Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:16

Адвокат ва ИИВ мулозими: 19 июнга Тоштурмада Гулнора Каримова устидан яна бир маҳкама белгиланди


Ҳозирга қадар Тошкент Каримованинг Швейцарияда музлатилган пулларидан 133 миллион долларини қайтаришга муваффақ бўлди.
Ҳозирга қадар Тошкент Каримованинг Швейцарияда музлатилган пулларидан 133 миллион долларини қайтаришга муваффақ бўлди.

Ички ишлар ва адлия тизими мулозимларининг Озодликка билдиришича¸ 19 июнь куни Тошкент шаҳар 1-сонли тергов изоляторида (янги Тоштурма) Ўзбекистон Биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова устидан яна бир ëпиқ маҳкама ўтказилиши белгиланган.

Шу муносабат билан бу муассасада ўтказилиши режалаштирилган бошқа маҳкама жараëнлари бошқа кунга қолдирилган.

Норасмий маълумотга кўра¸ маҳкамада жорий йилнинг 18 март куни Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова устидан чиқарилган ҳукм устидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилиши белгиланган. Айтилишича¸ қонунчиликка кўра¸ апелляция берилганидан сўнг бир ой ичида ўтказилиши лозим бўлган бу маҳкама, карантин боис, икки ой кечикиб ўтказилмоқда.

18 март кунги суд Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб¸ унга 13 йил 4 ойлик қамоқ жазоси тайинлаган эди. Ушбу ҳукм кучда қолса¸ Гулнора Каримова 2029 йилга қадар қамоқда қолади.

Ўзбекистон Олий суди Матбуот хизмати 19 июнь куни Гулнора Каримова устидан яна бир маҳкама белгилангани ҳақидаги хабарни на инкор қилди ва на тасдиқлади. Ҳозирча Озодликнинг бу хабар бўйича юборган саволлари жавобсиз қолмоқда.

19 июнга белгиланган ëпиқ суд

Озодликка ички ишлар тизимида ишловчи мулозимнинг шахси сир қолиш шарти билан билдиришича¸ 2020 йилнинг 19 июнь куни Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган Тошкент шаҳар 1-сонли тергов изоляторида ўтиши белгиланган бошқа суд жараëнлари 18 июнь кечқурун бекор қилинган.

Эрталабки соат 10 га Гулнора Каримованинг суди белгилангани учун бошқа ишлар қолдирилди. Карантин туфайли жиноят ишлари бўйича аксар ишларни кўриб чиқиш 1 августгача қолдирилган. Қолдирилмаганлари¸ Тоштурманинг ўзида бўляпти¸ судьялар шу ерга келиб¸ суд ўтказяпти. 18 мартдан бери Гулнора Каримова Тоштурмада сақланяпти¸ карантин туфайли этап қилишлар ҳам тўхтатилган”¸ деди ИИВдаги мулозим.

Озодлик боғланган тошкентлик адвокатлардан бири ҳам 19 июнь куни ўз мижозлари устидан ўтказилиши белгиланган суд мажлисининг охирги соатларда кечиктирилганини тасдиқлади.

Кеча кечқурун суддан телефон қилиб¸ 19 июнь кунги ишлар бошқа кунга қолдирилганини айтишди. Суддагилар Тоштурмада Гулнора Каримова устидан суд бўлади¸ шунга деб очиқ айтишди. Турма катта¸ лекин суд ўтказиладиган зали кўпмас¸ каттароқ зали битта¸ билишимча. Хавфсизлик чоралари¸ овоза бўлмаслиги учун ҳам бизникини қолдиришди¸ шекилли”¸ деди номи очиқланишини истамаган адвокат.

Норасмий маълумотларга кўра¸ Гулнора Каримовага Ўзбекистон ҳукумати томонидан тайинланган адвокатлар 18 март кунги ҳукм устидан апелляция шикояти киритган¸ лекин уни кўриб чиқиш карантин даврига тўғри келгани учун¸ қонунчиликда белгиланган бир ойдан кечиккан.

Ўзбекистон Олий суди Раëсатининг 20 март кунги қарори билан карантин даврида судлар томонидан фақат кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишларнинг кўриб чиқилишига рухсат берилган. Қамоққа олиш эҳтиëт чорасини қўллаш¸ қамоқда сақлаш муддатини узайтириш¸ ўзгартириш ëки бекор қилиш¸ шахсни тиббий муассасага жойлаштириш¸ маъмурий қамоққа олиш¸ шахсни ғайриихтиëрий тартибда психиатрия стационарига ëтқизиш (стационарда ëтиш муддатини узайтириш) каби ишлар бундан мустаснодир.

