Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 20:34

OzodDayjest: Наманганлик ўқувчи арзимас пул учун бувисини ваҳшийларча ўлдирди


Ўсмир бувисининг уйидан пул ўғирлашга қарор қилган.

Наманганда нобакор набира бувисини ваҳшийларча ўлдирди. Хонанда Шоҳжаҳон Жўраев телеканаллар талабига биноан соқолини қириб ташлашга мажбур бўлди. Жорий ҳафтада матбуот мана шулар ҳақида ёзди.

Коронавирусга қарши курашга жалб этилган шифокор қўшимча тўловлар берилмаётганидан шикоят қилди

Тошкент шаҳри 10-сонли Яккасарой тумани тез тиббий ёрдам бўлимининг коронавирус инфекциясига қарши ташкил этилган махсус бригадаси врачи Шерали Бахронов қўшимча тўловлар тўланмаётганидан арз қилди (www.kun.uz, 24 июнь).

“2020 йилнинг 31 мартидан 20 июнигача коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлиб, уларни Вирусология клиникаси, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникаси, ТТА 2-клиникаси, 1-сонли шаҳар клиник шифохонаси ҳамда Терапия ва реабилитация илмий-амалий текшириш марказига бевосита ётқизишда иштирок этдим. Аммо Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969 сонли фармони хамда 2020 йил 26 мартдаги ПК-4652 сонли қарори ва Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги 20-сонли йиғилиш баённомаси билан тасдиқланган вақтинчалик низомга асосан ҳалигача 6 фоизлик қўшимча тўлов ва махсус тўловни ололганимиз йўқ”, - деган шифокор.

У мазкур масалада президент порталига икки марта мурожаат қилгани, бироқ ижобий натижа бўлмаганини таъкидлаган. Ўзбекистон президентининг жорий йил 19 мартдаги фармонида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт ходимлари ойлик маошига 6 фоиз миқдорида кунлик қўшимча тўлов жорий қилиниши белгиланган.

Бундан ташқари, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган врачларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 25 миллион сўм (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови амалга оширилиши кўзда тутилган.

Наманганлик ўқувчи арзимас пул учун бувисини ваҳшийларча ўлдирди

Наманган шаҳридаги мактаблардан бирида ўқиётган ўсмир ваҳшийларча қотиллик содир этди (“Ҳуқуқ” газетаси, 2020 йил 24-сон).

Наманган вилояти прокуратураси бўлим АМИБ катта терговчиси Шаҳзодбек Мамараҳимовга кўра, ўта оғир жиноят содир этган ўсмир йигитнинг отаси катта қизининг тўйи ғамида Россияга пул ишлагани кетган, онаси кафеда идиш ювиб пул топган. Бола эса бутунлай назоратсиз қолган.

Маълум бўлишича, мактаб ўқувчилари устозларидан яширинча байрам уюштириш учун икки юз минг сўмдан пул йиғади. Ўсмир йигит эса бувисининг уйидан пул ўғирлашга қарор қилган. Шу мақсадда у жойнамоз устида ибодат қилаётган бувисини теша билан чопиб ўлдирган ва уйдаги сейфни ўғирлаб кетган.

Суриштирувлар натижасида қотилликни нобакор набира содир этгани фош этилган. Жиноят ишига оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Хонанда Шоҳжаҳон Жўраев телеканаллар талабига биноан соқолини қириб ташлашга мажбур бўлди

Ўзбекистонлик машҳур ҳофиз Шерали Жўраевнинг ўғли, хонанда Шоҳжаҳон Жўраев телеканаллар талабига биноан соқолини қириб ташлашга мажбур бўлди (www.daryo.uz, 22 июнь). Бу ҳақда хонанданинг ўзи Инстаграм тармоғидаги саҳифасида маълум қилган.

“Соқол сизга ярашади, қўйиб юраверинг дейдиган мухлисларга таъкидлаб айтаман: энг асосий муаммо телевидение санъаткорларни соқол билан қўймайди”,- деган Шоҳжаҳон Жўраев.

Бир муддат аввал “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси San Jay тахаллуси остида фаолият кўрсатувчи хонанда Санжар Жавбердиевдан лицензия учун соқолини олишни талаб қилган эди.

“Менга соқолим ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатади дейишяпти. Қандай қилиб? У ҳолда нима учун бутун шаҳар бўйлаб соқолдаги Амир Темур, Алишер Навоий ва бошқа ота-боболаримизнинг ҳайкаллари ва портретлари турибди? Менга соқол билан чиқиш қилиш мумкин эмаслиги ёзилган ҳужжатни кўрсатишмади”, - деган эди Санжар Жавбердиев.

2019 йил август ойида Тошкентдаги “Малика” савдо мажмуасида ўнлаб эркакнинг соқоли ИИБ ходимлари томонидан мажбур қириб ташлангани ҳам ижтимоий тармоқда эътирозларга сабаб бўлган эди.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG