Франция президентини “кеч бўлиб қолмай туриб” провокациялар ва динга ҳужумни бас қилишга чақирган. Бундан ташқари, унинг фикрича, айнан дин устидан кулиш ва пародиялар Париж яқинида истиқомат қилган ўқитувчи билан боғлиқ фожиага сабаб бўлган.

Қодиров мақтул ўқитувчи Самюэл Патини эслаш акциясида Франциядаги ҳукумат биноларида Муҳаммад пайғамбар карикатуралари намойиш қилинганини ана шундай изоҳлаган.

23 октябрь куни бош танасидан жудо этилган ўқитувчи хотирасига бағишлаган мотам маросимида Макрон “ислом инқироз ҳолатида”, дея билдириб, Франция республикасининг дунёвий қадриятларини радикал исломдан ҳимоя қилишга чақирганди. У ҳалок бўлган ўқитувчини “болаларга сўз эркинлигини, динга ишониш ёки ишонмаслик эркинлигини ўргатган сокин қаҳрамон” деб атаган, ўқитувчига ҳужумни эса “исломий теракт” дея баҳолаган. Макрон Франция ўзининг “карикатура ҳуқуқи”дан чекинмаслиги ва воз кечмаслигини ҳам билдирган.

Макроннинг ислом ҳақидаги баёнотлари Яқин Шарқнинг қатор давлатларида норозиликларга сабаб бўлган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Макронга “психиатрда даволаниш”ни маслаҳат берган.

Сешанбага ўтар кечаси Франциядаги ўнлаб сайт хакерлар ҳужумига учраган. Сайтларда ислом ва Муҳаммад пайғамбар ғалабаси ҳамда Франция ҳалокатига чорлаган шиорлар, мамлакат президенти Эммануэль Макроннинг чўчқа шаклидаги тасвири пайдо бўлган.

47 ёшли Самюэль Пати 16 октябрь куни Париж яқинидаги Конфлан-Сен-Онорин шаҳарчасида ўлдирилганди. Ўлимидан аввалроқ у ўқувчиларига Charlie Hebdo журналида босилган ва Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган карикатураларни кўрсатган ҳамда улар билан сўз эркинлиги мавзусини муҳокама қилган. Шундан сўнг унга таҳдидлар бошланган.

Ўқитувчининг ўлимида Москвада туғилган Абдуллоҳ Анзоров гумонланган. Унинг оиласи 2008 йили Франциядан бошпана сўраганди. У Твиттердаги ўз саҳифасига боши танасидан жудо қилинган Патининг суратини жойлаб, ўқитувчи пайғамбарни ҳақорат қилгани учун “қатл этилгани”ни билдирганди. Полициячилар Анзоровни қўлга олишга уринганлар, бироқ у пневматик тўппонча ўқталгани учун отиб ўлдирилган.

Покистондаги мадрасада содир этилган портлашда камида 7 талаба ҳалок бўлди

Пешавордаги мадрасада юз берган портлашда ярадор бўлганлардан бири.

Покистоннинг Пешовар шаҳридаги мадрасада 27 октябрь куни бомба портлаши оқибатида камида 7 талаба ҳалок бўлди, 70 киши яраланди.

Полиция расмий вакили Вакар Азимнинг айтишича, портлаш пайтида мадраса ичида камида 60 талаба дарс олётган бўлган.

“Кимдир мадрасага бомба солинган сумкани олиб кирган. У портлаш юз бергунига қадар мадрасани тарк этган”, - деди Вакар Азим.

Пешовардаги Леди Ридинг касалхонаси расмий вакили доктор Муҳаммад Асим Хон тиббиёт муассасасига 7 жасад ва 70 ярадор олиб келинганини билдирди.

Расман билдирилишича, мазкур мадрасада Афғонистондан келган талабалар ўқиган. Ҳозирча бирорта гуруҳ портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олмади.

NASA: Ойнинг ёруғ томонида сув бўлиши эҳтимол (ВИДЕО)

Британия рассоми Люк Жеррамнинг уч ўлчамли "Ой музейи" инсталляцияси. Ригада 2010 йилнинг 5 сентябрида ўтган 15- оқ тунлар фестивали.

Ойнинг ёруғ томонидаги қора кратерларда сув йиғилиши кузатилди. Бу ҳақда Германия-Америка Инфрақизил астрономия стратосфера обсерваторияси – SOFIA олмлари маълум қилдилар.


“Nature Astronomy” журналида чоп этилган мақолада: “Биз Ойнинг ёруғ томонида сув борлиги белгиларини кўрдик. Энди биз Ойда сув борлигини биламиз”,- деб билдирган NASAнинг астрофизика бўлими бошлиғи Пол Херц.


Унга кўра, мазкур кашфиёт Ой захираларини ўрганишнинг янги истиқболини очиб берди.

Кузатувчилар Украинада сайлов шаффоф ўтганини, аммо “овозларни сотиб олиш” ҳолати бўлганини билдирди

Украина президенти Володимир Зеленский маҳаллий сайловда овоз бермоқда.

Халқаро ташкилотлар Украинада 25 октябрь куни ўтган маҳаллий сайловлар шаффоф бўлгани тўғрисида маълум қилди. Айни пайтда кузатувчилар сайлов давомида “овозларни сотиб олиш” авж олганини ва маҳаллий нашрларда холислик кузатилмаганини айтмоқдалар.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси 26 октябрда тарқатган баёнотда “партия кузатувчилари қатор ҳолатларда овозларни санаш жараёнига аралашгани ва бевосита иштирок этгани”, “номзодлар эса бемалол тарғибот ишларини олиб борганлари” қайд этилган.

Бундан ташқари овоз бериш жараёнида муайян номзодлар фойдасига административ ресурслардан фойдаланилган ва “овозларни сотиб олиш ҳолатлари авж олгани кузатилган”.

Украинада 25 октябрда ўтказилган маҳаллий сайловларда, экзит-полл натижаларига қараганда, амалдаги президент Володимир Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” партияси рақибалари устунлик қилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти “пандемиядан чарчаган”ларни “бардам бўлиш”га ундади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адхан Гебрейесус.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – ЖСТ раҳбари Тедрос Адхан Гебрейесус шимолий ярим шарда жойлашган мамлакатларининг кўпида коронавирусга чалинганлар кўрсаткичи мунтазам ўсиб бораётганини, Европа ва Шимолий Америкада касалхоналар “мисли кўрилмаган даражада тўлиб кетгани”ни маълум қилди.

Тедрос коронавирус оқибатида жорий қилинган чекловлардан “одамлар чарчагани”ни тушуниб турганини айтди ва “пандемияга таслим бўлмаслик”ка чақирди.

Аввалроқ Европа давлатлари ва Қўшма Штатларда коронавирусга чалинганлар сони кўпайиб бориши ортидан чекловлар жорий этилаётгани хабар қилинган эди.

Чехия 28 октябрдан бошлаб тунда комендантлик соати жорий этган Европадаги навбатдаги давлат бўлди. Пандемия оқибатида Прагада ҳар йили ўтказиладиган Рождество ярмаркаси ҳам бекор қилинди. Аввалроқ Германия ҳам Рождество ярмаркалари ўтказилишини тўхтатган эди.

Жорий йилнинг мартидан то шу кунгача жаҳонда 43 миллион одам коронавирусга чалинди. Беморлардан 1 миллион 100 мингги вафот этди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG