Линклар

Шошилинч хабар
09 август 2020, Тошкент вақти: 22:10

Нидерландия Россияни MH17 рейси уриб туширилишидаги роли учун Европа инсон ҳуқуқлари судига берди


Нидерландия ҳукумати Россияни 2014 йилда Украина ҳаво ҳудудида Malaysia Airlines авиакомпаниясига қарашли учоқнинг уриб туширилишидаги иштироки юзасидан Европа инсон ҳуқуқлари судига берди.

10 июль куни Нидерландия ташқи ишлар вазири Стеф Блок ҳукуматнинг мурожаатига ҳалок бўлганлар оила аъзолари топширган индивидуал шикоятлар асос бўлганини айтди.

Нидерландия Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган билдирувда «Ушбу чорани кўриш орқали ҳукумати мазкур индивидуал ишларга максимал ёрдам кўрсатмоқда», дейилади.

Амстердамдан Малайзияга учаётган MH17 рейси учоғи 2014 йил 17 июлда Украина шарқида россияпараст айирмачилар назоратидаги ҳудудда уриб туширилган эди.

Халқаро тергов гуруҳи учоқ россияпараст айирмачилар томидан Россияда ишлаб чиқарилган «Бук» ракетаси билан уриб туширилганини хулоса қилган.

Қурбон бўлганлар орасида 193 нафар Нидерландия фуқароси, шунингдек, 43 нафар малайзиялик ва 38 нафар австралиялик бор эди.

Нидерландия Ташқи ишлар вазирлиги билдирувида мамлакат ҳукумати MH17 рейси уриб туширилишига доир барча маълумотни Европа судига ўтказиб бериши эътироф этилди.

Ҳалок бўлган 65 нафар нидерландиялик йўловчининг оила аъзолари 2018 йилда Страсбург шаҳрида жойлашган Европа инсон ҳуқуқлари судига мурожаат қилган эди.

Нидерландия ташқи ислар вазири Блок AP хабар агентлигига берган интервьюсида шундай деди:

- Ҳукумат ўлароқ, [фожиада] Россия Федерацияси қўли борлигини хулоса қилишга етакловчи маълумот ва далилларга эгамиз. Табиийки, [ҳалок бўлганлар] қариндошларида бу маълумотнинг барчаси йўқ. Шундай экан, мазкур жараённи бошлаб, биз уларга ёрдам бера оламиз.

Москва Украина шарқидаги тўқнашувлардаги ролини мунтазам суратда рад этиб келади. Кремль MH17 уриб туширилишига доир бир неча альтернатив теорияни ўртага ташлаган. Уларнинг бирига кўра, йўловчи учоқни Украина ҳарбий ҳаво кучлари ёки армияси уриб туширган.

Бу орада Ҳаага шаҳридаги суд MH17 рейси учоғи уриб туширилишга бевосита алоқадорликда айбланаëтган 4 нафар шахс ишини кўриб чиқмоқда. Айбланувчилар – Россия фуқаролари Игорь Гиркин, Сергей Дубинский, Олег Пўлатов ҳамда Украина ватандоши Леонид Харченко – ҳибсга олиш учун халқаро ордер берилганига қарамай, ҳамон очиқда қолмоқда. Шунинг учун суд айбланувчилар иштирокисиз бўлиб ўтмоқда.

Олти йилга чўзилган тергов хулосаларига кўра, учоқни россияпараст айирмачилар «Бук» ракетаси билан уриб туширган. Ракета айирмачилар бошқарувидаги ҳудудга Украина-Россия чегараси яқинида жойлашган рус ҳарбий базасидан олиб келинган бўлган.

XS
SM
MD
LG