Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2024, Тошкент вақти: 08:10

Ҳужжатлар: Учқудуқда 4 кунда 329 кишидан 244 нафарининг Covid-19 тести мусбат чиқди


Учқудуқ туман Санитария-эпидемиологик марказида (СЭОМ) керакли ускуна йўқлиги учун Covid-19 тестлари Зарафшон шаҳри (суратда) СЭОМда ўтказилмоқда.
Учқудуқ туман Санитария-эпидемиологик марказида (СЭОМ) керакли ускуна йўқлиги учун Covid-19 тестлари Зарафшон шаҳри (суратда) СЭОМда ўтказилмоқда.

Навоий вилоятининг 37 минг 100 киши яшайдиган Учқудуқ туманида ўтган ойнинг тўрт кунида ўтказилган Covid-19 тестлари 244 беморда мусбат натижа кўрсатди. Ўша тўрт кунда жами бўлиб 329 киши коронавирус тестидан ўтган. Covid-19 эпидемияси бошланганидан буён туманда жами неча киши бу инфекцияга чалингани маълум эмас.

Расмий маълумотларга кўра, Навоий вилоятида 6 августгача жами 465 кишига вирус юққан, улардан 424 нафари соғайган, 4 киши вафот этган.

Аҳолиси оз Учқудуқ туманидаги 4 кунлик кўрсаткич бутун вилоят бўйича “мавсум бошидан бери” йиғилган кўрсаткичнинг ярмидан кўп эканлигини маҳаллий врачлар Covid-19 га ўтказилган биринчи тест натижаси расмий статистикага киритилмаслиги билан изоҳлади.

Учқудуқ туманида яшовчи 329 бемор Covid-19 тести топширгани ва улардан 244 нафарининг натижаси мусбат чиққани Озодликка Зарафшон шаҳар СЭО маркази лабораториясида 19, 22, 23 ва 26 июль кунлари ўтказилган таҳлиллар натижаларига оид 5 та ҳисоботдан маълум бўлди (22 июль бўйича иккита ҳужжат).

Excel дастурида тўлдирилган ҳужжатларни Озодликка 6 августда тақдим этган учқудуқлик аёл ўз ишини “Учқудуқ туманида Covid-19 ташхиси билан касалланганлар ва вафот этганлар сони яширилиб келинаётгани, вазиятдан жамоатчилик хабардор бўлиши кераклиги” билан изоҳлади. Унинг хабар қилишича, коронавирусдан ўзининг турмуш ўртоғи ҳам ўтгач ойда вафот этган. Учқудуқлик марҳум турмуш ўртоғининг шахсига оид барча маълумотларни ҳам Озодликка хабар қилди.

Зарафшон шаҳар СЭО маркази лабораториясида ўтказилган тест натижалари тўғрисидаги ҳисоботларда:

тест топширган беморнинг исм-фамилияси; туғилган санаси; телефон рақами; яшаш манзили; иш жойи; қайси тиббиёт муассасига келгани;тест ўтказилган сана ва ниҳоят тест натижасининг манфий ёки мусбатлиги кўрсатилган.

Қуйида эълон қилинаётган ҳисоботларда Озодлик беморлар шахсига оид маълумотларни ўчирди:

Ҳужжатларга кўра:

19 июлда жами 118 бемор тести натижаси чиққан, 63 кишиники – мусбат;

22 июлда: жами 93, мусбат – 83;

22 июль (иккинчи ҳужжат): жами 74, мусбат – 46;

23 июль: жами 37, мусбат – 15;

26 июлда эса, жами 37, мусбат 37;

Шундай қилиб, 4 кунда жами 329 беморнинг тест натижаси маълум бўлган, улардан 244 нафариники мусбат чиққан.

Озодлик гаплашган учқудуқлик икки врач Covid-19 га тест ўтказиш учун Учқудуқ туман Санитария-эпидемиологик марказида (СЭОМ) шароит йўқлигини, шунинг учун тестлар Зарафшон СЭОМда ўтказилаётганини билдирди.

Исмлари, иш жойлари мутлақо сир тутилиш шарти билан Озодликнинг баъзи саволларига жавоб берган учқудуқлик икки врач тумандаги Covid-19 билан боғлиқ жорий вазият юзасидан гапиришдан бош тортди.

Бироқ ҳар иккаласи ҳам тест натижаларига оид ҳисоботлар ҳақидаги батафсил маълумотларни Озодликдан эшитгач, шундай ҳужжатлар мавжудлигини тан олди.

Бас, шундай ҳужжатлар бор экан, нега улардаги натижалар расмий статистикада акс этмаяпти? Озодликнинг бу саволига иккала врач ҳам бир-биридан мустақил равишда бир хил жавоб берди:

“Биринчи тестда мусбат чиққани ҳали бемор Covid-19 га чалинди, дегани эмас. Бир ҳафтадан кейин яна мусбат чиқса ва яна иситма чиқаётган бўлса, бемор Зарафшонга олиб борилади. Унгача ўзимиздаги провизор марказида Covid-19 га гумонланувчи сифатида ётади. Иккинчи тестда ҳам натижаси мусбат чиққанлар республика статистикасига киритилади”.

Озодлик учқудуқлик беморларни Covid-19 га тест қилган Зарафшон СЭОМ билан боғлана олмади.

Озодлик тест ҳисоботларида исмлари келтирилган беморларнинг баъзилари билан гаплашди. 1972 йилда туғилган Д.Ю.нинг тест натижаси 26 июлга оид ҳисоботда “мусбат” кўрсатилган. Унинг 6 августда Озодликка айтишича, касалхонага 23 июльда ётган, тестни 24 июльда топширган. Касалхонада 12 кун ётиб чиққан. Врачлар унга яна рецепт ёзиб берган ва муолажани уйида давом эттириши мумкинлигини айтган.

1969 йилда туғилган Юлдашева Нодиранинг тести мусбат чиққани 22 июль кунги ҳисоботдан маълум бўлди. Исм-фамилиясини яширишни истамаган аёл 16- чидан 24 июлгача касалхонада ётганини, Covid-19 га ҳаммаси бўлиб фақат бир марта тест топширганини айтиб берди.

Учқудуқлик Нодира Юлдашева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:48 0:00
Бевосита линк

Нодира Юлдашева суҳбат давомида кутилмаганда коронавирус юққан турмуш ўртоғи, ёши 60 даги Йўлчибой Каримов касалхонада вафот этганини айтди.

Covid-19 тести натижаларига оид 4 кунлик ҳисоботларни Озодликка тақдим этган аёл ҳам эри шу касалликдан ўлганини ёзди. Демак, Учқудуқда камида икки эркак Covid-19 дан вафот этди.

Озодлик 6 августда гаплашган учқудуқлик икки врач коронавирусдан шу кунгача ҳеч ким ўлмаганини иддао қилди.

Бу навоийлик тиббиëт ходимларининг вилоятда коронавирусга чалинган ва ўлганлар ҳақиқий сонининг яширилаëтгани ҳақидаги иддаоларни тасдиқлаш мақсадида Озодликка бундай ҳужжатларни биринчи марта юбориши эмас.

Июнь ойи охирида Озодликка Навоий вилоят соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи мулозим томонидан тақдим этилган тест натижалари ва улар ҳақдаги протокол нусхалари бу ҳудудда COVID-19 вирусга чалинганлар сони расмий статистикадан бир неча баравар кўплигини кўрсатган эди.

XS
SM
MD
LG