Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:46

Соғлиқни сақлаш Ўзбекистонда маоши энг кам соҳа бўлиб қолмоқда


Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳаси энг кам ҳақ тўланадиган соҳа бўлган. Давлат статистика қўмитаси томонидан 27 июль куни эълон қилинган ҳисоботдан ана шундай хулосага келиш мумкин.

Қайд этилишича, бу соҳада жорий йилнинг илк олти ойи ичида ўртача ойлик маош 1 миллион 700 минг сўмни ташкил этган. Бу умумреспублика даражасидан 30,4 фоизга пастдир.

Ушбу соҳадаги ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Ўзбекистоннинг 6 та ҳудудида республикадаги ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичидан паст бўлди. Хусусан, иш ҳақининг нисбатан паст кўрсаткичлари Жиззах вилояти (97,6 фоиз), Тошкент вилояти (96,6 фоиз), Самарқанд вилояти (95,5 фоиз), Фарғона вилояти (92,8 фоиз) ҳамда Қашқадарё вилояти (75,6 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаси бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткичлари эса Бухоро вилояти (128,4 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (111,6 фоиз), Тошкент шаҳри (110,8 фоиз), Сирдарё вилояти (108,5 фоиз), Хоразм вилояти (107,1 фоиз) ҳамда Навоий вилояти (102,2 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

2020 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон бўйлаб ўртача ойлик маош миқдори 2 миллион 551 минг сўм бўлган. Бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 21,6 фоизга кўпдир.

Ойликларнинг энг кўп ошиши, банк, суғурта, лизинг ҳамда кредит ва воситачилик фаолиятида (33,4 фоиз) ҳамда ташиш ва сақлаш соҳасида (28,5 фоиз) кузатилган. Банк, суғурта, лизинг ҳамда кредит ва воситачилик соҳасида ўртача ойлик 5 миллион 450 минг сўмни, ахборот ва алоқаси соҳасида эса 4 миллион 140 минг сўмни ташкил қилган.

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрида ўртача маош 3 миллион 640 минг сўмни, Навоий вилоятида 3 миллион 360 минг сўмни, Тошкент вилоятида эса 2 миллион 790 минг сўмни ташкил қилган.

Таълим соҳасида ўртача ойлик 1 миллион 900 минг сўмни ташкил қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга кўп.

XS
SM
MD
LG