Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2020, Тошкент вақти: 04:27

Халқаро хабарлар

Трамп АҚШдаги президент сайловини кечроқ муддатга кўчириш масаласини кўтарди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп президент сайловини кечроқ муддатга кўчириш масаласини кўтариб чиқди. Бу ҳақда у Твиттер микроблогидаги ўз саҳифасида ёзди.

АҚШ штатларининг бир нечтаси пандемия туфайли сайловларда масофадан туриб овоз бериш тартибини осонлаштирган. Бу ҳолат кенг кўламли сохталаштиришлар учун имконият яратади, деб ҳисоблаган Трамп бу қарорни танқид қилиб келмоқда. У сайловчилар “хавфсиз ва қоидасига кўра” овоз бера олишлари учун сайловни бошқа санага кўчириш имконияти мавжудлигини қайд этди.

Оқ уйда сайлов муддатини кўриши бўйича легал имконият йўқ, деб ёзган The New York Times нашри. Аввалроқ Трамп маъмурияти сайловни кўчириш имкониятини рад этган.

АҚШда президент сайлови 3 ноябрга белгиланган. Сўровлар амалдаги президентнинг кўплаб штатларда ҳам, умуман мамлакатда ҳам ўзининг асосий рақиби бўлмиш собиқ вице-президенти Жо Байдендан анчагина ортда қолаётганини кўрсатмоқда.

Овоз бериш куни федерал қонун воситасида бошқарилади. АҚШ Конституциясига мувофиқ, бу кун Конгресс томонидан белгиланади. Парламентнинг қуйи палатасини ҳозирда президентга мухолифатда бўлган Демократлар партияси томонидан назорат қилинмоқда.

Кун янгиликлари

Тихановская 15-16 август кунлари ўз тарафдорларини тинч намойишлар ўтказишга чақирди

Тихановская шаҳар мэрларига тинч намойишлар хавфсизлигини таъминлаш илтимоси билан мурожаат қилди.

Беларус президентлик сайловида амалдаги президент Александр Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская ўз тарафдорларини 15-16 август кунлари тинч намойишлар ўтказишга чақирди.

У шаҳар мэрларига тинч намойишлар хавфсизлигини таъминлаш илтимоси билан мурожаат қилди.

Тихановская ўз видеомурожаатида Беларус ҳукуматини норозиларга қарши куч қўллашдан тийилишга чақирди. Шунингдек, у “жиноий буйруқларни” бажаришдан бош тортаётган милиция ходимларига миннатдорчилик билдирди.

Тихановская сайловда унга овоз берган одамлардан имзо йиғиш жараёни бошланганини эълон қилди. Унга кўра, бу Лукашенко эмас, Тихановская сайловда кўп овоз олганига далил-исбот бўла олади.

Тихановская бир неча кун олдин Бларусни тарк этган эди. Ҳозир у Литвада бўлиб турибди. Унинг тарафдорлари Тихановская босим остида Беларусни тарк этишга мажбур бўлганини айтиб келади.

Беларус МСК сайловда Лукашенко 80,1 фоиз овоз олганини расман эълон қилди

МСКнинг расмий баёнотида айтилишича, Лукашенконинг асосий рақиби Светлана Тихановская 10, 1 фоиз овоз олган.

Беларусда беш кундан бери давом этаётган норозилик намойишлари фонида 14 август куни Марказий сайлов комиссияси 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко 80,1 фоиз овоз олганини расман эълон қилди.

МСКнинг расмий баёнотида айтилишича, Лукашенконинг асосий рақиби Светлана Тихановская 10,1 фоиз овоз олган. Бошқа номзодлар -Андрей Дмитриев 1,21 фоиз, Анна Канопацкая 1,67 фоиз, Сергей Черечень 1,14 фоиз овоз йиққан.

Сайловда қатнашганларнинг 4,59 фоизи барча номзодларга қарши овоз берган.

Беларусда амалдаги президент Лукашенко президент сайлови ғолиби бўлгани эълон қилингани ортидан 9 августда бошланиб кетган норозилик намойишлари давомида икки киши нобуд бўлди, 6 700 га яқин киши қўлга олинди.

Сайловда Лукашенко 80 фоиз овоз олганини мухолифат номзоди Светлана Тихановская тан олмади ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Беларусь расмийларини намойишчиларга қарши кескин чораларни тўхтатишга ҳамда инсон ҳуқуқлари ва демократик принципларни ҳурмат қилишга чақирди.

Беларуснинг энг йирик 20дан ортиқ заводи ишчилари норозиларга қўшилди

"Гродно Азот" ишчиларининг норозилик намойиши.

Беларусдаги ўнлаб йирик заводларнинг ишчилари 14 август куни президент сайловида Александр Лукашенко расман ғолиб деб эълон қилинганига қарши қисқа муддатли забастовкалар ўтказдилар ва норозилик намойиши иштирокчиларига қўшилдилар.

Беларус матбуоти ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг билдиришларича, 14 август куни норозилик митинглари Беларус металлургия заводи, Беларус автомобиль заводи (БелАЗ), Минск электротехника заводи, МАЗ, Минск трактор заводи (МТЗ), "Белшина", "Гродно Азот", "Гродножилстрой", "Нафтан", "Беларуськалий", "Полимир" каби 20дан ортиқ йирик корхоналарда бўлиб ўтган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларда заводларнинг ишчилари норозилик намойишлари иштирокчиларига нисбатан куч ишлатилганини танқид қилиб, президент Александр Лукашенкони истеъфога беришга чақирганлар.

Беларус президенти Александр Лукашенко заводлардаги забастовкалар ва норозилик митингларини шарҳлар экан:

“Номаълум кучлар меҳнат жамоаларини жунбушга келтираётгани”ни иддао қилди. Унга кўра, завод ишчиларининг бу каби чиқишлари корхонага ва ишчиларнинг ўзларига зарар келтиради.

Беларусда 9 август куни ўтган сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олиб ғолиб бўлгани расман эълон қилингани ортидан бошланган норозилик намойишлари 5 кундан бери давом этмоқда.

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская овоз бериш натижаларини тан олмаган ва ўзи ғолиб бўлганини билдирган.

Тихановская бир неча кун Беларсуни тарк этган. Ҳозирда унинг Литвада экани хабар қилинган.

Бирлашган Араб Амирликлари Исроилни тан олди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу (чапда) ва АҚШ президенти Дональд Трамп.

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Исроил АҚШ воситачилигида тўлақонли дипломатик алоқаларни ўрнатишга келишиб олди.

Мазкур келишув АҚШ, Исроил ва Форс кўрфазидаги айрим давлатлар томонидан олқишланди, лекин фаластинликларнинг кескин танқидига учради. Фаластин БААдаги элчисини чақиртириб олди.

БАА Исроил билан дипломатик алоқа ўрнатган Форс кўрфазидаги биринчи, араб дунёсидаги учинчи давлат бўлди. АҚШ президенти Трамп: “Бошқа араб давлатлари ҳам БААдан ўрнак олишига” умид билдирди.

Келишувга мувофиқ БАА Исроилни тан олади, бунинг эвазига эса Исроил Иордан дарёси ғарбий соҳилини аннекция қилишни тўхтатади.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга тегишли бўлган Ғўлон тепаликлари, Фаластинга қарашли Шарқий Қуддус ҳамда Ғазо минтақасини босиб олган.

Исроил кейинчалик Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди, аммо Шарқий Қуддусни аннексия қилиб олди. Ғарбий Соҳилда эса Исроил ҳарбий оккупацияси ҳалигача давом этмоқда.

Аввалроқ Исроил ҳукумати Фаластинга тегишли Ғарбий Соҳилнинг яҳудийлар яшаётган аҳоли пунктларини аннексия қилиб олишини таъкидлаганди.

UNICEF ва ЖССТ мактабларни очиш учун ўқувчиларни совун билан таъминлашга чақирди

Ўтган йили жаҳондаги мактабларнинг 43 фоизида ўқувчилар қўл ювиш учун сув ва совунга эга бўлмаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг болалар фонди- UNICEF 13 августда эълон қилган ҳисоботда дунё давлатларида 820 миллионга яқин бола мактабларда қўл ювиш учун зарур бўлган воситаларга эга эмаслиги ва бунинг оқибатида улар COVID-19 ҳамда бошқа юқумли касалликларга чалиниши эҳтимоли кучли экани таъкидланди.

БМТнинг билдиришича, COVID-19 таълим соҳасини мисли кўрилмаган даражада инқирозга учратди. Жаҳоннинг 190 давлатида 1 миллиард 600 минг ўқувчи ва талаба тўлақонли билим олиш имкониятидан вақтинча маҳрум бўлди.

Тадқиқотда қайд этилишича, ўтган йили жаҳондаги мактабларнинг 43 фоизида ўқувчилар қўл ювиш учун сув ва совунга эга бўлмаган.

Мактабда қўл ювиш имкониятига эга бўлмаган 818 миллион боланининг учдан бир қисми африка давлатларида яшайди.

Жаҳоннинг 60 мамлакатида коронавирус пандемияси таҳдиди пайдо бўлган пайтда ўқувчилар мактабда сув таъминоти ва совунга эга бўлмаган.

Ҳисоботда жаҳон давлатлари ҳукуматларига болаларни мактабларда COVID-19 вирусидан ҳимоя қилиш учун зудликда ўнта зарур чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия қилинган.

Коронавирус ортидан Қирғизистонда ишсизлар ва қашшоқлар кўпайиши кутилмоқда

Бугунги кунда Қирғизистонда ишсизлар сони 156 мингдан ошади.

Осиё тараққиёт банки Бирлашган миллатлар ташкилоти билан ҳамкорликда пандемиянинг Қирғизистон иқтисодиётига таъсири тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2020 йилда Қирғизистонда ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 10 фоизга камяди. Хориж давлатларидан пул жўнатмалари 25 фоизга озайиб, қашшоқлик кўрсаткичи кўпаяди.

Ҳисоботда ишсизлик даражаси Қирғизистонда 21 фоизгача етиши мумкинлиги таҳмин қилинган.

Миллий статистика қўмитасининг билдиришича, айни пайтда мамлакатда ишсизлар сони 156 минг 300 кишини ташкил қилади.

Аввалроқ Жаҳон банки мамлакатда қашшоқлар сони 600 минг кишига кўпайишини прогноз қилган эди.

Расмий маълумотларга қараганда Қирғизистонда қашшоқлар сони айни пайтда 1 миллион 313 минг кишини ташкил қилади.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида коронавирусга чалинганлар кўпайди

Тожикистонда коронавирус статистикаси вилоятлар кесимида эълон қилинмаяпти.

Тожикистоннинг Сўғд вилоят ҳокимияти сўнгги бир ойда коронавирусга чалинганлар сони камида икки баробарга кўпайганини билдирди.

Коронавирусга қарши вилоят штабининг 12 августдаги йиғилишида қайд этилишича, аввалги ойларда касалхоналарга COVID-19 ташҳиси билан кунига бир-икки киши мурожаат қилган бўлса, ҳозирда кунига 8-9 кишидан вирус топилмоқда.

3 август куни Хўжанд шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати сўнгги ўн кун ичида пневмония билан касалланганлар сони кўпайгани кузатилганини билдирган эди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, мамлакатда кунига камида 40 кишида вирус аниқланмоқда. Бироқ коронавирус статистикаси вилоятлар кесимида эълон қилинмаяпти.

Расмий маълумотларга қараганда, бугунги кунда Тожикистонда 7871 киши коронавирусга чалинган. Уларнинг 63 нафари вафот этган.

Тожикистон пойтахтида Россия фуқаролари норозилик акциясини ўтказди

Элчихона олдига 50 нафардан кўпроқ норози йиғилган.

Россиянинг ўнлаб фуқаролари 12 август куни Душанбедаги рус элчихонаси олдида норозилик акциясини ўтказди. Улар Россия ҳукуматидан ўзларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини талаб қилди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати маълум қилди.

Норозиларга кўра, улар коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ва давлатлараро қатновлар тўхтатилгани сабабли бер неча ойдан бери Тожикистонни тарк этиша олмаяпти.

Хабарда айтилишича, элчихона олдига 50 нафардан кўпроқ норози йиғилган. Элчихона қўриқчилари уларни тарқатишга ҳаракат қилган. Бироқ норозилар дипломатлардан бири улар билан учрашишини талаб қилган. Шундан сўнг консулхона ходимларидан бири йиғилганлар билан учрашган.

Россия ва Тожикистон ўртасидаги авиақатновлар 27 мартда вақтинчалик тўхтатилган эди. Ўшандан бери Россиянинг бир неча юз фуқароси Тожикистонни тарк эта олмаяти.

Тожикистон фуқаролик авиацияси раҳбари Икром Субхонзода 27 июлда ўтган матбуот анжуманида Москва Душанбе билан авиақатновларни тиклашга рози бўлганини билдирган. Бироқ шу кунгача бу ваъда амалга ошмади.

Беларусда норозиларга қарши ўқ отилди

Беларусда камида 5 минг норози қўлга олинган.

Беларус ҳукумати 9 августда ўтган президентлик сайлови натижаларига қарши чиққан норозилик намойиши иштирокчиларига ўқотар қуролдан ўқ отилганини тан олди.

Ички ишлар вазирлигининг 12 августда маълум қилишича, Брест шаҳрида норозилар полициячиларга темир тўқмоқлар билан ҳужум қилган. Шундан сўнг полиция ўқотар қуролдан ўқ отган ва оқибатда бир норози яраланган. Вазирликнинг билдиришича, дастлаб полициячилар ҳавога қарата ўқ узган.

”Аммо агрессив кайфиятдаги одамлар таҳдидни тўхтатмагани ортидан полициячилар ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўқотар қуролдан ўқ узган. Оқибатда ҳужум қилганлардан бири яраланди”, -дейилади расмий маълумотда.

Беларус Ички ишлар вазирлиги норозиларга қарата ўқотар қуролдан ўқ узилгани ҳақида биринчи марта маълумот берди.

Бундан аввал уларга қарши шовқинли гранаталар ва резина ўқлар қўлланилгани билдирилган эди.

Ички ишлар вазирлиги 11 август куни Беларуснинг 25 шаҳрида Лукашенкога қарши намойишлар бўлганини билдирди. Бир кун олдин вазирлик намойишчилардан бири полиция билан тўқнашувда ҳалок бўлгани, 5 минг норози қўлга олингани ва 200 киши жароҳатланиб, касалхоналарга ётқизилганини билдирган.

Беларусда президент сайлови ғолиби амалдаги президент Александр Лукашенко бўлгани эълон қилингани ортидан 9 августда бошланиб кетган эди.

Сайловда Лукашенконинг асосий рақиби бўлган номзоднинг штаби Тихановская Марказий сайлов комиссиясига овоз бериш натижаларини тан олмаслигини билдирган.

Байден АҚШ вице-президентлигига Камала Харрис номзодини кўрсатди

Камала Харрис Калифорния штати бош прокурори ва Сан-Франциско округ прокурори лавозимларида ишлаган.

АҚШ президентлигига демократлардан номзод Жо Байден 11 август куни Калифорниядан сенатор Камала Харрис номзодини вице-президентликка кўрсатди.

55 ёшли Харрис АҚШ тарихида номзоди вице-президентликка кўрсатилган биринчи”рангли” аёл бўлди.

Бу хабардан бир неча дақиқа ўтгач, президент Дональд Трамп Твитер саҳифасида Байденнинг бу танловини танқид қилди. Трамп Харрисни “сохта сиёсатчи” ва “радикалларни қўллаб-қувватлаш”да айблади.

Обама президентлиги даврида саккиз йил вице-президент лавозимида ишлаган Жо Байден март ойида вице-президентлик номзодига аёл номзодини кўрсатишини билдирган эди.

Отаси ямайкалик, онаси ҳинду бўлган Камала Харрис сенаторликка сайлангунига қадар Калифорния штати бош прокурори ва Сан-Франциско округ прокурори лавозимларида ишлаган.

Байден АҚШда 3 ноябрда ўтадиган президентлик сайловида Трампнинг асосий рақиби ҳисобланади. Сўнгги ижтимоий сўров натижаларига қараганда, Байден президентлик пойгасида Трампдан 10 фоиз кўпроқ тарафдорларга эга бўлмоқда.

ЕИ Беларус ҳукумати вакилларига санкциялар жорий этиши мумкинлигини билдирди

Минскдаги норозилик намойиши иштирокчиси.

Европа Иттифоқи норозилик намойиши иштирокчиларига куч қўллаш, асоссиз ҳибслар ва сайлов натижаларини сохталаштириш учун масъул бўлган Беларус ҳукумати вакилларига нисбатан санкциялар жорий этиши мумкинлигини билдирди.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Борел 11 август куни берган баёнотда Беларусда 9 августда ўтган президентлик сайлови демократик тамойилларга зид бўлгани ва эркин, ҳолис, ҳалол бўлмагани таъкидланди.

Баёнотда Беларус ҳукумати норозиларга қарши ҳаддан ташқари куч ишлатаётгани, бунинг оқибатида бир одам ўлгани ва кўплаб одамлар жароҳатлангани қайд этилган.

ЕИ Беларусни барча қўлга олинганларни ҳеч қандай шартларсиз ва зудликда озод қилишга чақирди.

Баёнотда ЕИ билан Беларус ўртасидаги муносабатлар 2015 йилда яхшилангани, бироқ энди муносабатлар яна совуқлашиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Беларусда президент сайлови ғолиби амалдаги президент Александр Лукашенко бўлгани эълон қилингани ортидан 9 августда бошланиб кетган норозилик намойишлари 12 августга ўтар кечаси ҳам давом этди.

Ички ишлар вазирлиги 11 августга ўтар кечаси полиция билан содир этилган тўқнашувларда бир норози ҳалок бўлганини маълум қилди.

Минскда Лукашенкога қарши намойишлар учинчи кун давом этмоқда

Минскда норозиларни қўлга олиш пайти.

Минскда Александр Лукашенко президентлик сайловида ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан бошланган намойишлар учинчи кун давом этмоқда. Полиция 12 августга ўтар кечаси ҳам норозиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўллади.

Полиция томонидан норозилик намойишини ёритаётган журналистлар ҳам калтакланди. Жумладан, 11 август куни кечқурун полиция ходимлари Би-би-си радиосининг уч ходимига ҳужум қилиб, уларни калтаклаган. Аммо журналистларни қўлга олган эмас.

Намойишларнинг учинчи куни аввалгиларидан анча фарқ қилгани кузатилди. 10 ва 11 август кунлари норозиларнинг асосий қисми майдонларга йиғилган бўлса, 12 августга ўтар кечаси ёшлар бир неча ўн кишилик гуруҳларга бирлашиб, шаҳар кўчаларида юриш қилдилар.

Улар полицияни кўриши биланоқ ҳар тарафга тарқалиб, яқин атрофдаги кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига кириб яширинган. Полиция кетиши билан яна намойишни давом эттирган.

Полиция Каменная Горка майдонида норозиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўллади.

Москвада яшаётган беларуслар Беларус элчихонаси олдида “Узурпатор судлансин”, деган шиор остида акция ўтказдилар.

Путин Россия коронавирусга қарши вакцина кашф этганини эълон қилди. Доришунослар норози

Россия COVID-19га қарши ишлаб чиққан эм дори.

Президент Владимир Путин 11 август куни Россия COVID-19га қарши вакцинани жаҳонда биринчи бўлиб рўйхатдан ўтказганини эълон қилди.

Путин бу ҳақда ҳукумат йиғилишида баёнот берди. Унга кўра, қизларидан бири бу вакцинани ўзида синаб ҳам кўрган.

Аввалроқ Россия фармацевтика ширкатларини бирлаштирган Клиник тадқиқотлар ўтказувчи ташкилотлар ассоциацияси Саломатликни сақлаш соҳасини назорат қилиш федерал агентлиги - Росздравнадзорга COVID-19га қарши ишлаб чиқарилган эм дорисини рўйхатга олишни вақтинчалик кечиктириш таклифини киритган эди.

Мутахассислар бу дорини синаб кўришнинг учинчи босқичи ниҳоясига етмаганини бунга сабаб ўлароқ кўрсатишган. Аммо Росздравнадзор бу таклифни инобатга олмади.

Дори-дармон ширкатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигини “Россия вакцинасини улуғламасликка”, чунки бунга муқобил тарзда жаҳонда яна 26та эм дори ишлаб чиқарилаётганига ва улардан олтитаси бир неча ўн минг кишида синаб кўрилганига эътибор қаратишга чақирган.

Россия бу вакцинани ишлаб чиқаришни 2021 йилнинг 1 январидан бошламоқчи.

Тожикистон транспорт вазири ўз жонига қасд қилди

Худоёр Худоёрзода Тожикстон транспорт вазири лавозимида 2017 йилдан бери ишлаб келмоқда.

Тожикистон транспорт вазири Худоёр Худоёрзода ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилди, бироқ оила аъзолари уни ўз вақтида касалхонага олиб бориб, жонини омон сақлаб қолишди.

Бош прокуратура вазир 11 август куни эрталаб оилавий жанжал оқибатида ўз жонига қасд қилганини билдирди.

Расмий маълумотда айтилишича, 62 ёшли Худоёр Худоёрзода ўзига ўзи пичоқ урган. Шундан сўнг оила аъзолари унга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиб, кейин касалхонага етказганлар.

Айни пайтда “Истиқлол” касалхонасига ётқизилган вазир жарроҳлик амалиётидан ўтказилган. Унинг аҳволи қониқарли экани айтилмоқда.

Мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши очилиб, тергов олиб борилмоқда. Худоёр Худоёрзода Оператор транспорт вазири лавозимида 2017 йилдан бери ишлаб келмоқда.

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Тихановская Беларусни тарк этди

Тихановская телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермаган.

Беларус президентлигига сайловда амалдаги президент Александр Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская Беларусни тарк этди ва айни пайтда Литвада бўлиб турибди. Бу ҳақда Твиттерда Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюс маълум қилди.

У Тихановскаянинг нега Беларусни тарк этгани сабабларини очиқламади. Беларус ҳукумати ҳам, Тихановскаянинг ўзи ҳам бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.

10 август куни Тихановская Марказий сайлов комиссиясига овоз бериш натижаларидан норози эканини билдириш учун ариза топширгани борган ва кейин йўқолиб қолган эди.

Унинг тарафдорлари матбуотга Тихановская Марказий сайлов комиссияси биносида мажбурий тарзда ушлаб турилгани ҳақида билдиргандилар. Бироқ Марказий сайлов комиссияси Тихановская аризани топширгани ва ҳеч қандай тўсиқсиз бинони тарк этганини билдирган.

Тихановская телефон қўнғироқларига ҳам жавоб бермаган. Тунга яқин Тихановская телефон орқали алоқага чиққан, аммо ўзининг қаерда эканини очиқламаган эди.

Минскда норозилик намойиши иштирокчиларидан бири ҳалок бўлди

Минскда баррикада қураётган норозилар.

Беларус пойтахти Минскда 10 август куни кечқурун норозилик намойишининг бир иштирокчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирликнинг билдиришича, норозилар "Пушкинская" метро станцияси яқинида баррикада қурганлар. Бу ерга полиция махсус отряди етиб борган. Тўқнашув пайтида норозилардан бири номаълум портловчи моддани полицияга қарата отмоқчи бўлган. Аммо портловчи модда намойишчининг қўлида портлаган ва у ҳалок бўлган.

