Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 09:03

Лукашенко: Россиядан Беларусни беқарорлаштириш учун жангарилар юборилган


Беларусь президенти Александр Лукашенко Россияни 9 августга белгиланган президентлик сайлови арафасида мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш учун хусусий рус ҳарбий ширкатининг 200 жангчиси мамлакатга юборилганини яширишга уринишда айблади.


1 август куни Лукашенко Беларусь терговчиларининг Vagner Group аъзолари фитнаси ҳақидаги дастлабки хулосалари билан танишиб чиққанини айтди.

Vagner Group хусусий ҳарбий ширкат бўлиб, Россия президенти Владимир Путиннинг муҳим ҳамкори Евгений Пригожин томонидан бошқарилиши айтилади. Гуруҳ жангчилари Украина, Сурия ва Ливиядаги можароларда қатнашиб келади.

1 август куни Минскдаги Россия элчихонаси ўз дипломатлари Беларусь расмийлари қўлга олган 33 нафар Vagner Group шартномачиси билан учрашганини билдирган эди.

- Тушунишимча, булар Беларусга сафарбар қилиниши режалаштирилган 180 ёки 200 одамнинг биринчи гуруҳи холос, - деди Лукашенко.

Лукашенко Россия «думини қисганини» айтиб, Кремлнинг жангчилар Минск билан эришилган келишув асосида юборилгани ҳақидаги иддаосини «бўлмаган гап» дея таърифлади.

Кремль гуруҳ аъзолари асоссиз қўлга олинганини айтиб, уларни озодликка чиқаришга чорлади.

Ҳафта бошида Минск яқинида Vagner Group гуруҳининг 32 шартномачиси, мамлакат жанубида яна бир аъзоси қўлга олинган эди.

31 июль куни Украина бош прокуратураси қўлга олинган жангчиларнинг 28 нафари Украина шарқида россияпараст айирмачилар қаторида жанг қилишда гумонланаётганини айтиб, Минскдан уларни Киевга экстрадиция қилиш сўралишини билдирди.

Прокуратура билдирувига кўра, қўлга олинганларнинг 9 нафари Украина фуқаросидир.

Аммо 1 август куни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков қўлга олинганларнинг барчаси Россия фуқароси эканлигини таъкидлади.

Песков Минскнинг гуруҳ аъзолари Беларусь президентлик сайловига аралашишни режалаштиргани ҳақидаги иддаосини рад этди. Унинг сўзларига кўра, 33 жангчи Истанбул орқали «учинчи мамлакатга» кетаётганида қўлга олинган.

31 июль куни Песков мухбирлар олдида қилган чиқишида:

- Уларнинг Беларусга сафари на Беларуснинг ўзига, на унинг ички ишларига алоқадор эмас, - деди.

Аммо Беларусь тергов гуруҳи етакчиси Александр Агафонов жангчиларнинг саёҳатни давом эттириш режаси шунчаки «алиби» эканлигини таъкидлади.

Агафонов уларнинг Беларусда қолишлари сабаблари «бир-бирига зид» эканлигини ва «қовушмаётганини» таъкидлади.

Беларусь Хавфсизлик кенгаши раиси Андрей Раукоу айни дамда 200 га яқин жангари Беларусь ҳудудида қолаётганини, уларни қўлга олиш устида иш олиб борилаётганини айтди.

Беларусда 9 август куни президентлик сайлови бўлиб ўтади. Таҳлилчилар сайловда мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко ғалаба қозониши бу гал ҳар доимгидек жуда осон бўлмаслигини айтишмоқда.

Сайловолди кампанияси давомида Лукашенко мухолифатга босимни кучайтирди. Кейинги ойларда мамлакатда юзлаб одам, жумладан, фаоллар, блогерлар ва президентликка номзодлар ҳибсга олинди.

XS
SM
MD
LG