Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:59

“Ўзэкспомарказ”да жойлар 4 мартага кўпайтирилди. Оғир хасталарга врачлар етишмаяпти (ВИДЕО)


"Тез ёрдам"га мурожаат қилаётган беморларни йиғиб-тарқатаётган “Ўзэкспомарказ” биноси, 28 июль, 2020
"Тез ёрдам"га мурожаат қилаётган беморларни йиғиб-тарқатаётган “Ўзэкспомарказ” биноси, 28 июль, 2020

Тошкент шаҳрида "Тез ёрдам"га мурожаат қилаётган беморларни йиғиб-тарқатаётган “Ўзэкспомарказ” биносида аҳволи оғирларга илк малакали ёрдамни кўрсата оладиган мутахассислар етишмаётир.

Ушбу марказдаги бемор ва шифокорлардан олинган маълумотга кўра, айрим беморлар 60 – 70 фоизгача ўпка яллиғланиши билан келмоқда.

Марказ масъуллари, йиғиб-тақсимлаш учун очилган марказ шифохонага айланиб улгургани ва ҳозир 300 беморга реанимацион муолажа кўрсатадиган бўлим ҳам ишга тушганини билдирди.

  • Масъуллардан бири, пойтахт ва Тошкент вилоятида аҳволи ҳақиқатда оғирлар: иситмаси 38 даражадан баланд, ўткир нафас етишмовчилиги кузатилаётган, аммо “Тез ёрдам” хизматига етолмаётган беморларни тўғридан-тўғри шу марказга олиб келиш мумкинлигини алоҳида эслатди.

Ушбу марказда 4 кундан буён даволанаётганини айтган 36 яшар тошкентлик беморга кўра, кундан-кунга хасталар сони ортмоқда ва ўлим ҳоллари ҳам учрамоқда.

Тошкентда турли маҳаллий ва халқаро кўргазма, ярмарка ҳамда бошқа тадбирларни ўтказишга мўлжалланган “Ўзэкспомарказ” биноси 23 июлдан COVID-19 касаллигига чалингани гумон қилинганларга аниқ ташхис қўйиш ва зарур биринчи ёрдамни кўрсатишга мўлжалланган марказ сифатида иш бошлаган.

Исмини сир сақлаган тошкентлик ўпканинг 10 фоиз яллиғланиши билан 4 кун аввал бу ерга келтирилгани ва ҳозир аҳволи яхшиланганини айтди:

- Иситма чиқишни бошлади, йўтал. Рентген қилдирдим – ўпка яллиғланиши бошланган, 10 фоиз, дейишди. Шу билан “103”га телефон қилдим. Олдинига бизга мумкинмас, дейишди. Кейин яна телефон қилиб, қаттиқ туриб олдим: “Шунақа “Ўзэкспомарказ” очилибди, ҳеч бўлмаса ўша ерга олиб боринглар”, деб. Олиб боришди. Бу ерда шифокорлар кўриб, дориларни ёзиб беришди, кислородга улашди. Ҳозир мана 4 кун бўлди, анча яхшиман, деди исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган бемор.

Тошкентдаги беморларни йиғиб-тақсимлаётган "Ўзэкспомарказ" ичидаги манзара
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:50 0:00

Унинг айтишича, бу ерга ўпканинг 50-60 фоиз қисми яллиғланиб бўлган оғир аҳволдаги беморлар ҳам келтирилмоқда ва унинг кўз ўнгида бир нечаси вафот этган:

- Устини ёпиб, 4-5 тасини каравотда олиб чиқиб кетишаётганини ўзим кўрдим. Назаримда бу ердагилар оғир аҳволдаги беморларга ёрдам кўрсата олмаяпти. Пульмонолог мутахассислар етишмаяпти. Чунки, бу ерда кўпи тор мутахассис, яна кўпчилиги уйида ўтирганлар, укол қилиш ҳам эсидан чиқиб қолган. Анави ерда нафас етмай, жон талашиб турганларга, айниқса кечаси ходимлар ёрдам беролмай шошиб қоляпти, бақир-чақир бўлиб кетаяпти. Бу ерга кўпроқ пульмонологларни олиб келиш керак, деди тошкентлик бемор.

Қуйида бу бемор билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:05 0:00
Бевосита линк

Айни марказда кичик тиббий ходим – санитарка бўлиб, 4 кун муқаддам иш бошлаганини айтган тошкентлик аёл ҳам, аввалига беморларни йиғиб-тақсимлаши назарда тутилган марказ, ҳозир ҳақиқий шифохонага айланиб улгурганини айтди.

"Тез ёрдам"га мурожаат қилаётган беморларни йиғиб-тарқатаётган “Ўзэкспомарказ” биноси, 28 июль, 2020
"Тез ёрдам"га мурожаат қилаётган беморларни йиғиб-тарқатаётган “Ўзэкспомарказ” биноси, 28 июль, 2020

Илк расмий баёнотда бу марказ 500 беморга мўлжаллангани айтилганди.

Озодлик гаплашган кичик тиббий ходимга кўра, марказда ҳозир 1000 дан ортиқ бемор бор:

“Олдин битта кабинага 1 тадан кароват қўйишганди, менам телевизорда кўргандим, ҳозир 2 тадан каравот. Одамларни аҳволига қараб ётқизишяпти. Тинимсиз келди-кетди. Бемор роса кўпайган. Туну кун ишлаб ётибмиз. Оғир аҳволдаги беморлар келиб қолади, врачларимиз шошиб қолаяпти. Кўпи ОРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар – таҳр.) бўйича ишламаганда, унақа профессионал врачлар касалхоналарда ҳозир.

"Тез ёрдам"га мурожаат қилаётган беморларни йиғиб-тарқатаётган “Ўзэкспомарказ” биноси, 28 июль, 2020
"Тез ёрдам"га мурожаат қилаётган беморларни йиғиб-тарқатаётган “Ўзэкспомарказ” биноси, 28 июль, 2020

Бу ердагиларнинг орасида фельдшерам бор, хирургам бор, травматологам бор – уйида самолечение қилиб, ўпкасини 60 фоизи кетиб қолган қарияларни булар лечение қилолмайдида. Уларга аппаратураям етарлимас. Ҳозир 4-блокда реанимационнийга ўхшаган отдел қилишди. Энди анча яхши бўлиб қолар. Лекин, ўлимлар ҳақида мен ҳеч нарса билмайман, узр”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз кичик тиббий ходим.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ушбу марказга “Тез ёрдам” хизматлари олиб борган ва у ерда етарли тиббий ёрдамни ололмай, вафот этган беморларнинг яқинлари мурожаатлари кўзга ташланмоқда.

Бу мурожаатларда ўткир нафас етишмовчилиги ва кучли иситма билан келган беморлар, айниқса кекса ёшдаги хасталарга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмаганидан шикоят қилинмоқда.

Куни кеча, Тошкентнинг Чилонзор туманида яшашини айтган бир эркакнинг видеомурожаати тармоқларда тарқалди.

Бу эркак, онасини шифохоналар ва оилавий поликлиника қабул қилмагани, уни “Ўзэкспомарказ”га марказга олиб боргани, у ерда тегишли малакали ёрдамни вақтида ололмагани, у ердан махсус шифохонага йўлланган кезда “Тез ёрдам” машинасида ўлганини даъво қилади.

“Ўзэкспомарказ”га беморларни жойлаштириш ишларига масъул бўлган тиббиёт ходими ҳақиқатда ҳам аҳволи жуда оғир хасталарга малакали тиббий ёрдам бериш имкони бўлмаётганини тасдиқлади.

Исмини ошкор қилмаётганимиз бу масъулга кўра, бунинг иккита сабаби бор:

“Биринчидан, кеч келтирилаяпти кўп беморлар. Уйида бир нечта врач ҳар хил йўл билан даволаган, ўпкани 60-70 фоизи яллиғланиб бўлган кексаларимиз келяпти. Бунақа беморларни тўлиқ жиҳозланган пульмонологияда ҳам сақлаб қолиш қийин масала. Иккинчидан, ҳозир тиббиёт ходимларини эълон билан чақириб, жойида суҳбатлашиб, ишга ёллаяпмиз. Ҳозир ходимлар етишмаяпти, биласиз. Вазият шунақа. Шунинг учун ишга олинган ходимларнинг даражаси ҳар хил, тажрибаси ҳар хил. Кўпи вообще соҳадан узоқлашиб кетган”.

Айни пайтда, бу мулозим ушбу марказда ўлаётган беморлар ҳақидаги саволларимизга жавоб беролмаслигини айтди. Аммо у марказдаги муаммолар ҳал қилиб борилаётганини таъкидлади.

Бу мулозимнинг тасдиқлашича, ҳақиқатда ҳам 300 беморга мўлжалланган реанимация бўлими ташкил қилинган ва зарур жиҳозлар билан таъминланган:

“Оғир бемор келган, дейлик. Шифохоналар тўла – қайтариб юборолмаймизку?! Шунақа оғирларни даволайдиган бўлим очдик ҳозир. Чунки, оғир касаллар кўпайган. “Тез ёрдам” келмаяпти, беморга нафас етмаяпти, нима қилайлик?” деганларга: “Такси олинг, ҳозироқ тўғри олиб келинг!” деяпмиз. Вазият шунақа”.

Бу мулозимдан олинган маълумотга кўра, бошида 500 ўринлик дейилган марказда ҳозир койкалар сони 2000 мингтага етказилган.

Мулозим бунча ўрин ҳам етмаслиги мумкинлигини тан олди ва Тошкентда, аввал эълон қилинган 3 та марказга қўшимча, яна иккита - “Ўзэкспомарказ” биносига қўшни - Республика Гимнастика федерацияси биноси ва Сергели туманидаги яна битта бинода беморларни йиғиб-тақсимлайдиган марказ тайёрланаётганини айтди.

XS
SM
MD
LG