Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:23

Марказий Осиёда коронавирус: Ўлимдан омон қолган 101 ёшли бемор, зотилжамнинг "ғалабаси", яширилган статистика


Март ойидан бошлаб коронавирус аниқлана бошланган Марказий Осиё давлатларининг ҳар бири вирусга қарши "халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган ўз услуби" билан курашмоқда. Аммо вазият енгилламоқда, деб айтишга эртароқ кўринади.

Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистонда кунига камида 500-1000 ва ундан кўп одамда коронавирус аниқланмоқда. Тожикистон ва Туркманистон эса, экспертлар фикрича, вазиятни юмшатиброқ кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Туркманистон ҳалигача мамлакатда коронавирус борлигини расман тан олгани йўқ.

Қирғизистон коронавирусдан ўлганлар сони бўйича минтақада етакчилик қилмоқда

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 4 август ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусдан вафот этганлар сони 1427 кишига етди.

Вазирлик Қирғизистонда 37 541 кишига коронавирус юққани ва улардан 28 743 нафари соғайганини таъкидлади.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Айнура Акматова 3 август куни соғайган беморлар орасида 101 ёшли қария ҳам борлигини маълум қилди. Бундан ташқари 80 ёшли қария ҳам тузалган.

“Бу тиббиёт ходимларининг оғир ва профессионал меҳнати самараси бўлди, деб айтсак хато қилмаймиз”, -деди Айнура Акматова.

Қозоғистонда зотилжамдан ўлим кўрсаткичи 50 фоизга кўпайди

Марказий Осиёда коронавирус вазияти энг мураккаб бўлиб қолаётган давлат Қозоғистондир. Сўнгги расмий маълумотларда қайд этилишича, бу мамлакатда 92 662 киши коронавирусга чалинган. Улардан 1058 нафари ўлган.

Жорий йилнинг 1 январидан 2 августигача эса 256 минг 541 одамда зотилжам аниқланди. Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 1 августдан бошлаб коронавирус ва зотилжам статистикаси бирлаштирилишини эълон қилган эди.

Бироқ 3 август куни қилган чиқишида у статистик маълумотларни алоҳида-алоҳида айтиб ўтди. Цойга кўра, жорий йилнинг етти ойида пневмониядан ўлим ҳолатлари 2019 йилнинг шу даврига солиштирганда 50 фоизга кўпайган.

Ўзбекистонда ишсизлар сони кўпайди

4 август ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган 26 550 нафар бемор аниқланган Ўзбекистонда эса пандемия ишсизлик кўрсаткичнинг ошишига сабаб бўлди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 3 августда билдиришича, Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь-июнь ойларида ишсизлик даражаси 13,2 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврида 9,1 фоизга тенг бўлган.

Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони бугунги кунда 1 миллион 944 минг кишини ташкил этмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 65 фоизни ташкил қилмоқда. Ҳозирда 9 127 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 927 нафари оғир, 224 нафари эса ўта оғир аҳволда.

4 август ҳолатига кўра, расман 160дан ортиқ бемор вафот этган.

Тожикистонда ўлим ҳолатлари озайтириб кўрсатилмоқда

Тожикистон ҳукумати эса шу кунгача жами 7,5 мингга яқин фуқарога коронавирус юққанини, беморлардан 61 нафари ўлганини билдирди.

Бироқ Озодлик радиоси тожик хизмати томонидан ўтказилган журналистик суриштирувда ўтган ойда Тожикистонда COVID-19дан ўлганлар сони камида бир неча юз киши экани айтилди.

Коронавирусдан вафот этган тожикистонликлар орасида ўнлаб шифокорлар ва ҳамширалар бор.

Туркманистонда расман коронавирус йўқ

Туркманистонда шу кунгача коронавирус мавжудлиги ҳукумат томонидан расман тан олинмади. Бироқ Озодлик радиоси туркман хизматининг манбалари Туркманистондаги касалхоналар зотилжам симтомлари кузатилган беморлар билан тўлиб-тошиб кетгани ҳақида хабар бермоқда.

Мухбирларнинг маълум қилишларича, ўлим ҳолатлари ҳам кўпайган.

Озодликнинг Туркман хизматига интервью берган икки ашхободлик пойтахт шифохоналари бирининг реанимация бўлимида ҳар куни ўнлаб одам ўлаётганини, бошқа бир шифохонада мурдаларни ўраш учун ишлатиладиган пластик қоплар тугагани учун майитлар хлорли аралашмада ивитилган матога ўралаётганини айтди.

XS
SM
MD
LG