Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:57

Туркманистон расмийлари учоқлар ва юк машиналари ёрдамида кўчаларни дезинфекция қилмоқда


Туркманистон. Ашхобод кўчалари дезинфекцияланмоқда.
Туркманистон. Ашхобод кўчалари дезинфекцияланмоқда.

Туркманистонда далалар ва шаҳар кўчаларига «юқумли касалликка» қарши кураш доирасида дезинфекциялаш воситаси сепилмоқда. Мамлакат расмийлари бугунга қадар бирорта туркманистонлик коронавирусга чалинмаганини иддао қилмоқда.

Расмийларнинг ҳаводан дезинфекциялаш воситаларини сепиш қарори аҳолини хавотирга солмоқда.

22 июль куни Озодликнинг туркман хизмати сепилаётган воситалар «ёқимсиз ҳидга» эга эканлигини, аҳоли бу ҳолат одамлар ва жониворлар соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётгани ва экинларни вайрон қилаётганига ишонишини хабар қилди.

Шаҳар кўчаларида дезинфекциялаш воситаларини сепиш учун юк машиналаридан фойдаланилмоқда.

Туркманистоннинг давлат оммавий ахборот воситалари глобал миқёсда коронавирус пандемияси давом этаётган бир пайтда кўрилаётган чораларни «мамлакат бўйлаб юқумли касалликлар тарқалиши олдини олишга қаратилган мукаммал дезинфекция кампанияси» дея таърифлади.

Расмий нашрларга кўра, учоқлардан 1 фоиз хлор ва 0,25 фоиз натрий гипохлорити сепилмоқда. Озодликка интервью берган маҳаллий мутахассислар ушбу воситалар юқори дозаларда сепилаётганини билдирди.

Давлат телеканаллари учоқлар ёрдамида амалга оширилаётган дезинфекция чораларини илк бор 15 июль куни юритган эди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, тасвирга олинган дезинфекция жараёнидан мақсад аҳолини тинчлантириш ҳамда эпидемиолог вазият ҳукумат назорати остида эканлигини кўрсатишдир.

Озодлик мухбири Мари вилоятида маҳаллий аҳоли дезинфекциялаш воситаларининг ўз соғлиқларига салбий таъсиридан хавотирда эканлигини хабар қилди. Фермерлар эса воситалар экинларига зиён келтираётганидан ташвишланмоқда.

Туркманистон расмийлари пандемия бошланганидан бери мамлакатда бирорта ҳам одам коронавирусга чалинмаганини иддао қилиб келади. Аммо кейинги ойларда шифохоналар беморлар билан тўлгани ҳамда кўплаб бемор коронавирус инфекциясига ўхшаш касалликдан вафот этгани хабар қилинди.

Туркманистон расмийлари коронавирус пандемиясини тан олмай келаётган бўлса-да, касаллик тарқалиши олдини олиш учун мисли кўрилмаган чораларни кўрмоқда.

Аввалига ниқоб тақишни ман этган расмийлар 8 июлга келиб аҳолини ўзларини «чангдан» ҳимоя қилиш учун ниқоб тақишга чорлади. Шунингдек, мамлакат ичида ҳаракатланиш чекланди, бозор ва савдо марказлари ёпилди.

Ҳукумат позицияси бирданига ўзгаришидан олдин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари Туркманистондаги эпидемиологик вазиятни баҳолаш учун мамлакатга хизмат сафари билан борган эди.

15 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ташкилот ходими Кетрин Смолвуд ҳамкасблари билан Туркманистонда коронавирус йўқлиги ҳақидаги иддаоларга зид ҳеч нимани кўрмаганини айтди.

Аммо Смолвуд Туркманистон расмийлари ўзларини худди «COVID-19 тарқалаётгандек тутиб, олдини олиш чораларини кўришлари керак», деди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Туркманистонга сафаридан олдин Озодлик туркман расмийлари мамлакатда вирусга чалиниш ҳолатларини яшираётганини хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG