Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:31

Учувчилари малакаси хусусида шубҳа туғилган "Покистон миллий ҳаво йўллари"нинг ЕИга рейслари тўхтатилди


Европа Иттифоқи Парвоз хавфсизлиги агентлиги (The European Union Air Safety Agency, EASA) «Покистон халқаро ҳаво йўллари»нинг (Pakistan International Airlines, PIA) Европадаги фаолиятини 6 ойга тўхтатиб қўйди.

Агентлик 30 июнь куни эълон қилган билдирувдан Покистон ҳукуматига тегишли миллий ширкат ҳамда кичикроқ хусусий авиалиния фаолияти Покистон парламентида тақдим этилган тергов сабабли тўхтатилгани маълум бўлди. Тергов Покистонда учувчиларга берилган лицензияларнинг йирик қисми бекор қилиниши керак, деб топди.

Ўтган ҳафтада Покистон авиация вазири Ғулом Сарвар Хон 262 нафар учувчи лицензияси шубҳали эканлигини айтиб, уларни вақтинча ишдан четлатди. Бу учувчилар орасида «Покистон халқаро ҳаво йўллари» ширкати учувчиларининг 30 фоизи бор.

«Покистон халқаро ҳаво йўллари» билдирувига кўра, EASA 1 июлдан бошлаб ширкатнинг Европага рейсларини тўхтатиб қўйган.

Ширкат билдирувида авиакомпания «Покистон ҳукумати ҳамда PIA етакчилари тезкорлик билан чора кўришига ҳамда чеклов тез орада бекор қилинишига умид қилиши» эътироф этилди.

«Покистон халқаро ҳаво йўллари» матбуот котибининг айтишича, EASA расмийлари авиакомпаниянинг қолган учувчилари малакаси ҳақида ҳам шубҳа пайдо бўлганини, агентликнинг Покистон миллий ҳаво йўлларига бўлган ишончи йўқолганини билдиришган.

Сарвар Хоннинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқидан чиқиб кетган Буюк Британияга рейслар аввалгидек давом этаверади.

Покистон ҳаво йўллари баҳорда коронавирус пандемияси туфайли Европага рейсларини тўхтатиб қўйган эди. Аммо яқинда Европадаги беш пойтахт шаҳар, хусусан, Осло, Копенгаген, Париж, Барселона ва Миланга рейслар қайта йўлга қўйилди.

Ширкат мазкур йўналишларда чипта харид қилган йўловчилар кейинроқ учиши ёки пулини тўлиқ қайтариб олиши мумкинлигини маълум қилди.

24 июнь куни Покистон парламенти йиғинда Сарвар Хон тергов давомида Покистондаги 860 учувчининг 262 нафари ўз лицензиясини олишда ўзи эмас, бошқалар тест топширгани аниқланганини айтди.

Лицензияси шубҳа остига олинган учувчиларнинг 141 нафари «Покистон халқаро ҳаво йўллари»да ишлайди. Қолганлари эса хусусий ширкатлар ходимларидир.

«Покистон халқаро ҳаво йўллари» ҳукумат рўйхатида хатоликлар борлигини, хусусан, унга киритилган 36 учувчи нафақага чиққанини ёки ширкатни тарк этганини билдирди.

Покистон авиалиниялар учувчилари бирлашмаси ҳам рўйхатга малакали учувчилар киритилганини айтиб, уни шубҳа остига олди.

Ушбу можарога 22 май куни Карачида «Покистон халқаро ҳаво йўллари»нинг Airbus A320 учоғи қулаб тушгани сабаб бўлди. Ҳалокат 97 нафар одам умрига зомин бўлди.

Терговчилар ҳалокат учувчилар хатоси туфайли содир бўлганини хулоса қилди.

XS
SM
MD
LG