Линклар

Шошилинч хабар
10 август 2020, Тошкент вақти: 16:31

Москвада этник озарбайжон ва арманлар тўқнашди (ВИДЕО)


Интернет тармоғида тарқалган видеода бир неча кишининг давлат рақами Арманистонга оид бўлган машина ойинасини синдириб, ичидаги ҳайдовчини калтаклаётгани акс этган, 25 июль, 2020, Москва

Арманистон ва Озарбайжон чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувлардан кўп ўтмай Москва шаҳрида этник озарбайжонлар ва арманлар муштлашди.

25 июль куни Москва полицияси 30 дан ошиқ шахс муштлашишлар ва тартибсизликлардаги роли учун қўлга олинганини билдирди.

Санкт-Петербург шаҳрида эса полиция икки миллат вакиллари ўртасида тўқнашувлар олдини олиш учун ўнлаб шахсни қўлга олди.

Россиядаги арманлар бирлашмаси Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари 24 июль куни арман диаспораси вакиллари билан учрашганини билдирди.

12 июлда Арманистоннинг Тавуш вилояти ва Озарбайжоннинг Товуз тумани ўртасидаги чегарада жанглар бошланган эди. Томонлар бир-бирларини зиддият эскалациясида айбламоқда.

Арманистон ва Озарбайжон 22 июль куни бир-бирини икки мамлакат чегарасида оташкесим тартибини бузганликда айблаб чиқди.

Арманистон Мудофаа вазирлиги озарбайжонлик ҳарбийлар тун ичида режимни етти марта бузганини билдирди. Озарбайжон Мудофаа вазирлигига кўра эса, арман армияси ўтган кеча-кундузда тартибни 38 марта бузган.

Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегарада қуролли тўқнашувлар 12 июль куни бошланиб, бир неча кун давом этди.

Боку маълумотларига кўра, жангларда озарбайжонлик 12 ҳарбий, шу жумладан генерал-майор Пўлад Хашимов ҳалок бўлган.

Арманистон ўз томонидан тўрт ҳарбий ҳалок бўлгани, ўн киши яралангани ҳақида билдирган. Тўқнашувлар 16 июль куни тўхтаган эди.

Боку билан Ереван ўртасида кўп йиллардан бери айирмачи Тоғли Қорабоғ туфайли зиддият давом этиб келмоқда.

Асосан этник арманлар яшайдиган Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган.

Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG