Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:33

Фаоллар Асака автозаводида ётоғи билан ишлатилган ходимнинг ўлимини тафтиш этишни талаб қилди (ВИДЕО)


"UzAutoMotors" олдида норозилик акцияси. 29 июнь, 2020 йил. Асака шаҳри.
"UzAutoMotors" олдида норозилик акцияси. 29 июнь, 2020 йил. Асака шаҳри.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси фаоллари "UZAUTO MOTORS" автомобиль заводи қаршисида 29 июнь куни норозилик пикети ўтказиб, меҳнат қонунчилигига зид тарзда ётоғи билан ишлатилган завод ишчисининг ўлими тафтиш этилишини талаб қилди.

Андижоннинг Асака шаҳридаги "UZAUTO MOTORS" автомобиль заводи гаражида механик бўлиб ишлаган 53 ёшли А.С, ҳамкасблари ва қариндошларининг Озодликка айтишича, 3 июнь куни 15 кунлик сменада бўлган пайтда "вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабабли" кўричаги ёрилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Исми очиқланмаслигини истаган ҳамкасбининг Озодликка айтишича, ўлимидан 10 кун олдин 15 кунлик навбатчиликда бўлган механик "мазаси йўқлиги, қорни ва белида оғриқ пайдо бўлганини" айтиб рухсат сўраганида уйга кетишга изн беришмаган.

Озодлик марҳум яқинлари билан ҳам боғланди. Улар ҳам ўлим тафсилотларини тасдиқлашди.​

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева завод раҳбариятини марҳум ишчининг ўлимини жамоатчиликдан яширганликда айблади, Андижон вилоят прокуратурасини ўлим юзасидан тергов ўтказишга чақирди.

Озодлик А.С. ўлими юзасидан "UZAUTO MOTORS" автомобиль заводи матбуот хизматидан изоҳ ололмади.

"UZAUTO MOTORS" ишчиларининг айтишича, норозиликлар ортидан корхонада ётоғи билан ишлаш тўхтатилган.

Асака шаҳридаги "UZAUTO MOTORS" автомобиль заводи қаршисида 29 июнь куни эрталаб икки соат давом этган норозилик пикетида, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянсига кўра, ҳуқуқ фаоллари, завод ходимларининг қариндошларидан иборат элликка яқин одам қатнашган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаеванинг иддаосича, заводда ходимлар "худди концлагердагидай ҳолатда" ишлатилган:

- Мен бир қанча ходимлар билан гаплашдим. Улар 15 кунга қамаб, ҳудди концлагердагидай ишлатилган. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ишчи кунига саккиз соат ишлаши керак. Лекин, ишчилар заводда 12-15 соатлаб ишлатилган. Оқибатда бир одам ўлди.

"UzAutoMotors" олдида норозилик акцияси. 29 июнь, 2020 йил. Асака шаҳри.
"UzAutoMotors" олдида норозилик акцияси. 29 июнь, 2020 йил. Асака шаҳри.

Елена Урлаева иддаосига кўра, Асакадаги "UZAUTO MOTORS" заводи автобуслар гаражида механик бўлиб ишлаган, икки ўғилнинг отаси, 53 ёшли А.С. "кўричагининг ёрилиб кетиши оқибатида 3 июнь куни касалхонада ўлган".

Бу маълумотни марҳумнинг ҳамкасблари ва икки қариндоши 30 июнь куни Озодликка тасдиқлади.

Завод ишчисининг Озодликка айтишича, карантин пайтида ишчилар 15 кун заводда қолиб, 15 кун уйда қолиб, алмашиб ишлатилган, ҳеч кимга смена тугамагунича завод ҳудудидан чиқишига руҳсат берилмаган.

- Заводдан кетишга рухсат беришмади. Белимда оғриқ деганига, шамоллаган бўлса керак, деб завод шифокорлари оғриқ қолдирувчи укол қилиб тураверишди, охири кўричаги йиринглаб, ошқозонига ўтганидан сўнг уйига жўнатишди, - деди марҳумнинг ҳамкасби.

Озодлик марҳумнинг икки яқин қариндоши билан ҳам боғланди.

“UZAUTO MOTORS” раҳбарияти билан муносабати ёмонлашмаслиги учун исмини очиқламаган марҳумнинг қариндоши Озодликка жумладан бундай деди:

- Белим оғрияпти деганига, оғриқ қолдирадиган укол қилиб туришган. Оғриқ зўрайганидан сўнг 30 май куни уйга юборишди. Уйдан тўғри Асака Тиббиёт бирлашмаси Шошилинч бўлимига олиб боришди. Ўтказиб юборибсизлар, кўричак ёрилиб, йиринглаб, ички аъзоларига ҳам ўтиб кетган, дейишди. 3 июнь куни операциядан омон чиқмади, - деди марҳумнинг қариндоши.

Озодлик бу иддаолар юзасидан изоҳ олиш учун 30 июнь куни “UZAUTO MOTORS” матбуот маркази рақамларига қўнғироқ қилди.

Телефонни кўтарган матбуоти хизмати ходимаси илтимосига кўра, саволларни Озодлик ёзма тарзда жўнатди. Лекин 1 июль куни ҳам жавоб бўлмади.

Асака туман Тиббиёт бирлашмасининг врачи А.С. ўлими тафсилотлари ҳақида матбуотга маълумот беролмаслигини айтди.

"Ходимлар ҳудди концлагердагидай ишлатилган"

"UZAUTO MOTORS" автомобиль заводи қаршисида 29 июнь кунги норозилик пикетидан олинган видеода унинг қатнашчилари завод раҳбариятини ишчиларни худди концлагердагидай ишлатганликда айблашади.

"UzAutoMotors" олдида норозилик акцияси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:20 0:00

Бошқа видеода эса пикетчилар олдига чиққан "UZAUTO MOTORS" вакили уларнинг бу иддаолари асоссиз эканини тушунтиришга уринади.

"UZAUTO MOTORS" вакили пикетчиларга "асосингиз борми, қани асос?" деб сўраганида, норозилардан бири "мен асос, нега одамлар ўляпти?", дейди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари иддаосича, "UZAUTO MOTORS" раҳбарияти марҳум ишчининг 21 ёшли ўғлини ишга олиш ваъдаси билан қариндошларини прокуратурага арз қилмасликка кўндирган ва ўлим холатини жамоатчиликдан яширган.

- А.С.нинг катта ўғлини ишга олишга ваъда бериб, буларни оғзини ёпишган. Ҳозир биз завод олдида элликдан ортиқ одам пикет ўтказиб, прокуратурани бу ишни текширишга чақирамиз. "Узавтопром" келиб текширсин, бу ерда нималар бўлаётганини. "UZAUTO MOTORS"даги концлагер тугатилиши керак, - дейди Елена Урлаева.

А. С.нинг исми очиқланмаслигини истаган яқин қариндошларидан бири Озодлик билан суҳбатда завод раҳбарияти билан муносабатлари ёмонлашишини истамаганликлари учун ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилмаганликларини айтди.

Апрель ойи ўрталаридан буён "Ўзавтосаноат" таркибидаги бошқа автомобиль заводларида бўлгани каби "UZAUTO MOTORS" да ҳам ходимлар коронавирус карантини даврида уйга бормасдан корхона ҳудудида ётиб ишлатилаётгани¸ юзлаб ишчи ҳар куни бир жойда ётиб¸ бир жойда овқатланаётгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Озодлик суҳбатлашган завод ходимлари 15 кун уйга бормасдан, корхонанинг бетон полида ётиб ишлатилаётганликларини айтишганди.

Озодлик билан телефон суҳбатида ўзини "UZAUTO MOTORS" автомобиль заводи раҳбари ёрдамчиси деб таништирган мулозим 5 июнь куни "коронавирус карантини сабаб корхонада ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани, уларга ҳамма шароит яратиб берилаётгани, хавфли вирус тарқалиши олдини олиш бўйича барча талабларга амал қилинаётганини" айтганди.

Завод мулозими ишчилар белгиланган вақт меъёридан ортиқча ишлатилаётганини рад этганди.

- Белгиланган вақтда ишлашади, белгиланган вақтда дам олишади. Бизнинг мақсадимиз хавфли вирус ёйилишининг олдини олган ҳолда ишни ташкил қилиш, - деди исми очиқланмаслигини истаган автомобиль заводи раҳбари ёрдамчиси 5 июнь куни.

"UZAUTO MOTORS"нинг Озодлик суҳбатлашган исми очиқланмаслигини истаган ходимларидан бири ишчиларнинг норозилиги ортидан завод ҳудудида 15 кунлик ётоғи билан қолиб ишлаш 22 июнь кундан бекор қилинганини айтди.

Бундан олдин Андижондаги "UZ DONG YANG CO" Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси ҳамда Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани Питнак шаҳридаги автомобиль заводи ишчилари завод ҳудудида антисанитария ҳолатида ётоғи билан ишлатилаётганликларини Озодликка айтган эди.

Ўтган ҳафта Самарқанддаги "SamAuto" автомобиль заводида икки ходимда коронавирус аниқланиши ортидан ётоғи билан ишлаш бекор қилинди.

Завод ишчилари кейинчалик коронавирусга чалинган корхона врачи Ў.Р. 30 июнь куни ҳаётдан кўз юмганини Озодликка айтишди.

Аммо, бу маълумотни расмий манбалардан тасдиқлаш имконсиз. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоботида 30 июнь куни коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилмаган.

Асакадаги автомобиль заводи "Ўзавтосаноат" таркибига кирувчи корхонадир.

Озодлик "минглаб одам ишлайдиган заводда меҳнат қонунчилиги бузилгани иддаолари юзасидан"Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси раисининг маслаҳатчиси ва матбуот котиби Зумрад Шожалиловага кун давомида телефон қилди, лекин ҳеч ким жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG