Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:49

Эронда АҚШга генерал Сулаймоний ҳақида маълумот беришда айбдор деб топилган шахс қатл этилди


Маҳмуд Мусавий-Мажид
Маҳмуд Мусавий-Мажид

Эрон инқилоб посбонлари корпусининг сара бўлими қўмондони, генерал Қосим Сулаймонийний ҳақида АҚШ ва Исроилга маълумот берганликда айбдор топилган шахс қатл этилди. Сулаймоний жорий йилнинг январида Ироқда АҚШ дронидан берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган эди.

Mizan Online сайтида эълон қилинган билдирувда «Жосусликда айбланган Маҳмуд Мусавий-Мажидга нисбатан ўлим ҳукми душанба куни эрталаб ижро этилди. Ватанига хиёнат қилганликда айбланган Мусавий-Мажид иши шу билан ёпилди», дейилади.

Июнь ойида Эрон расмийлари Мусавий-Мажид генерал Сулаймонийнинг ҳаракатланишига оид маълумотларни АҚШга етказиб турганини билдиргандилар.

Суд ҳокимияти ўтган ойда мамлакат Олий суди Мусавий-Мажидга чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини ўз кучида қолдирганини билдирган эди.

Мусавий-Мажид қатл қилинишдан бир кун олдин Эрон расмийлари ўтган йилда содир бўлган норозилик намойишларидаги роли учун уч киши устидан чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини қайта кўриб чиқишга қарор қилган эди.

Айбланувчиларнинг намойишлардаги роли учун ўлим жазосига ҳукм қилингани ижтимоий тармоқларда кескин қораланди. Суд қарорини оддий фуқаролар, олимлар, собиқ сиёсатчилар ва санъаткорлар қоралади.

14 июль куни Эрон Олий суди Амир Ҳусайн Морадий, Саид Тамжидий ва Муҳаммад Ражабийларни қатл қилиш ҳукмини ўз кучида қолдирди.

Генерал Қосим Сулаймоний
Генерал Қосим Сулаймоний

Генерал Сулаймоний жорий йилнинг 3 январида Бағдод шаҳрида АҚШ кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди.

Теҳрон бунга жавобан 8 январь куни АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета ҳужумини амалга оширди, натижада 110 га яқин америкалик аскар жароҳат олди.

Ўша куни Эрон кучлари «Украина халқаро ҳаво йўллари» авиаширкатининг Теҳрон-Киев йўналишидаги PS752 рейси билан Теҳрон аэропортидан парвоз қилган самолётни уриб туширди, натижада 176 нафар одам нобуд бўлди.

Бошида Эрон расмийлари учоқни ракета уриб туширганини рад этишди. 11 январь куни эса Эрон армияси учоқ «ғайриихтиёрий» равишда уриб туширилганини тан олди.

Эрон расмийлари 2019 йилнинг ёзида АҚШ Марказий разведка бошқармаси фойдасига жосуслик қилиб келган 17 киши қўлга олинганини эълон қилган эди. Жосусликда айбланганларнинг айримлари ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ҳозирча Мусавий-Мажиднинг уларга алоқаси бор-йўқлиги номаълум.

14 июль куни Эрон Суди Марказий разведка бошқармаси билан ҳамкорлик қилганликда айбланган Мудофаа вазирлигининг собиқ ходими Ризо Асғарий қатл этилганини маълум қилган эди.

Суд ҳокимияти вакили Ғуломҳусайн Исмоилий Мудофаа вазирлиги аэрокосмик бўлими ходими бўлган ва тўрт йил муқаддам пенсияга чиққан Асғарий Мудофаа вазирлигидаги фаолиятининг сўнгги йилларида Марказий разведка бошқармаси билан алоқада бўлгани ва АҚШ ташқи разведка идорасига Теҳроннинг ракета дастурига оид маълумотларни етказиб бериб турганини билдирди.

Amnesty International ташкилотига кўра, 2019 йилда Эронда 251 киши қатл этилган. Бу кўрсаткич фақат Хитойда юқорироқдир.

XS
SM
MD
LG