Воқеанинг мустақил гувоҳлари ҳозирча йўқ. Беларус матбуоти ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари айнан мана шу жойда полиция ва норозилар ўртасида тўқнашувлар юз берганини, полиция резина ўқлар ва шовқинли гранаталарни қўллагани тўғрисида ёзмоқдалар.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг тахминича, норози полиция қўллаган шовқинли граната портлаши оқибатида ҳалок бўлган бўлиши эҳтимол.

10 август куни эрталаб ҳуқуқ фаоллари намойишчилар ва полиция тўқнашуви пайтида бир норози ҳалок бўлганини билдирган. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган эди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди. Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳриида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.

Ливан ҳукумати Байрутдаги портлаш ортидан истеъфога чиқди

Портлаш ортидан Байрутда норозилик намойишлари бошланиб кетган эди.

Ливан ҳукумати Байрут бандаргоҳидаги портлаш ортидан истеъфога чиқди. Бош вазир Ҳасан Диаб 10 августдаги ҳукумат йиғилишидан сўнг президентга барча вазирлар номидан истеъфо аризасини топширди.

Ливанликларнинг асосий кўпчилиги бандаргоҳдаги портлаш ҳукуматнинг эътиборсизлиги ва коррупциялашгани оқибатида юз берди, деб ҳисоблайди. Портлаш ортидан Байрутда норозилик намойишлари ҳам бошланиб кетган эди.

Байрут бандаргоҳида 4 август куни юз берган портлашлар оқибатида камида 160 киши ҳалок бўлган, 5 минг киши яраланган ва 300 мингдан ортиқ киши уйсиз қолган эди.

Портлаш оқибатида келтирилган зиён 15 миллиард доллар экани айтилмоқда. Ливан расмийлари ҳодисага бандаргоҳ омборхонасида сақланган қарийб уч минг тонна аммиак селитраси сабаб бўлганини билдирганлар. Мазкур модда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, портловчи моддалар ҳамда ракета ёқилғисини ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Тергов версиясига кўра, селитра омборхонада олти йил мобайнида хавфсиз бўлмаган шароитда сақланган, бу бепарволик охир-оқибат фожиага сабаб бўлган.

Оқ Уй олдидаги отишма оқибатида Трамп брифингни тўхтатишга мажбур бўлди

Трампнинг айтишича, махфий хизмат агенти Оқ Уй ёнида қуролланган одамни отган.

Душанба куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг Оқ Уйдаги брифинги бирдан тўхтатиб қўйилди ва президент махсус хизмат ходимлари қуршовида брифинг ўтказилаётган хонани тарк этди.

Бир неча дақиқадан сўнг президент яна брифингга қайтди ва Оқ Уй олдида отишма бўлганини айтди. Трампнинг айтишича, махфий хизмат агенти Оқ Уй ёнида қуролланган одамни отган.

Махфий хизмат Твиттер саҳифасида ўз агенти томонидан қурол қўлланилиши юзасидан тергов олиб борилаётганини билдирди.

Хабарда айтилишича, Махфий хизмат агенти ва отишманинг иккинчи иштирокчиси бўлган шахс ҳозир касалхонага ётқизилган. Билдирилишича, Оқ Уй ҳудудига бегона одамлар кирмаган ва бу ерда ишловчиларга таҳдид туғдирмаган.

Инцидент Оқ уйдан бир квартал нарида юз берган. Associated Press агентлигининг хабар беришича, исми айтилмаётган гумонланувчи касалхонада оғир аҳволда қолмоқда. Тергов унинг ҳаракатлари мотивларини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек унинг руҳий саломатлиги ҳам текширилмоқда.

Лукашенкони биринчи бўлиб Хитой, Қозоғистон ва Россия президентлари табриклади

Путин ва Лукашенко мамлакатлараро дўстлик ришталарини арча экиш билан мустаҳкамлаган эдилар.

Беларус президентлигига 9 августда ўтган сайловда ғалаба қозонгани расман эълон қилинган Александр Лукашенкони 10 август куни биринчилардан бўлиб Хитой раҳбари Си Цзиньпин, кейин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва учинчи бўлиб Россия президенти Владимир Путин табриклади.

Ўз табрик телеграммаларида Си Цзиньпин Хитой ва Беларус “биродарлиги темирдан мустаҳкам ҳамкорлар” эканини,Қасим-Жомарт Тоқаев “сайловдаги ғалаба Беларус халқи Лукашенконинг мустақилликни мустаҳкамлаш сиёсатини қўллаб-қувватлагани”ни таъкидладилар.

Путин ўз телеграммасида Лукашенко “Иттифоқчи давлат сифатидаги ҳамкорликни ривожлантиришига” умид билдирди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди. Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди.

Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди ва ўз тарафдорларини норозилик намойишларини давом эттиришга чақирди.

Беларус Ички ишлар вазирлиги 9 августдан 10 августга ўтар кечаси мамлакатнинг 33 шаҳриида норозилик намойишлари бўлиб ўтгани ва уч минг одам қўлга олинганини билдирди.

