Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:08

Хабаровск губернатори қатл уюштиришда гумон қилиниб ҳибсга олинди


Хабаровск ўлкаси губернатори Сергей Фургал суд залида. Москва, 2020, 10 июль.
Хабаровск ўлкаси губернатори Сергей Фургал суд залида. Москва, 2020, 10 июль.

Россиянинг Хабаровск ўлкаси губернатори Сергей Фургал тергов изоляторига олиб кетилди. Унга қотилликка уриниш ва икки маҳаллий тадбиркорни ўлдиришни буюриш айбловлари қўйилди.

10 июль куни Москва шаҳрининг Басманний туман суди 50 ёшдаги Фургални 9 сентябргача тергов изоляторида ҳибсда ушлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Губернатор ўзига қўйилган айбловларни рад этмоқда.

Фургалнинг суддан олдин енгилроқ чора кўрилишини сўраган адвокатлари суд қарори устидан шикоят қилмоқчи.

Владимир Жириновскийнинг миллатчи «Россия либерал демократик партияси»га (ЛДПР) аъзо Фургал икки йил олдин Кремль хушлаган номзод Вячеслав Шпорт устидан кутилмаганда ғалаба қозонган эди.

Бу орада 10 июль куни Хабаровскда полиция 2 нафар маҳаллий дума депутатини қўлга олди. Улар ҳам ЛДПР партиясининг аъзоси эканлиги хабар қилинди.

Хабаровск ўлкаси Қонунчилик мажлиси раисининг биринчи ўринбосари Сергей Зюбр сўзларига кўра, депутатлар Сергей Кузнецов ва Дмитрий Козлов уйлари, гаражлари ва автомобиллари тинтув қилинганидан кейин қўлга олинган.

Шунингдек, полиция ЛДПРнинг Хабаровскдаги яна уч аъзоси уйини тинтув қилган.

«ТАСС» агентлиги айни дамда Кузнецов ва Козловнинг қўлга олиниши билан Фургал иши ўртасида алоқа йўқлигини хабар қилди.

Қўлга олинган икки депутат «Амурсталь» ширкатига етакчилик қилиб келган.

«Коммерсантъ» кундалик газетаси сиёсатчилар товламачиликда айбланаётганини хабар қилди.

Жириновский эса Россия давлат думасида қилган чиқишида Фургалнинг қўлга олиниши ортида сиёсий мотив бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

- Биз норозилик изҳори ўлароқ истеъфога чиқишга тайёрмиз. Керак бўлса, ЛДПР фракцияси ўз мандатларидан воз кечиб, бу ерни тарк этади. Бутун дунё бу қанчалик тартибсиз мамлакат эканлигини кўрсин, - деди Жириновский .

Жириновский президент Владимир Путин исмини тилга олмаган ҳолда ўз партияси конституцияга яқинда киритилган ўзгартишларни қўллаганини таъкидлади. Россия конституциясига киритилган ўзгартишлар Путинга 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиши имконини берди.

- Конституция керакмиди? Конституция бердик. Энди қўлимизга кишан тақяпсиз. Уят! Юқори лавозимда ўтириб, Сталинга ўхшаб иш тута бошладингиз, - деди сиёсатчи.

Матбуот хабарларига кўра, Фургал ҳудуддаги уюшган жиноятчиликни ўрганаётган тергов доирасида қўлга олинган.

«РИА Новости» хабарига кўра, Фургалга қўйилган айбловлар 2004 – 05 йилларда содир этилган жиноятлар билан боғлиқ.

XS
SM
MD
LG