Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:10

Россия суди журналист Светлана Прокопьевани «терроризмни оқлашда» айбдор деб топди


Светлана Прокопьева
Светлана Прокопьева

6 июлда Россия суди «террорчиликни оқлаш»да айбланган журналист Светлана Прокопьевани айбдор деб топди ва уни 500,000 рубллик жаримага торди. Прокопьевага қўйилаётган айбловларни инсон ҳуқуқлари гуруҳлари кескин қоралаб келади.

Псков шаҳри прокуратураси Иккинчи ғарбий туман ҳарбий судидан Прокопьевани олти йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди. Шунингдек, прокуратура Прокопьевага тўрт йил журналистика билан шуғулланишни ман қилишни сўраган.

Россияда Озод Европа/Озодлик радиоси рус хизмати («Радио Свобода») билан ҳамкорлик қилиб келаётган Прокопьеванинг ўзи эса унга қўйилган айбловларни рад этиб келади.

3 июль куни журналист судда сўзлаган сўнгги сўзида «Ҳукуматни танқид қилишдан қўрқмайман. Ҳуқуқ-тартибот идораларини танқид қилишдан ёки хавфсизлик идоралари хато қилса, буни айтишдан қўрқмайман. Чунки мен фикримни айтмасам, ҳеч ким фикрини айтмаса, оқибати даҳшатли бўлишини биламан», деди.

Прокопьева судни ўз қарорини чиқараётиб Россия жамияти асоси ҳисобланувчи принципларни эътиборга олишга чақирган эди.

«Сўз эркинлиги, журналист мақоми, матбуот вазифасини назарда тутяпман. Мен ўз ишимни бажардим. Шахсий мажбуриятларимдан чиқадиган ҳеч қандай ишга қўл урмадим. Бу жиноят эмас», дея қўшича қилди у.

Прокопьевага қўйилган айбловга журналист 2018 йилда «Эхо Москви» радиосига ёзган шарҳлари асос бўлди. Ўшанда у 2018 йилнинг ноябрида Федерал хавфсизлик хизматининг (ФСБ) Архангельск область бошқармаси биноси олдида қўлбола бомбани портлатиб ҳалок бўлган 17 ёшли йигитнинг ҳаракатларига муносабат билдирар экан, бу воқеа президент Владимир Путин ҳукмронлиги даврида юзага келган сиёсий режимнинг репрессияларига жавобан уюштирилган бўлиши эҳтимол, қабилида фикр билдирган эди.

Прокопьева, шунингдек, мамлакатда сиёсий фаоллик кескин чекланганини, натижада аҳоли умидсизланиб қолганини хулоса қилган.

Россия матбуоти хабарларига кўра, портлашни амалга оширган ўсмир ўлимидан олдин ижтимоий тармоқларда ФСБни жиноят ишларига алоқадорликда айблаган.

3 июль куни Озод Европа/Озодлик радиоси президенти вазифасини бажарувчи Дейзи Синделар билдирув эълон қилиб, «Россия айбловчилар иддаоларининг аксини қилиб келган таниқли мустақил журналистга қарши аёвсиз чора кўришга қарор қилгани бизни қаттиқ ташвишлантиради», деди.

«Светлананинг шарҳлари фожиани изоҳлашга қаратилган эди. Унинг сўзларини “терроризмни оқлаш” дея талқин қилиш унинг овозини ўчиришни кўзлаб атайин ва сиёсий сабабларга кўра фактларни бузиб кўрсатишдан иборат бўлиб, Россия бошдан кечирган энг қоронғи даврлардаги мудҳиш суд томошаларини эслатади», деди Синделар ўз билдирувида.

Бу орада 30 дан ошиқ мустақил журналист Прокопьевани қўлловчи қўшма билдирувни эълон қилди.

3 июль куни Европа Иттифоқи матбуот котиби Питер Стано Прокопьевага қўйилган айбловларни бекор қилишга чорлаб билдирув эълон қилди. Унда котиб журналистга қарши очилган жиноят иши Россияда «мустақил журналистлар ҳамда фуқаровий жамият учун тобора торайиб бораётган муҳитдан далолат беришини» таъкидлади.

Стано билдирувида «Россия Федерациясини халқаро ҳамда ички мажбуриятларини бажаришга ҳамда инсон ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликларни кафолатлашга, журналистлар қўрқувсиз, хавфсиз муҳитда ишлашини таъминлашга чорлаймиз», дейилади.

Human Rights Watch ташкилоти мазкур жиноят ишини нафақат Прокопьеванинг, балки барча россияликлар сўз эркинлигининг чекланиши, дея таърифлади.

«Бу ҳолат Россияда ноқулай масалаларни кўтариш жиддий оқибатларга олиб келиши ҳақида бошқалар учун яна бир белгидир. Мамлакат расмийлари узоқ йиллардан бери айнан шундай қилишга уриниб келади», дейилади гуруҳ билдирувида.

Прокопьева ишини Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Черага билмас мухбирлар, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Европа журналистлари федерацияси ҳам қоралаб келади.

XS
SM
MD
LG