Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2020, Тошкент вақти: 09:51

Тожикистонлик шифокор ҳаж зиёратига тўплаган пулини шифохонага хайрия қилди


Тожикистонлик шифокор Ширин Назирмадова, 19 май, 2020, Тожикистон

Тожикистонлик шифокор Ширин Назирмадова ҳаж зиёратига бориш ниятида узоқ йиллар давомида тўплаган маблағини коронавирус эпидемиясига қарши курашга хайрия қилди.

Ўтган ойда Саудия Арабистони коронавирус тарқалиши олдини олиш учун чет элдан зиёратчиларни қабул қилмаслик қарорини қабул қилган эди.

Бу йил Саудия Арабистони ичида бўлиб турган 1000 нафар зиёратчи учун ички ҳаж мавсуми ташкил этилади. Солиштириш учун, ўтган йилда тақрибан 2,5 миллион мусулмон ҳаж амалини бажарган эди.

Тожикистонлик тиббиёт ходими, 60 яшар Ширин Назирмадова Озодликка берган интервьюсида кейинги йилги ҳажни кутиш ўрнига тўплаган пулини ўзи яшаб келаётган Фархор тумани шифохонасига ўтказиб беришга қарор қилганини айтди.

Шифохона бу маблағ эвазига шахсий ҳимоя воситалари, дори-дармон ҳамда антисептик харид қилган.

Бундан ташқари, Назирмадова шифокор бўлгани учун коронавирусга қарши курашда бевосита иштирок этмоқда.

Саудия Арабистони ҳамда Тожикистон ўртасига келишилган квоталар туфайли тожикистонликлар айрим ҳолатларда ҳаж зиёратига бориш учун 5-6 йил навбат кутади.

Тожикистон ҳар йили 6000 зиёратчи юбориши мумкин. Аммо ҳажга боришни истаганлар сони бундан бир неча баробарга кўпдир.

Назирмадова кейинги йилда ҳаж зиёратига бора олиши ёки йўқлигини билмайди. Ҳаж зиёрати учун ўртача 38 000 сомоний – 3 700 доллар сарфлаш керак. Ойига 150 доллар маош оладиган шифокор учун бу йирик суммадир.

Тожикистон Диний ишлар қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқим бу йил ҳажга бора олмаганлар кейинги йилда зиёратга боришлари мумкин бўлишини айтди.

Аммо зиёрат нархи кейинги йилгача ўзгариши мумкин. Ҳаж зиёратига отланганлар Тожикистонда ички текширувдан ҳам ўтиши керак.

Хусусан, зиёратчининг ёши 40 дан ўтган бўлиши ҳамда у маҳаллий расмийларнинг текширувларидан ўтиши керак.

28 июль куни бошланиб, 2 август куни тугайдиган мавсумда ҳаж амалини 65 ёшга тўлмаган шахслар бажариши мумкин бўлади. Қолаверса, зиёратчилар Макка ва Мадинага киритилишидан олдин коронавирусга анализ топшириши керак бўлади.

Бундай қарор қабул қилинишига Саудия Арабистонида кескин эпидемиологик вазият сақланиб қолинаётгани сабаб бўлди.

12 июлга қадар мамлакатда 230 мингга яқин одам вирусга чалинди, уларнинг 2 мингдан ошиғи нобуд бўлди.

Пандемия туфайли Саудия Арабистони расмийлари умра зиёратларини ҳам тўхтатди.

XS
SM
MD
LG