Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2020, Тошкент вақти: 07:02

Андижонда ИИБ қийноғидан комага тушган йигит вафот этди, уч ходимга жиноят иши қўзғатилди


Тармоқда тарқалган видеода синглиси касалхонада кома холатида ётган акасининг 30 май куни Андижон шаҳар 4-сон милиция бўлимига соппа-соғ чиқиб кетганини айтган.

Андижон шаҳар ИИБсининг уч нафар ходими мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, гумонланувчини қийноққа солиш ҳамда шафқатсиз муомала қилишда айбланиб, қамоққа олинган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати 13 июнь куни маълум қилди.

Шу йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган 32 ёшли А.Абдукаримов ​11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ижтимоий тармоқларда хабар қилинганди.

Тармоқда тарқалган видеода синглиси касалхонада кома ҳолатида ётган акасининг 30 май куни Андижон шаҳар 4-сон милиция бўлимига соппа-соғ чиқиб кетганини айтган.

"Акам мана кома ҳолатида, 4-отделенияга соппа-соғ чиқиб кетганди. Мана баданларида кўкарган жойлари бор. Акам ўлим тўшагида", дея гапирган видеода Абдукаримовнинг синглиси.

Маълум бўлишича, Абдукаримов комадан чиқмай 11 июнь куни оламдан ўтган.

Бош прокуратура матбуот хизмати 30 май куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалига Андижон шаҳар, Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.Абдукаримов тан жароҳатлари билан олиб келингани, ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, шу куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206 (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234 (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ва 235-моддалари (Қийноққа солиш) билан айб эълон қилиниб, улар қамоққа олинган.

Аниқланишича, ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувидаги ариза юзасидан фуқаро А.Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб туришган.

"Бунинг оқибатида А.Абдукаримовнинг соғлиғи ёмонлашгач, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган", дейилади Бош прокуратура билдирувида.

Шу ҳафта бошида Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова кейинги йилларда ички ишлар органлари ходимлари томонидан қийноққа солиш ҳолатлари кўпайганини афсус билан қайд этганди.

XS
SM
MD
LG