19 июнь куни Гулнора Каримова устидан белгиланган суд мажлисининг бўлиб ўтган-ўтмагани¸ унда ҳукм чиққан-чиқмагани¸ жараëн мутлақ ëпиқ бўлгани боис¸ ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Ўзбекистон Олий суди Озодликнинг 19 июнь кунга белгиланган ушбу маҳкамага оид саволларига ҳозирча жавоб бермади.

Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Грегуар Манжа 19 июнь куни ўз мижози устидан суд бўлишига оид хабарни Озодликдан эшитиб турганини билдирди.

- Бундан на менинг¸ на фарзандларининг хабари бор. Бу яна мен 17 июнь куни ëзган твитларнинг нақадар долзарблигини кўрсатади¸ деди 19 июнь куни Озодлик гаплашган Манжа.

Швейцариялик адвокатнинг сўнгги твитлари

2020 йилнинг 17 июнь куни Гулнора Каримованинг Швейцариядаги хусусий адвокати Grégoire Mangeat (Грегуар Манжа) ўз Twitter саҳифасида ëзган твитларида яна бир бор ўзбекистонлик VIP мижози тақдирига эътибор қаратди.

Швейцариялик таниқли адвокат бу твитларни ўз мижози билан сўнгги марта кўришганига бир йил тўлгани муносабати билан ëзганини таъкидлади.

Манжага кўра¸ Гулнора Каримованинг қизи Имонга кейинги 11 ой ичида онаси билан икки марта – 2019 йилнинг 9 июль ва 22 август кунлари дераза ортидан кўришишига рухсат берилган¸ холос. Ўғли Ислом эса¸ онасини 2014 йилдан бери бирор марта кўрмаган.

Лондонда яшаб келаëтган набира Ислом Каримовнинг охирги марта Ўзбекистонга қачон боргани маълум эмас¸ у бобосининг 2016 йилги жанозасида ҳам кўринмаган.

Манжанинг ëзишича¸ ўзининг Ўзбекистонга киришини 2024 йилга қадар тақиқлаган Тошкент расмийлари¸ Гулнора Каримова “ишончини қозонган” ҳамкасби Фанни Маргайразнинг мамлакатга киришига ҳам рухсат бермаган. Адвокат бу тақиқда “Гулнора Каримова суди учун масъул бўлган Швейцария федерал прокурорлари” қўли борлигига ишорат қилди.

Гулнора Каримова билан алоқада бўлган маҳкумалар оилалари¸ Манжага кўра¸ Гулнора Каримованинг касаллигини¸ унинг жисмоний саломатлиги қониқарсиз экани ва мунтазам руҳий босим остида эканини билдирган.

17 июнь кунги твитларида Грегуар Манжа¸ жорий вазиятдаги ўз позициясини яна бир бор ойдинлаштириб¸ Гулнора Каримованинг бирор марта жиноят ишлари бўйича жаҳон нормаларига мининум даражада жавоб берадиган шароитда суд қилинмаганини таъкидлайди.

Греагуар Манжанинг Гулнора Каримова ҳақидаги 2020 йил 17 июнь кунги твитлари
Греагуар Манжанинг Гулнора Каримова ҳақидаги 2020 йил 17 июнь кунги твитлари

Каримованинг нормал ҳуқуқий ҳимоядан мосуво қолаëтганини яна бир бор урғулаган Манжа¸ бундай ҳатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон ҳукумати вазиятга музокаралар орқали ечим топиш имконини йўққа чиқарганини айтади.

- Мижозимизга нисбатан муносабати ва унинг ўта ёмон аҳволи туфайли ўзбек расмийларининг обрўси дунё жамоатчилиги кўзида бир пул бўлмоқдаки, бунинг учун масъулият ҳукуматнинг ўз зиммасидадир ¸ дейилади Манжанинг 17 июнь кунги твитлари сўнгида.

Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида 2012 йил ëзида музлатиб қўйилган 1 миллиард долларга яқин пулининг ўз ихтиëрига берилиши учун курашаëтган Мирзиëев ҳукумати аввалига Грегуар Манжа билан ҳамкорлик қилиб¸ унинг ўз мижози билан учрашишига рухсат берди.

Каримованинг қизи Имон иддаосича¸ томонлар ўртасидаги яширин музокаралар Ўзбекистон томони ўз ваъдаси устида турмагани ортидан тўхтатилган ва шундан сўнг Каримова томони унинг пулларини Ўзбекистонга қайтарилишига кескин қаршиликни кучайтирган.

Ҳозирга қадар Тошкент Каримованинг Швейцарияда музлатилган пулларидан 133 миллион долларини қайтаришга муваффақ бўлди.

XS
SM
MD
LG