Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2020, Тошкент вақти: 06:33

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Россиянинг Сурияга инсонпарварлик ёрдами етказиш йўлларини қисқартириш таклифини рад этди


Туркия-Сурия чегарасидаги «Боб Ал-Салом» назорат-ўтказиш пункти

8 июль куни Бирлашган миллатлар ташкилотининг Хавфсизлик кенгаши Россиянинг Сурия шимоли-ғарбида исёнчилар бошқарувида бўлган ҳудудларга гуманитар ёрдам юбориш йўллари сонини қисқартириб, фақат битта йўл қолдиришни кўзловчи резолюциясини рад этди.

Бундан бир кун олдин Россия ва Хитой Сурия шимолига Туркиядан икки чегара пункти орқали инсонпарварлик ёрдамини етказиб туришни яна бир йилга узайтириш кўзда тутилган резолюцияга қарши чиққан эди.

Бунинг ортидан Сурия ҳукуматини қўллаб келаётган Россия фақат битта коридор қолдириш таклиф қилинган резолюцияни ўртага ташлади.

Эндиликда икки коридор орқали гуманитар ёрдам юборишни олти ойга узайтирувчи янги резолюция ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Сурия шимолига гуманитар ёрдам юборишга длир амалдаги резолюция 10 июль куни ўз кучини йўқотади.

Россия таклиф қилган резолюция қабул қилиниши учун кенгашнинг 15 аъзосидан камида 9 таси уни қўллаб овоз бериши керак эди. Уни фақат тўрт давлат – Россия, Хитой, Вьетнам ҳамда Жанубий Африка қўллади.

Етти давлат, хусусан, АҚШ, Британия, Франция, Германия, Бельгия, Эстония ҳамда Доминикан Республикаси Россия резолюциясига қарши овоз берди. Қолган тўрт давлат эса овоз беришдан бош тортди.

7 июль куни Россия ва Хитой вето қўйган резолюция Туркия-Сурия чегарасидаги икки пунктни яна бир йилга очиқ қолдиришни кўзлаган эди.

БМТ бош котибининг инсонпарварлик масалалар бўйича ўринбосари Марк Лоукок ушбу икки чегара пункти миллионлаб одам учун ўта муҳим эканлигини, уларсиз БМТ аҳолига гуманитар ёрдам элтиб бера олмаслигини айтиб келади.

2014 йилдан бери Сурияга инсонпарварлик ёрдами қўшни мамлакатлардан Дамашқ аралашувисиз етказиб берилмоқда.

Айни дамда гуманитар ёрдам Ҳалабга етакловчи «Боб Ал-Салом» ҳамда Идлибга етакловчи «Боб Ал-Ҳаво» чегара пунктлари орқали элтиб берилмоқда.

Россия ўз резолюцияси билан «Боб Ал-Салом» чегара пунктини ёпишни ҳамда иккинчиси фаолиятини атиги олти ойга чеклашни кўзлаган эди.

Россия резолюциясида, шунингдек, ёрдам элтиб бериш жараёнини Сурия ҳукумати назоратига ўтказиб бериш таклиф қилинган эди.

БМТ маълумотларига кўра, «Боб Ал-Салом» орқали Ҳалабдаги 3-4 миллион одамга инсонпарварлик ёрдами етиб боради.

XS
SM
MD
LG