Линклар

Шошилинч хабар
08 июл 2020, Тошкент вақти: 16:53

Рамзан Қодиров Грузияга киллер жўнатдими?


Георгий Габуния 2019 йилда жонли эфирда Россия президентини ҳақорат қилгани ортидан Қодиров уни “менинг душманим” деб атаган эди.

Грузия матбуотига кўра, 12 июнь куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ёллаган "киллер" қўлга олинган.

Ингушетиялик 38 ёшли Васамбек Боков Путинни ҳақоратлаган грузин журналисти Георгий Габунияни ўлдириши керак бўлгани айтилмоқда.

Грузия Давлат хавфсизлик хизмати ҳам 12 июнь санасида В.Б. исмли Россия фуқароси қўлга олингани ҳақида баёнот берган.

Баёнотда келтирилишича, “операция буюртма асосида қотилликни амалга ошириш бўйича тергов доирасида ўтказилган”. Бироқ гумон қилинаётган шахс “сохта ҳужжатдан фойдаланганлик” айби билан ҳибсга олинган.

Хавфсизлик хизматининг 15 июнь куни эълон қилинган махсус баёнотида қотиллик айнан кимга қарши режалангани кўрсатилмаган.

Рамзан Қодиров бу иш ортида тургани ҳақидаги айбловларни инкор этган.

“Ишонинг, агар менинг буйруғим билан кимдир бирор ишни қилиши керак бўлса, албатта бажарган бўлар эди. Агар буни махфий амалга ошириш зарур бўлса, сизнинг қолоқ мамлакатингизга асло ошкор бўлмайди”, - деб ёзди Қодиров ўзининг Телеграмдаги каналида.

Георгий Габуния 2019 йилда жонли эфирда Россия президентини ҳақорат қилгани ортидан Қодиров уни “менинг душманим” деб атаган эди. Чеченистон раҳбари ўз фикридан қайтмаганини маълум қилди.

“У бизнинг давлатимизни, халқимизни ҳақорат қилди. Демак, шахсан мени ҳақорат қилди. Георгий Габуния тиз чўкиб кечирим сўраши керак. У бир кишини эмас, бутун россияликларни изза қилди. Грузия ҳукуматидан ўз фуқаросини қайта тарбиялаш бўйича чора кўришини талаб қиламан. Габунияга тўғри хулоса чиқариб, ақлини йиғиб олишни тавсия қиламан. Акс ҳолда, такрор айтаман, у менинг душманимлигича қолади”, деб ёзди Қодиров.

Габуния 2019 йилнинг июлида “Рустави-2” каналида Путинни ҳақоратлагани ортидан икки ой муддатга ишдан четлатилган эди.

XS
SM
MD
LG