Лукашенконинг асосий рақиби Тихановская сайлов натижаларини тан олмади

. “Мен ўзимни сайлов ғолиби деб ҳисоблайман”, - деб баёнот берди Тихановская

Беларус президентлигига номзод Светлана Тихановская сайловнинг дастлабки натижаларини тан олмаслигини эълон қилди.

“Мен ўзимни сайлов ғолиби деб ҳисоблайман”, - деб баёнот берди Тихановская ўз штабида ўтказган матбуот анжуманида.

Тихановскаянинг айтишича, унинг баёноти кўплаб сайлов участкаларидан олинган “реал протоколлардаги натижалар”га асосланган. Бу протоколларда у Александр Лукашенкодан кўп овоз олгани тасдиқланган.

Тихановская 10 август куни эълон қилинган расмий натижани сохталаштирилган деб ҳисоблашини айтди. Тихановская мамлакатни тарк этиш нияти йўқлигини ҳам билдирди.

Унга кўра, ўзи кўчалардаги норозилик намойишларида иштирок этмаяпти. “Менинг кўчага чиқишим вазиятни янада мураккаблаштиради”,-деди Тихановская. Айни пайтда у ўз тарафдорларини тинч норозилик намойишларини давом эттиришга, Лукашенкони эса зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида мулоқотга чақирди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарларида намойишлар бошланди. Полиция намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, намойишлар пайтида бир одам ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар турли жароҳатлар билан касалхоналарга ётқизилган. Лекин ҳукумат бу хабарларни расман тасдиқлагани йўқ.

Норозилик намойишларида иштирок этган 200 киши қўлга олинганини ҳам ҳуқуқ фаоллари хабар қилди.

Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина 10 августда сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко сайловчиларнинг 80 фоиз овозини олиб, ғолиб бўлганини эълон қилди. Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская эса расман 10 фоиз овоз олган.

Беларусда Лукашенко яна президентликка сайлангани расман эълон қилинди

Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина 9 августда ўтган президент сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко сайловчиларнинг 80 фоиз овозини олиб, ғолиб бўлганини эълон қилди.

Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская эса расман 10 фоиз овоз олган.

Марказий сайлов комиссияси 10 августда эълон қилган дастлабки маълумотларга қараганда, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 84 фоизи иштирок этган. Уларнинг 6 фоизи барча номзодларга қарши овоз берган.

Лидия Ермошина матбуот анжуманида эълон қилинган дастлабки натижалар кўрсаткичи кун давомида ўзгариши эҳтимоли йўқлигини билдирди.

Беларусда 9 август куни ўтган президент сайловида Александр Лукашенко 80 фоиз овоз олгани ҳақидаги хабарлардан сўнг мамлакатнинг бир қанча шаҳарида намойишлар бошланди.

Полиция томонидан намойишчиларга нисбатан куч ишлатиш ва уларни ҳибсга олиш ҳолатлари кузатилди. Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская расмий экзит-пол натижаларини тан олишдан бош тортди.

Ҳукуматга қарашли “Белта” ахборот агентлиги 10 август куни эрталаб полиция “рухсат берилмаган оммавий намойишлар” устидан вазиятни ўз назоратига олгани ҳақида хабар берди.

Чет эл фуқаролигини олган қирғизистонликлар тарихий ватанида қатор ҳуқуқларга эга бўлди

Москвадаги қирғизистонлик муҳожирлар.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков Қирғизистонда яшаб, кейин бошқа давлат фуқаролигини қабул қилган шахсларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда 10 август куни президент матбуот хизмати маълум қилди.

Қонунга асосан чет эл фуқаролигини қабул қилган қирғизистонлик “Чет эл фуқаролиги бор ватандош” деган расмий мақомга эга бўлади.

Улар тарихий ватанига визасиз бориб келиш, Қирғизистонда давлат органларидан ҳеч қандай рухсат олмай ишлаш, вақтинча яшаш, билим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Ватандошларга ўн йил муддатга “Мекен -карт” деган ҳужжат берилади.

Қирғизистон билан чегарадош бўлган Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой фуқаролигини олган шахсларга бу қонун амал қилмайди.

Бундан ташқари “Чет эл фуқаролиги бор ватандош” деган расмий мақом аввал судланганларга, хавфсизликка таҳдид солганларга, террор ва экстремист ташкилотлар аъзоларига берилмайди.

Қонун жорий йилнинг 11 июнида Қирғизистон парламенти томонидан қабул қилинган эди. Қонун расман эълон қилинган кунидан бошлаб кучга киради.

Қирғизистон Миграция хизматининг билдиришича, ҳозирда чет эл фуқаролигини қабул қилган фуқаролар сони уч юз минг кишини ташкил қилади.

