Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:36

Жойларда Covid-19га қарши курашаётган тиббиётчилардан “вирусни юқтирсам, ўзим айбдорман” деган тилхат олинмоқда


Covid-19га қарши курашаётган ўзбек шифокорлари. Суратнинг тилхат олиш воқеасига алоқаси йўқ.
Covid-19га қарши курашаётган ўзбек шифокорлари. Суратнинг тилхат олиш воқеасига алоқаси йўқ.

Коронавирус аниқланган беморлар даволанаётган касалхоналарнинг шифокор-ҳамширалари ва Санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимларидан тилхат олинмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган ҳамшираларга кўра, “Covid-19ни юқтирсам, ўзим айбдорман” мазмунидаги тилхатларни ёздириш жорий ой бошидан бошланган.

Озодлик боғланган шифохоналар масъуллари ўз ходимларидан айни мазмундаги тилхат олинганини инкор қилишди.

Covid-19 га чалинган беморларни даволашга мўлжалланган Тошкентдаги шифохоналаридан бири ҳамширасининг Озодликка айтишича, улардан айни мазмундаги тилхат олинганига 10кунча бўлди:

“4 ойдан бери ишлаб бунақа нарса ёздиришмаган. Карантинда икки ҳафта ўтириб келсам, шу нарсани ёздиришди. 10 кунча бўлди. Айтиб туришди мен ёздим. Сўзма-сўз эсимда йўқ. “Иш пайти коронавирус юқтирсам, ҳеч кимга даъвоим йўқ” деган мазмунда. Қўшним бошқа больницада санитарка бўлиб ишлайди. Ундан ҳам олишган”, деди ишдан ҳайдалиш хавфи сабаб исми очиқланмасликни сўраган тошкентлик ҳамшира қиз.

Санитария-эпидемиология осойишталик марказининг Тошкентдаги бўлимларидан бирининг Озодлик боғланган ходими ҳам айни мазмундаги тилхат ёзганини айтди:

“Бу тилхат сэсчилар билан шифокорлардан олинмоқда. Булар компенсация тўланмаслиги учун шу фитнани қилишмоқда. Лекин жонини рискка қўйиб ишлаётган бизмизку.?! Сэсчилар ва шифокорлар орасида қанча одам касалликни юқтиряпти. Лекин ҳаммасини яширишмоқда. Ҳозирда шифохоналарда хаос юзага келган. Бизда ҳам шу аҳвол. Одам етишмаяпти. Бу кетишда ким ишлайди?”.

Фейсбукда ҳам СЭОА ходимларидан тилхат олингани ҳақида ёзилди.
Фейсбукда ҳам СЭОА ходимларидан тилхат олингани ҳақида ёзилди.

Тошкент шаҳар Ибн Сино номидаги 1-сон клиник шифохонаси (1-горбольница)да оиласи билан коронавирусдан даволанаётган аёл - @Dilafruz Yunusova Zoirova тиббиёт ходимларидан тилхат олингани сабаб улар ишлашни истамаётгани ҳақида Фейсбукда ёзди:

“Биз ётган бўлимда бир доктор ва бир ҳамшира ишламоқда. Бутун бошли 5 та этаж учун улар жавобгар. “Нега иккигина киши ишлаяпсизлар деб сўрасам, кўпчилик ҳамшира ва докторлар ишга келишдан бош тортишди, дейишди. Сабаби “агарда касалликни юқтириб олсак, ўзимиз жавоб берамиз” дея тилхат олинган экан”.

@Dilafruz Yunusova Zoirova шифокор ва ҳамшираларнинг кечаю кундуз беморлар учун жон куйдираётганини тасвирлар экан, тиббиёт ходимларидан тилхат олиш эмас, аксинча уларга товон пули тўлаш лозимлигини ёзади:

"Бундай тилхатни йиртиб ташлаб, ойлик маошлари оширилсин. Касаллик юқтириб олса, компенсация тўлансин".

Фейсбукдаги Халқ билан мулоқот /Диалог с народом гуруҳига жойланган ушбу постга 800га яқин изоҳ қолдирилган бўлиб, 1-сон клиник шифохонаси ходимлари билан боғлиқ ҳолат пойтахтнинг бошқа касалхоналарида ҳам кузатилаётгани айтилган.

Жумладан, Тошкент Тиббиёт академияси ходими ҳам тиббиётчилардан тилхат олингач, шифохоналарда вазият оғирлашаётгани ҳақида ёзган.

Озодлик тармоқда тилга олинган шифохоналардан иккитаси: 1-сон клиник шифохона ва 1-Тиббиёт академияси мулозимларига боғланди. Иккаласи ҳам ўз ходимларидан тилхат олинганини инкор қилишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳамшира ва СЭАО ходимларининг тилхат билан боғлиқ шикоятлари борасида бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

Озодлик мухбири пойтахт ва вилоятлардаги бир қанча шифохоналар ходимлари билан боғланиб, тилхат олиш амалиёти оммавий кўринишда эмаслиги, фақат айрим жойлардагина бу ҳолат мавжудлигини аниқлади.

Эпидемия пайти ишлаётган тиббиёт ходимлари билан боғлиқ ачинарли вазият ҳақида Озодликка кўплаб мурожаатлар бўлган.

Карантин даврида ҳимоя кийимлари ва воситалари вақтида етказиб берилмаган бухоролик тиббиёт ходимларидан 5 нафари COVID-19 инфекциясини юқтириб олгани, аммо белгиланган тўловларни ололмаганидан шикоят қилишган.

Сурхондарёлик тиббиёт ходимларидан ҳам айни мазмундаги шикоят бўлган:

Айни пайтда президент Мирзиёев тиббиёт соҳасида юзага келган муаммолар, жумладан, соҳа ходимлари билан боғлиқ вазият ачинарли эканини кеча тан олди.

15 июль куни ўтган йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилинди. Шаҳар ва вилоятнинг барча сектор раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.

XS
SM
MD
LG