Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:56

Сўхликлар: Тошкентдаги City қурилишлари бошлиқлари Бош вазир берган ваъдани инобатга олмаяпти


Тошкентда сўхлик қурувчилар жойлаштирилган Olmazor City қурилиш майдончаларидан бири, 16 июнь, 2020
Тошкентда сўхлик қурувчилар жойлаштирилган Olmazor City қурилиш майдончаларидан бири, 16 июнь, 2020

Пойтахтдаги Olmazor City ва Yunusobod Business City қурилиш майдонларига жойлаштирилган сўхликлар, уларга Бош вазир Сўхда ваъда қилган ойлик маош Тошкентга келишганида, 4 миллион сўмдан 2 миллион сўмга туширилганини айтмоқда.

Бундан ташқари, айрим сўхлик усталар, иш бошида ваъда қилинган 1 миллион сўмлик аванс ҳам берилмагани, баъзилари ҳануз иш бошламасдан, контейнерларда қамалиб ётганини айтмоқда.

Қурилиш майдончаларига масъул Discover Invest ширкати маъмурияти фақат электрон мактуб орқали қилинган мурожаатга жавоб берилишини билдирган. Бундай мурожаатга ҳануз жавоб келгани йўқ.

Шу йилнинг 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг баҳсли ҳудудидаги Чашма булоғи устида икки давлат ватандошлари ўртасида тўқнашув чиққан ва бунинг ортидан Сўхга борган Бош вазир Абдулла Арипов, 500 сўхликка Тошкентдан яхши маошли иш ваъда қилган эди.

Чегарадаги тўқнашув ортидан, шу йилнинг 2-3 июнь кунлари, Бош вазир Сўхга юборган вазирлар делегацияси туман аҳли билан учрашиб, қурувчи уста ва оддий ишчиларни пойтахтга ишга таклиф қилган эди.

Тошкентдан борган расмийлар билан шахсан учрашганини айтган бир неча сўхлик устага кўра, ўшанда уларга 4 миллион сўмгача ойлик маош ваъда қилинган.

Аммо Тошкентга олиб келиниб, Olmazor City қурилиш майдонига жойлашган куниёқ, улар маош ҳақидаги ваъда ёлғон, деган хулосага келишган. 4 млн сўмлик ойликни мўлжаллаб келган усталардан бири бундай деди:

“Бизга қора ишга 2 – 2 ярим миллион, мастерлар ишига 3 – 4 миллион сўмдан ойлик оласизлар, дейишган. Боришингиз билан қўлингизга 1 миллион сўмдан аванс берамиз, бола-чақангизга жўнатасиз ҳам, дейишганди. Ўша ваъдага ишониб, Сўхдан йўл босиб келдик. Қарасак, бу ерда умуман бошқа гап - аванс ҳақида асло гап йўқ. Биринчи ойда ҳаммангиз 2 миллион ойликка ишлайсиз, кейин ишингизга қараб, ойликни оширамиз, дейишди. Қанчага ошишини айтишмади. Аксинча бу ерда одамлар 1 ярим миллион сўмга ғишт теряпти, сизлар 2 миллионга норозимисиз, деган гапларни қилишяпти ҳозирдан”.

Исмини ошкор қилишни истамаган усталар – моҳир сувоқчи, бўёқчи экани, бир уйни пойдевордан бошлаб, тўлиқ битира оладиган қурувчилар эканлигини айтмоқда.

Усталардан бирининг айтишича, уларга шартнома имзолатишган, аммо шартнома матни билан танишиш имконини беришмаган:

“Шартномага қўл қўйдиришди, ўқитибам ўтиришмади, биз ҳам ўқимадик. Лекин, биз қора ишчимасмиз – устамиз. Қўлимизга берган асбоблари эса эски, 10-15 кишига битта перфоратор. Бунақада биз яхши иш қилолмаймиз, демак ойлигимиз ҳам ошмайдими шунда? Бу саволларга жавоб йўқ. Шартноманинг нусхасиниям қўлимизга беришмади. Бунинг устига, иш яхши чиқмаса, зое кетган материалнинг пулини ҳам тўлайсиз, дейишибди сувоқчи болаларга. Агар шу ойлик ва шу шартларни Сўхда очиқ айтишганида, биз бу ерга келиб ўтирмасдик, тўғриси”.

Бу усталар Сўхдан олиб чиқилганида айнан қайси қурилиш майдончасига, қайси ширкат тасарруфидаги объектга олиб кетилаётганидан ҳам бехабар бўлганини айтишмоқда.

Бундан ташқари, сўхликлар Тошкентга келиб тушганидан бери улар билан учрашган бирор мулозим ўзининг кимлиги ва қайси ширкатнинг вакили эканини айтмаганини иддао қилмоқда:

“Шунча одам келиб кетяпти, бирортаси исмини айтмайди. Бизни қайси ширкат ишга ёллади, ким иш беряпти, бир дардимиз бўлса, кимга айтайлик – ҳеч қанақа гап йўқ. Агар Сўхда берилган ваъдасига қарасак, бизга катта ойликни ваъда қилиб, алдаб Тошкентга олиб келиб, энди қора ишчи қилиб, ярим ойликка ишлатишмоқчида?! Бугун саҳардан 10 та ишчи чўнтагида бир сўм пулсиз чиқиб кетди бу ердан. Рози бўлмади бу шароитга. 1 ярим - 2 миллион сўмни усталар Сўхда ҳам топади, жуда бўлмаса, Россияга, Қозоғистонга кетади. Карантин, деб контейнерларга тиқиб қўйган, келганимиздан бери на иш, на бир ҳужжат, на бир масъулиятни зиммасига олган раҳбарни кўрдик. Ётибмиз”.

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Yunusobod Business City лойиҳаси доирасидаги қурилиш майдончасига жойлаштирилган бир неча сўхлик ишчи ҳам айни шароитга тушиб қолганидан арз қилди.

“Келганимизга бир неча кун бўлди, ҳалиям иш бошламадик. Ойликни 2 миллион сўм, дейишяпти, унақа 3 миллион - 4 миллион сўм ойлик, аванс ҳақида гап йўқ. Қаерга келдик, бу қанақа ширкатнинг қурилиш объекти, қанча ишлаймиз – ҳеч қанақа гап йўқ. Сўхда берилган ваъдалар ҳақида ҳеч гап йўқ. Поездда кечаси олиб келиб ташлашган, ётибмиз шундан бери”, деди ўндан ортиқ ишчи номидан гапирган сўхлик усталардан бири.

Озодликка бу ишчилар жойлаштирилган шароит акс этган суратлар ҳам келиб тушди. Суратлардан кўринишича, ёзнинг иссиғида темир контейнерларга жойлаштирилган ишчиларнинг яшаш шароити санитария ва гигиена қоидаларига жавоб бермайди.

Сўхлик қурувчилар жойланган контейнер, 16 июнь, 2020
Сўхлик қурувчилар жойланган контейнер, 16 июнь, 2020
Сўхлик қурувчилар жойланган контейнер, 16 июнь, 2020
Сўхлик қурувчилар жойланган контейнер, 16 июнь, 2020

Озодлик Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Olmazor City ва Yunusobod Business City лойиҳалари доирасидаги қурилишларни олиб бораётгани айтилган Discover Invest ширкатига мурожаат қилди.

Ширкат вакили сўхлик ишчилар мурожаати ортидан пайдо бўлган саволларга фақат электрон почта орқали йўлланган расмий мактубдан сўнг жавоб берилишини билдирди. Озодлик мухбири тақдим қилинган электрон манзилга саволларни йўллади. Саволларга ҳозирча жавоб келгани йўқ.

Шунингдек, бу ишчилар мурожаатига Сўх тумани ҳокимлигидан ҳам ҳозирча бирор расмий муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Ҳокимлик Ахборот хизмати шу йилнинг 8 июнь куни 230 ёш сўхлик ишчи автобусларда тумандан Фарғонага йўл олганини хабар қилган эди:

“Фаоллар йиғилишида Бош вазир томонидан 500 нафар сўхлик ёшларни Ватанимиз пойтахти – Тошкент шаҳридаги қурилишларга сафарбар этиш таъкидланганди. Бугун туман марказидан рӯйхатга олинган 230 нафар ёшларимизнинг биринчи гуруҳи автобуслар орқали Фарғона шаҳрига жӯнаб кетишди. Ёшларимиз Фарғонадан Тошкент шаҳрига – Tashkent City томон йӯл олишади”.

Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати тарқатган сурат, 8 июнь, 2020
Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати тарқатган сурат, 8 июнь, 2020

Сўх туман ҳокимлиги 8 июнь куни эълон қилган расмий маълумотга кўра, жами 500 сўхлик Тошкент шаҳридаги қурилиш объектлари учун ишга ёлланган.

Тошкентдаги қурилишларнинг асосий қисмини эса айнан Discover Invest ширкати амалга оширмоқда. Ширкатнинг Facebook тармоғидаги саҳифасида маълум қилинишича, пойтахтда кўпқаватли тураржой ва бизнес комплекслари, савдо мажмуаларидан иборат 20 га яқин янги лойиҳаларни амалга оширган.

Бу лойиҳаларга ишчи сифатида ёлланган ўзбекистонликлардан, қурилиш майдончаларидаги шароитнинг оғирлиги, егуликнинг сифатсизлиги, маошнинг эса паст экани ва вақтида берилмаслиги ҳақида Озодликка кўплаб шикоятлар келган.

Discover Invest, Озодлик гаплашган компания расмийсининг айтишича¸ Akfa Group ҳолдингига қарашли. Бу ҳолдинг акцияларининг 70 фоизи эса¸ Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) ​томонидан Озодликка тақдим этилган ҳужжатларга кўра¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашлидир.

XS
SM
MD
LG