Линклар

Шошилинч хабар
11 июл 2020, Тошкент вақти: 16:32

Ҳисобот: Россия разведкаси Толибонга АҚШ аскарларини ўлдириш учун мукофот берган


Жорий йилнинг февралида эришилган келишувга биноан АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши мумкин.

АҚШ разведкаси расмийлари ҳулосасича, Россия ҳарбий разведкаси Толибонга алоқадор жангариларга АҚШ ва АҚШ етакчилигидаги коалиция қўшинларига ҳужум қилиш эвазига мукофот таклиф қилган. Бу ҳақда The New York Times газетаси хабар қилди.

26 июнь куни эълон қилинган мақолада ёзилишича, исми ошкор қилинмаган АҚШ расмийлари Россиянинг ГРУ ҳарбий разведкасининг махфий бўлими ўтган йилда жангариларга мукофот ваъда қилганини маълум қилишган.

Европада қотилликларни амалга оширишга уринишлари билан ном чиқарган ГРУ Россия Федерацияси қуролли кучларининг разведка идорасидир.

Вашингтондаги Россия элчихонаси The New York Times мақоласини дарҳол «асоссиз ва аноним айбловлар» дея рад этди.

Элчихона Twitterда «#русларни айблашга сабаб қолмаганда, @nytimes фейк хабарларни ўйлаб топади», деб ёзди.

Элчихона мақолани ёзган уч мухбир «Афғонистондаги тинчлик жараёни бўйича Россия ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик, Сурия, Шимолий Корея, Венесуэла ва Эрон кун тартиблари ҳақида маълумотга эга эмаслиги аён», дея қўшимча қилди.

The New York Times мақоласига кўра, Россиянинг Афғонистондаги бу ҳаракатлари ҳақида март ойида президент Дональд Трампга ҳисобот берилган, аммо Оқ уй ҳали қандай жавоб қайтариш масаласида бир қарорга келгани йўқ.

Мақолада қайд этилишича, Толибонга алоқадор жангарилар ваъда қилинган пулнинг бир қисмини аллақачон олган. Аммо мақола муаллифлари жангарилар олган маблағ ўтган йилда Афғонистонда ҳалок бўлган 20 нафар америкалик аскар ўлимига алоқадор эканлиги ёки йўқлиги номаълум эканлигини эътироф этишди.

АҚШ разведкаси бу маълумотларни асир олинган афғонистонлик жангари ва жиноятчилар кўрсатмаларига таянган ҳолда тўплаган.

Жорий йилнинг февралида эришилган келишувга биноан АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши мумкин.

The New York Times мақоласига кўра, коалиция аскарларига ҳужум қилиш кўрсатмасини Россия ҳукуматида айнан ким бергани, бундан асл мақсад нима бўлгани номаълумдир.

Айрим АҚШ расмийлари Москва 2018 йилда Сурияда АҚШ ҳарбийлари рус ёлланма аскарларини ўлдиргани учун ўч олишга уринаётганини тахмин қилишди.

Яна бир қарашга кўра, Россия Афғонистондаги АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетиш жараёнига халал беришга уринаётган бўлиши мумкин.

Совет Иттифоқи 1979 – 1989 йилларда Афғонистонда мужоҳидларга қарши олиб борган уруш давомида АҚШ афғонистонлик ва хорижлик жангариларни қўллаган.

XS
SM
MD
LG