Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2020, Тошкент вақти: 22:30

“Bukhara City” қурилиши сабаб бузилган иморатлари учун товон талаб қилган тадбиркорлар босимга учрамоқда


Ўзбекистон пойтахтидан то вилоят ва туман марказларига қадар замонавий ситилар қуриш режаси минглаб ўзбекистонликлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

“Bukhara City” қурилишини амалга ошириш учун бузилган иморатлар эгалари бир йилдирки, ўз ҳақларини ололмаяпти.

Товон талаб қилган тадбиркорларга кўра, эндиликда улар мутасаддилар босими остида қолмоқда.

Бухоро шаҳар ҳокимлиги расмийси тадбиркорлар иддаосини асоссиз эканлигини таъкидлади.

Ҳукумат қарорига кўра, Бухоронинг 83 гектар майдонида самарасиз фойдаланилаётган объектлар, бино ва иншоотлар бузилиб, улар ўрнига замонавий “Bukhara City” қурилади.

Асли касби адковат бўлган бухоролик Манзура Жўраева 2018 йилда тадбиркорлик мақсадида икки қаватли бино қурилишини бошлаган ва банкдан 260 миллион сўмлик кредит ҳам олган.

Манзура Жўраевага кўра, иморат қурилиши тугаши арафасида бу ҳудудда “Bukhara City” қурилиши сабаб унинг янги биноси бузилиши борасида огоҳлантириш олган:

- Бизга огоҳлантириш хатлари беришди. “Муаммоларингизни икки ойнинг ичида ҳал қилиб берамиз”, деб айтди. Шаҳар ҳокимлиги, вилоят ҳокимлиги мажлис қилдилар. “Қарор чиқди, компенсация тўловлари тўлаб берилади” дейишди. Кейин 911-сонли қарор чиқди. Қарорга кўра, “Компенсация пули олгандан кейингина иморатлар бузилади”, дейилди. Лекин амалда бирор натижа бўлмади.

Бир йил давомида курашиб, ҳаққини ололмаётган Манзура Жўраева эндиликда маҳаллий ҳокимлик босими остида қолганини айтади:

- Ҳокимият ўзининг ваколатидан четга чиқиб, ҳамма вариатларни қўллаяпти. Банк орқали менга босим ўтказяпти. Адлиядан, прокуратурадан одам чақириб, мен билан савол-жавоб қилдиришди. Адлия ёки прокуратура келиб, мен билан савол-жавоб қилишга ҳақли эмас. “Сиздан давлат эҳтиёжлари учун ерни оляпмиз. Агар кўнмасангиз судга берамиз. Суд орқали оламиз”, дейишди.

Манзура Жўраева икки қаватли иморати ўрнига янгидан иморат қуриб беришларини талаб қилмоқда:

- Бинони 1 миллиард 100 миллион сўм деб баҳолашган. Бу бозор нархи эмас, фақат қурилиш материаллари нархи. Менга товон пули керак эмас. Мен қурдирган бинонинг ўрнига бино қуриб берсин. Улар “ер берамиз” дейди. Мен қурувчи бўлмасам, ерни нима қиламан?

Манзура Жўраева билан суҳбатни қуйида тўлиқ тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:28 0:00
Бевосита линк

“Bukhara City” қурилиши сабаб иморатларидан айрилган ва бир йил давомида товон пули ололмаётган Манзура Жўраеванинг бир гуруҳ қўшнилари ҳам Озодлик орқали президент Мирзиёевга мурожаат қилди:

“Бухородан бир гуруҳ тадбиркорлар, жонимиздан тўйганимиз учун президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллашга мажбур бўляпмиз. “Bukhara City” фони остида тадбиркорлик фаолиятимиз тўлиқ тўхтатилди, бизга қонуний тегишли бўлган ер майдонларидаги объектларимиз мажбурий бузилиб, ҳайдаб чиқаришди. Товон пуллари тўлаб беришса ҳам майли эди, кўчада қолиб кетдик. Ўзбекистонда, Бухорода қонунлар амалда ишлайдими ўзи? Адолат қарор топишини илтимос қилиб сўраб қоламиз”.

Ҳозирда Манзура Жўраева сингари босим остида қолганини айтган бухоролик тадбиркорлар ўзлари тайёрлаган видео роликни ҳам Озодликка тақдим қилишди. Унда чорасиз қолган тадбиркорлар арз-ноласи акс этган:

Бухоролик тадбиркорлар тайёрлаган видео ролик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:51 0:00

Бухоро шаҳар ҳокимлигининг 20 июнь куни Озодлик боғланган мулозими “Bukhara City” сабаб иморатлари бузилаётган тадбиркорлар даъвосини асоссиз эканлигини таъкидлади:

“Биз мутлақо қонун доирасида ишлаяпмиз. Ҳокимиятга бўҳтон ағдараётганларнинг даъвоси мутлақо асоссиз. Бу иш билан махсус комиссия шуғулланяпти. Прокуратура назоратида ҳаммаси”.

Ўтган йилнинг 8 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг Бухоро шаҳрида “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказини барпо қилишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги 565-сонли қарори қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, Бухоро шаҳрининг белгиланган ҳудудларида самарасиз фойдаланилаётган объектлар, бино ва иншоотлар эгаллаган жами 83 гектар майдонда “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар маркази барпо қилинади.

“Bukhara City” сабаб иморатлари бузилаётган тадбиркорлардан аввал ҳам Озодликка мурожаатлар бўлган.

Ўзбекистон пойтахтидан то вилоят ва туман марказларига қадар замонавий ситилар қуриш режаси минглаб ўзбекистонликлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Human Rights Watch ташкилоти¸ аҳолига адекват уй-жой ëки ўзи яшаб турган уй нархидаги компенсация бермасдан ¸ улар уй-жойларини сити қуриш иддаоси билан бузиш¸ Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг инсон ҳақларининг энг кенг кўламда бузилишига сабаб бўлаëтганини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG