Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2020, Тошкент вақти: 07:36

АҚШ генерали Россия жангариларга ваъда қилган мукофот билан америкалик аскарлар ўлими ўртасида боғлиқлик кўрмаганини билдирди


Генерал Френк Маккензи

АҚШ марказий қўмондонлиги етакчиси генерал Френк Маккензи Россия Толибонга алоқадор жангариларга ваъда қилган мукофот Афғонистонда америкалик ҳарбийлар ўлимига сабаб бўлганига ишонмайди.

Ўтган ойда АҚШ матбуоти Россия ҳарбий разведкаси Афғонистонда жангариларга АҚШ ва АҚШ етакчилигидаги коалиция қўшинларига ҳужум қилиш эвазига мукофот таклиф қилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

7 июль куни мухбирлар олдида сўзлаган генерал:

- Ушбу материал билан яқиндан танишман, жанговар қўмондониман. Уни яқиндан кўриб чиқишга муваффақ бўлдим. Бу ҳолат мен учун жуда хавотирли. Аммо [ваъда қилинган пул ва аскарларимиз ўлими] ўртасида боғлиқлик топмадим, - деди.

Маккензи Россия Толибонни молиялаштираётгани ёки йўқлигидан қатъи назар, жангари гуруҳ АҚШ амалиётларига халал бериш учун курашиб келаётганини таъкидлади.

26 июнь куни The New York Times газетаси исми ошкор қилинмаган АҚШ расмийларига таянган ҳолда Россиянинг ГРУ ҳарбий разведкасининг махфий бўлими ўтган йилда жангариларга Америка қўшинларига қарши ҳужум эвазига мукофот ваъда қилганини хабар қилган эди.

Пентагон бу иддаоларни тасдиқловчи ҳеч қандай далилга эга эмаслигини билдирди.

The Washington Post газетаси Россия ваъда қилган мукофотлар Афғонистонда бир неча АҚШ ҳарбийи ўлимига сабаб бўлганини хабар қилди. The New York Times газетаси эса америкалик терговчилар икки ҳужумни, жумладан, 2019 йилнинг апрелида уч денгиз пиёда аскари ўлимига сабаб бўлган портлашни кўриб чиқаётганини хабар қилди.

Маккензи Россия тўловлари америкаликлар ўлимига сабаб бўлганига ишонмаса-да, жанг майдонидан олинган разведка маълумотлари ҳар доим ҳам тўлиқ бўлмаслигини қўшимча қилди.

- Аммо айнан ушбу ҳолат бўйича етарлича далил йўқ. Разведка ходимларига буни ўрганишда давом этишни буюрдим. Айни дамда бунинг остига етиш устида ишлаяптилар, деб ишонаман, - деди генерал.

Маккензи Россия Афғонистонда АҚШнинг дўсти эмаслигини ҳамда Америкага «яхшилик тиламаслигини» қўшимча қилди.

Генерал Россия Совет Иттифоқининг сўнгги йилларида Афғонистонда шармандаларча мағлуб бўлганини ҳамда бу ҳолат русларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир кўрсатишини ёдда тутиш кераклигини таъкидлади.

Маккензининг сўзларига кўра, Россия Афғонистондан шимолга қараб исломий экстремизм тарқалиши ҳақида хавотирланса-да, имкон топса, Америкага «чалиш беришни» ҳамда «ўнғайсизликлар яратишни» хоҳлайди.

Оқ уй президент Дональд Трампга Россия ҳарбий разведкаси Толибонга алоқадор жангариларга Америка қўшинларига ҳужумлар эвазига мукофот таклиф қилгани ҳақида баёнот берилганини рад этди.

Хусусан, Оқ уй матбуот котиби Кейли Макенани на Трампга, на давлат котиби Майк Пенсга Россия ваъда қилган мукофот ҳақида ҳисобот берилмаганини билдирди.

XS
SM
MD
LG