Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2020, Тошкент вақти: 04:06

Путиннинг вакили намойишлар тинчимаётган Хабаровскка фавқулодда хизмат сафари билан борди


Хабаровск ўлкаси экс-губернатори Сергей Фургал.

Россиянинг Хабаровск ўлкасида губернатор Сергей Фургал ҳибсга олиниши ортидан бошланган норозилик акциялари икки кундан бери тинчимаяпти. 12 июль куни норозилар Федерал хавфсизлик хизмати иморати олдида тўпланиб, «Фургал озодликка чиқарилсин!» дея ҳайқиришди.

10 июль куни Москва шаҳрининг Басманний туман суди 50 ёшдаги Фургални 9 сентябргача тергов изоляторида ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган эди.

Унга 2004-2005 йилларда қотилликка уриниш ва бир неча маҳаллий тадбиркорни ўлдиришни буюриш айбловлари қўйилган.

Фургалнинг матбуот котиби Надежда Томченко губернатор тарафдорларига миннатдорчилик билдирди.

Котиб Facebookда намойишчиларга раҳмат айтар экан, уларни агрессия ва провокацияга берилмасликка чақирди.

13 июль куни Россия президентининг Узоқ Шарқ федерал округидаги вакили Юрий Трутнев Хабаровскка борди. «Коммерсантъ» нашрининг хабар беришича, Трутнев округ ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари билан учрашган ва вилоят ҳокимиятининг бир қатор расмийси билан ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказган.

Трутнев маҳаллий расмийларни норозилик акцияларини уюштиришда айблаб, уларга зудлик билан чек қўйишни талаб қилган. Расмий намойишчилар билан учрашмаган.

Владимир Жириновскийнинг миллатчи «Россия либерал демократик партияси»га (ЛДПР) аъзо Фургал 2018 йилда Кремль хушлаган номзод Вячеслав Шпорт устидан кутилмаганда ғалаба қозонган эди.

Фургални қўллаб намойишга чиққан норозилар нима сабабдан терговчилар Фургал бундан 15 йил олдин содир этгани иддао қилинаётган жиноятлар учун энди қўлга олганини сўраб, судни Хабаровскда ўтказишни талаб қилмоқда.

Расмий манбаларга кўра, 11 июль куни 5-10 минг Хабаровск турғуни намойишга чиққан. Аммо норасмий манбаларга кўра, намойишчиларнинг сони аслида 30-35 мингга яқин бўлган.

11 июль куни Хабаровск ўлкасининг Комсомольск-Амур, Эльбан, Солнечний ҳамда бошқа шаҳарларида ҳам норозилик акциялари бўлиб ўтди.

Фургал 9 июль куни қўлга олинган ва ўша куниёқ Москвага юборилган. Унга бундан 15 йил олдин тадбиркор Александр Смольскийга суиқасд уринишини уюштириш ва яна икки тадбиркор – Евгения Зори ва Олег Булатовга қарши суиқасд уюштириш айбловлари қўйилган.

Жириновский Россия давлат думасида қилган чиқишида Фургалнинг қўлга олиниши ортида сиёсий мотив борлигини таъкидлади ва ўз партияси норозилик билдириб мандатидан воз кечишга тайёр эканлигини айтди.

- Биз норозилик изҳори ўлароқ истеъфога чиқишга тайёрмиз. Керак бўлса, ЛДПР фракцияси ўз мандатларидан воз кечиб, бу ерни тарк этади. Бутун дунё бу қанчалик тартибсиз мамлакат эканлигини кўрсин, - деди Жириновский .

Жириновский президент Владимир Путин исмини тилга олмаган ҳолда ўз партияси конституцияга яқинда киритилган ўзгаришларни қўллаганини таъкидлади. Россия конституциясига киритилган ўзгартишлар Путинга 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиши имконини берди.

- Конституция керакмиди? Конституция бердик. Энди қўлимизга кишан тақяпсиз. Уят! Юқори лавозимда ўтириб, Сталинга ўхшаб иш тута бошладингиз, - деди сиёсатчи.

XS
SM
MD
LG