Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2020, Тошкент вақти: 23:14

Германия ва Россия ташқи ишлар вазирлари Nord Stream-2 газ қувури лойиҳасини муҳокама қилади


Россиянинг қувур ётқизувчи Академик Черский кемаси

11 августда Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Москва шаҳрида учрашади. Учрашув давомида Россия газини Европага экспорт қилишга мўлжалланган Nord Stream-2 газ қувури лойиҳаси муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Болтиқ денгизида ётқизилаётган қувур Россиянинг Европага сотадиган гази кўламини икки баробарга ошириши мумкин. Янги линия Украинани четлаб ўтгани учун лойиҳа якунланганидан кейин, Киев миллиардлаб доллар даромаддан айрилади.

АҚШ узоқ йиллардан бери Nord Stream-2 қурилишига қарши чиқиб келади. Вашингтонга кўра, лойиҳа Германияни Россия газига қарам қилиб, Европа хавфсизлигига таҳдид солади.

2019 йилнинг декабрида Вашингтон Болтиқ денгизи тубида Nord Stream-2 қувурларини ётқизишга кўмаклашадиган ҳар қандай ширкатга қарши санкция жорий қилди.

Германия расмийлари эса АҚШ санкцияларини қоралаб келади. Айрим сиёсатчиларнинг фикрича, АҚШ қаршилигининг асл сабаби Вашингтон Европага ўз табиий газини сотишни истаётганидадир.

Маас 9 август куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео билан суҳбатлашиб, Вашингтоннинг Германияга қарашли Рюген оролидаги порт операторига қарши санкция жорий қилиш таҳдидлари юзасидан хавотир изҳор қилди. АҚШ санкцияларига йўлиқиши мумкин бўлган портдан Nord Stream-2 қурилишида қатнашаётган кемалар фойдаланиб келади.

Маас Помпео билан ўтган ҳафтада уч нафар республикачи сенатор порт оператори Faehrhafen Sassnitz GmbH ширкатига қарши санкция жорий қилиниши ҳақида таҳдид солиб ёзган мактубни муҳокама қилган.

Маас суҳбатнинг бошқа тафсилотларини очиқламади.

Сенаторлар Тед Круз, Том Коттон ҳамда Рон Жонсон мактубни порт оператори, унинг директорлар кенгаши аъзолари, акциядорлари ҳамда ишчилари Nord Stream-2 лойиҳаси учун хизмат кўрсатишни бас қилмаса, «қонуний ва иқтисодий» санкцияларга дучор бўлиши ҳақида «расмий огоҳлантириш» деб атади.

Мактубга кўра, порт Россия байроғи кўтарилган «Фортуна» ҳамда «Черский» кемаларига хизмат кўрсатса, АҚШ санкцияларига дучор бўлади.

Сенаторлар мактубида деярли якунланган Nord Stream-2 лойиҳаси «Европа энергетика хавфсизлигига ҳамда Америка миллий хавфсизлигига йирик таҳдид» дея таърифланди.

Nord Stream-2 ҳар бири Болтиқ денгизи бўйлаб 1 230 кмга чўзилувчи икки параллель линиядан иборат бўлиб, Россиядан Германияга газ элтиб беришни кўзлайди.

Линия Европага йилига 55 миллиард куб газ элтиб беришга қодир.

11 миллиард доллар қийматга эга лойиҳа 90 фоизга тамомланган бўлиб, Дания яқинидаги тақрибан 160 кмга чўзилган бўлаги битмай қолган.

Декабрь ойида АҚШ қувурларни ётқизаётган ширкатларга қарши санкция жорий қилиши ортидан Швециянинг AllSeas ширкати лойиҳани тарк этди.

Эндиликда рус кемалари лойиҳани тамомлашга уринмоқда. Аммо улар суғурта ҳамда порт хизматларини кўрсатувчи халқаро ширкатлар ёрдамида муҳтож.

Маас Москвага сафаридан кейин Санкт-Петербургга бориб, Иккинчи жаҳон уруши давомида фашистлар Германияси томонидан Ленинград қамал қилинганида ҳалок бўлган шахсларни хотирлаш маросимида қатнашади.

Икки йилга чўзилган қамал давомида юз минглаб одам асосан очарчиликдан нобуд бўлган.

XS
SM
MD
LG