Линклар

Шошилинч хабар
10 июл 2020, Тошкент вақти: 09:08

Катта Оға кузатуви: Россия мактабларига камералар ўрнатилади


Ҳуқуқ фаоллари Россия бўйлаб кузатув камералари чекловларсиз жорий қилинаётганини танқид қилмоқда.

«Ведомости» кундалик газетасининг хабар беришича, Россия бўйлаб мактабларда кузатув камераларини ўрнатиш учун 29 миллион доллар қийматга эга шартномалар имзоланган.

Бу камералар юзни аниқлаш тизимига уланган бўлиб, унга Россия расмийлари Оруэлл номини беришди.

Британиялик ёзувчи Жорж Оруэлл ўзининг «1984» ҳамда «Молхона» романлари билан шуҳрат қозонган. Инсоният тарихидаги энг яхши китоблар рейтингларига киритилган «1984» романи ўзбек тилига ҳам ўгирилган.

Россия мактабларига назорат камераларини ўрнатиш лойиҳасини «Ростек» таркибига кирувчи «Информатизация миллий маркази» амалга оширади.

Ширкатнинг «Ведомости»га интервью берган ходимига кўра, кузатув тизимлари Россия бўйлаб 1 608 та мактабга берилган.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган ходимнинг айтишича, кузатув камералари ўқувчиларнинг келиб-кетиш вақтини назорат қилишни ҳамда мактабга кирмоқчи бўлган бегона шахсларни аниқлашни кўзлайди.

«Роснано» таркибига кирувчи «ЭЛВИС-НеоТек» ширкати вакили Евгений Лапшевнинг сўзларига кўра, айнан шу ширкат кузатув тизимларини тайёрлаб беради.

Лапшев Оруэлл тизими Россиядаги 43 мингдан ошиқ барча мактабга ўрнатилишини айтди.

16 июнь куни «РБК» нашри эълон қилган мақолада ёзилишча, «Информатизация миллий маркази» ходими «Ведомости» хабарида келтирилган айрим маълумотларни рад этган.

Хусусан, ходим ширкат 43 минг мактабга камера ўрнатиш учун шартнома имзоламаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «Информатизация миллий маркази» 1 600 та Россия мактабида видео кузатув тизимини ўрнатиш дастурида қатнашяпти, холос.

Ходим, шунингдек, тизимлар киши юзини аниқлай олмаслигини, Россиядаги барча мактабни бундай тизим билан жиҳозлаш қарори ҳали чиқарилмаганини қўшимча қилган.

Кейинги йилларда Россия мактабларида зўравонлик ҳолатлари кўпайди. 2017-2018 йилларда содир бўлган ўқувчилар орасида содир бўлган пичоқлашлар ортидан расмийлар мактабларда хавфсизликни оширишга чорлай бошлаган эди.

Аммо инсон ҳуқуқлари фаоллари кузатув ва хавфсизликни ошириш баҳонасида киши юзини аниқлаш тизимлари ҳамда бошқа кузатув технологиялари чекловларсиз жорий қилинаётганини танқид қилмоқда. Бу ҳолат эса сўз ва ҳаракат эркинлиги чекланишига, маълумот махфийлиги йўқотилишига етаклайди.

Март ойидан бери Россия расмийлари юзни аниқлаш технологиялари ёрдамида карантинни бузган шахсларни аниқлаб келади. Буни йўлга қўйиш учун Москва шаҳрининг ўзида 100 мингдан ошиқ камера ўрнатилди. Мазкур камералар марказий маълумотлар базасига уланган бўлиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ундан исталган пайтда фойдалана олади.

Шунингдек, пандемия бошланганидан бери ишлаб чиқилган қатор смартфон иловаси маълумот хавфсизлиги ҳақида хавотирларга сабаб бўлди. Фаолларнинг айтишича, COVID-19 симптомлари қайд этилган шахслар ўрнатиши шарт бўлган иловалар пандемия тугаганидан кейин ҳам аҳолини кузатиш йўлида ишлатилиши мумкин.

2019 йилнинг октябрида Москвада юзни аниқлаш камералари ишлатилишига қарши судга шикоят йўллаган фаол Алёна Попова коронавирус баҳонасида расмийлар абсолют назоратни йўлга қўйиш устида ишлаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Ўтган йилнинг кузида Россия Таълим вазирлиги мактабларда юзни аниқлаш тизимлари ўрнатиш шартларини белгилади.

«Известия» нашрининг хабар беришича, бу тизимлар ишга тушиши учун мактаб ишчилари ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари розилик бериши керак бўлади.

XS
SM
MD
LG