Афғонистон парламенти 400 толибни қамоқдан озод қилишга рози бўлди

Лоя жирга раиси Абдулла Абдулла Кобулнинг тинчлик музокараларига тайёр эканини эълон қилди.

Афғонистон парламенти - Лоя жирга Толибон раҳбарияти тинчлик музокараларини бошлашга рози бўлиши эвазига қамоқлардан 400 нафар жангарини озод этишга қарор қилди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 9 август куни Лоя жирга депутатларига жангариларни озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолашга ваъда берди.

Ашраф Ғани Толибон раҳбариятини Лоя жирга қарорига бўйсунишга ва тинчлик музокараларини бошлашга чақирди.

Лоя жирга раиси Абдулла Абдулла Кобулнинг тинчлик музокараларига тайёр эканини эълон қилди.

Кобул февраль ойида АҚШ ҳамда Толибон ўртасидаги имзоланган келишувга мувофиқ 4 600 нафар жангарини озодликка чиқарган. Аммо Лоя жирга қамоқдан озод этишни муҳокама қилган Толибон жангарилари ўтмишда оғир жиноятларни содир этган шахслар сифатида судланган эди.

Бир неча кун аввал Ашраф Ғани уларни авф этиш ваколатига эга эмаслигини ва бу масалада қарор қабул қилишни Лоя жиргага топширишини билдирганди.

Халқаро донорлар портлаш оқибатини бартараф этиш учун Ливанга кўмак кўрсатади

Франция президенти 6 августда Байрутга борди.

Халқаро донорлар Ливанга молиявий кўмак кўрсатиш масаласида келишиб олди. БМТнинг ҳисоб-китобича, Байрутда 4 август куни юз берган икки портлаш оқибатларини бартараф этиш учун Ливанга камида 117 миллион доллар миқдорида тезкор ёрдам керак бўлади.

9 август куни Франция президенти Эммануэль Макрон ва БМТ ташаббуси билан ўтказилган донорлар видеоконференциясида ўнлаб мамлакатлар Ливанга ёрдам кўрсатишга ҳозир эканликларини билдирдилар. Бироқ кўрсатиладиган ёрдам миқдорини давлатлар очиқламадилар.

Эммануэль Макрон офиси эълон қилган баёнотда эса, донорлар 298 миллион доллар миқдорида кўмак кўрсатиши мумкинлиги қайд этилди.

Макроннинг айтишича, Ливанда коррупция авж олгани туфайли донорлардан олинадиган ёрдам ҳукумат иштирокисиз ливанликларга тўғридан-тўғри ва шаффоф тарзда етказиб берилади.

Байрут бандаргоҳида 4 август куни юз берган портлашлар оқибатида камида 160 киши ҳалок бўлган, 5 минг киши яраланган ва 300 мингдан ортиқ киши уйсиз қолган эди.

Портлаш оқибатида келтирилган зиён 15 миллиард доллар экани айтилмоқда.

Ливан расмийлари ҳодисага бандаргоҳ омборхонасида сақланган қарийб уч минг тонна аммиак селитраси сабаб бўлганини билдирганлар.

Мазкур модда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, портловчи моддалар ҳамда ракета ёқилғисини ишлаб чиқаришда ишлатилади.

Тергов версиясига кўра, селитра омборхонада олти йил мобайнида хавфсиз бўлмаган шароитда сақланган, бу бепарволик охир-оқибат фожиага сабаб бўлган.

Форс кўрфази давлатлари Эронга қурол сотишга қўйилган эмбарго муддати узайтирилишини қўлламоқда

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши.

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти БМТнинг Эронга қурол сотилишига қўйилган эмбарго муддати узайтирилишини қўллаб-қувватлайди. Ташкилот бу борадаги расмий мактубни 9 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тақдим қилди.

Мактуб Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган Баҳрайн, Қувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари томонидан имзоланган.

Мактубда айтилишича: “Эрон 2015 йилда жаҳоннинг етакчи давлатлари билан ядровий шартномани имзолаганига қарамай, ҳанузгача қўшни давлатларга қурол билан таҳдид қилишни тўхтатмаган ва ҳужумларни тўхтатиш ниятида ҳам бўлмаган. Қуролли ҳужумлар тўғридан-тўғри ёки Эрон томонидан қуроллантирилган ва ўқитилган ташкилотлар томонидан амалга оширилган”.

Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик ташкилоти “минтақадаги террорчи ва диний ташкилотларга қурол етказиб бериш фикридан воз кечмагунича” Эронга қурол сотиш бўйича эмбарго сақланиб қолиниши шарт, деб ҳисоблайди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Аббос Мусавий ташкилотнинг бу мактубини “масъулиятсиз ва АҚШ манфаатларини кўзлаб ташланган қадам” сифатида баҳолади.

Жорий ҳафтада АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашига Эронга қурол сотишга қўйилган эмбарго муддатини узайтириш таклифини киритиши кутилмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG