Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2020, Тошкент вақти: 19:37

Мутахассислар: Россия Узоқ Шарқидаги норозилик тўлқини мамлакатнинг бошқа ҳудудларига тарқалиши амри маҳол


Россиянинг Хабаровскда ўлкасида губернатор Сергей Фургал қўлга олинганидан кейин бошланиб кетган норозилик намойишлари 14 кундан бери давом этмоқда.

Россиянинг Хабаровск ўлкасида губернатор Сергей Фургал қўлга олинганидан кейин бошланиб кетган норозилик намойишлари икки ҳафтадан бери бери тинчимаяпти. Президент Владимир Путин Россиянинг Узоқ Шарқ минтақасига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган шахсни муваққат губернатор этиб тайинлаши ортидан намойишчиларнинг Москвага қарши кайфияти янада кучайди.

Энг йирик намойишлар ўлка маъмурий маркази Хабаровск шаҳрида бўлиб ўтган бўлса-да, Хабаровскнинг Комсомольск-Амур ва Узоқ Шарқ федерал округидаги Владивосток ҳамда Биробижан шаҳарларида ҳам норозилик акциялари бўлиб ўтди.

Путиннинг ҳамда ҳукмрон «Единая Россия» партиясининг рейтинги тушиб борар экан, айрим кузатувчилар Хабаровскдаги намойишлар кейинга ойларда мамлакат бўйлаб содир бўлиши мумкин акцияларнинг бошланиши эканлигини айтмоқда.

2005 йилда 500 мингдан ошиқ одам пенсия ислоҳотларига қарши намойишга чиққан эди. Ўшанда намойишчилар Путинни Адольф Гитлерга қиёслаган, кўплаб маҳаллий расмийлар намойишчиларни ошкора ёки яширин тарзда дастаклаган эди.

Аммо мутахассислар Хабаровскдаги норозилик акциялари асосида маҳаллий муаммолар турганини, шу сабабдан норозилик тўлқини Россиянинг бошқа ҳудудларига тарқалиши мушкул бўлишини айтмоқда.

Москвалик иқтисодчи Сергей Жаворонков Хабаровскдаги намойишлар асосида объектив иқтисодий вазият эмас, балки марказий ҳукуматга бўлган ишончсизлик турганини айтди.

- Хабаровск региони иқтисоди статистикасини кўриб чиқдим. У ерда вазият динамикасини самарадорлик ҳамда ўртача маош мисолида олиб қарайдиган бўлсак, Россиядаги ўртача кўрсаткичлардан яхшироқ, - деди у Озодлик радиоси рус хизматига берган интервьюсида.

Жаворонковнинг сўзларига кўра, Хабаровскдаги намойишлар замирида «эмоционал норозилик» ётибди.

Иқтисодчи Андрей Нечаевнинг фикрича, Хабаровск турғунлари Москва улар сайлаган губернаторни ишдан олганидан ғазабда.

- Москва уни ишдан олибгина қолмай, қамоққа улоқтирди. Мажозий маънода, бу ўлка юзига туширилган тарсаки бўлади.

Фургал 2018 йилда губернатор этиб сайланган эди. У сайловда 70 фоиз овоз тўплаб, «Единая Россия» номзоди устидан ғалаба қозонди.

Фургал 9 июль куни Хабаровскда қўлга олиниб, Москвага йўлланди.

Пойтахтда суд сиёсатчини икки ойга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. У 15 йил аввал тадбиркорларнинг ўлдирилишини уюштирганликда айбланяпти.

22 июль куни социолог Анастасия Никольская Facebookда Фургалдан олдинги губернатор Вячеслав Шпортни хабаровскликлар «минтақани ўмаришга интилаётган Кремль қўғирчоғи» ўлароқ кўришганини ёзди.

Фургалнинг сайловда ғалаба қозонганинг ўлканинг автономияси рамзи ўлароқ кўрилди. Қолаверса, Фургал амалда яхши ишлади.

Никольская сўзларига кўра, Фургал шаффоф ишлаган, ҳукумат сессияларини телевидение орқали кўрсатган, аҳоли муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашган, ҳукумат халқ дардини эшита олишини кўрсатиб берган.

Москвалик иқтисодчи Владислав Иноземцев ҳам Фургални хабаровскликлар чиндан хуш кўрганини айтди.

Жаворонков иқтисодий вазият ижобий бўлган ҳолатда йирик намойишлар содир бўлиши эҳтимоли юқорироқ эканлигини, айни дамда россияликлар коронавирус пандемияси ва у келтириб чиқарган иқтисодий бўҳрондан эсон-омон ўтиб олиш ҳақида қайғураётганини айтди.

Иноземцев эса Хабаровск аҳолисининг марказий ҳукуматдан талаб ва умидларига ҳудуд Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёга яқин эканлиги таъсир кўрсатаётганини айтди.

- У ердаги одамлар нафақат Россия ривожланмаётганини, балки Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёдаги ҳақиқий ўсишни кўрмоқда. Яъни, бир томондан улар Кремль демагогияси ва стагнацияга, иккинчи томондан 20 йил олдин Россиядан анча камбағал бўлган, бугунга келиб Ер юзидаги жаннатга айнланган ҳудуддаги тез ўсишга гувоҳ бўляптилар, - деди у.

- Шу сабабдан Узоқ Шарқ ҳамда шарқий Сибирь марказдаги расмийлар учун йирик муаммо бўлади, деб ўйлайман, - дея хулоса қилди мутахассис.

XS
SM
MD
LG