Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:09

Ғарб давлатлари Россиянинг коронавирус вакцинасига шубҳа билан қарамоқда


Россия президенти ва ҳукуматининг ҳали одамда якуний синовдан ўтмаган вакцинани тарғиб қилаëтгани¸ ҳатто россиялик мутахассисларни ҳам хавотирга солмоқда.
Россия президенти ва ҳукуматининг ҳали одамда якуний синовдан ўтмаган вакцинани тарғиб қилаëтгани¸ ҳатто россиялик мутахассисларни ҳам хавотирга солмоқда.

Сешанба куни Россия инсон организмида коронавирусга қарши давомли иммунитет келтириб чиқарувчи жаҳондаги илк вакцинани ишлаб чиққани эълон қилди. Бу хабар ортидан кўпчилик мутахассислар Россия вакцинаси самарасига ишончсизлик билдирмоқда.

Президент Владимир Путин Гамалея тадқиқот институти Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиққан ва «Спутник» номи берилган вакцина хавфсиз экани, ҳатто ўз қизларидан бири уни олганини айтди.

- Жуда самарали эканлигини, давомли иммунитет беришини биламан, - деди президент.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги клиник синовлар ҳали якунланмагани, 2000 одам иштирокидаги якуний синов босқичи чоршанба куни бошланишини билдирди.

Ғарб давлатлари Россия вакцина дастури савол туғдиришини айтиб, унга шубҳа билдириб келмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти матбуот котиби ташкилот Россия Соғлиқни сақлаш расмийлари билан мунтазам алоқада экани, аммо ташкилот Россия вакцинасини маъқуллаши учун ҳали эрта эканлигини айтди.

Германия Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби эса «Россия вакцинаси сифати, самараси ва хавфсизлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ»лигини билдирди.

Россия сентябрь ойида вакцинани кенг кўламда ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бу вакцина билан¸ биринчи навбатда¸ тиббиёт ходимларини эмлаш режалаштирмоқда.

Россия Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси директори Кирилл Дмитриев рус вакцинасига билдирилаётган шубҳалар Россияни ёмонотлиқ қилишни кўзловчи «пухта режалаштирилган матбуот ҳужумлари» маҳсули эканлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, 20 хориж давлати рус вакцинасини олиш учун олдиндан буюртма берган.

Бу орада касалликнинг иккинчи тўлқини ҳақида хавотирлар урчир экан, жаҳон бўйлаб вакцина ишлаб чиқариш пойгаси авж олмоқда.

Сешанба куни Индонезияда Хитойнинг Sinovac Biotech ширкати ишлаб чиққан CoronaVac вакцинаси синовининг якуний учинчи босқичи бошланаётганини эълон қилинди. CoronaVac вакцинаси аллақачон 9 минг нафар бразилиялик тиббиёт ходими орасида синовдан ўтказилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, жаҳон бўйлаб олимлар 165 та вакцина лойиҳаси устида ишламоқда. Уларнинг олтитаси синовларнинг сўнгги босқичига етган.

Айни пайтда ташкилотнинг соғлиқни сақлаш соҳасида юзага келадиган фавқулодда вазиятлар бўйича дастурлари директори Майкл Райан вакцина ишлаб чиқарилганидан кейин COVID-19 бирданига тўхтаб қолмаслигидан огоҳлантирди.

- Бизда полиомиелит ва қизамиққа қарши самарали вакциналар мавжуд, аммо ушбу касалликларни йўқ қилиш ёки тўхтатиш учун ҳали ҳам курашмоқдамиз. Вакцина билан уни олишни хоҳловчи ва талаб қилувчи аҳолини эмлаш имконияти ҳам бўлиши керак, - деди у.

AFP агентлиги маълумотларига кўра, бугунга қадар коронавирусга чалинганлар сони 20 миллиондан ошди, уларнинг 737 мингга яқини нобуд бўлди.

Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази Европа давлатларини айрим карантин чораларини қайта жорий қилишга чорлади.

Франция пойтахти Париж¸ шунингдек Испанияда жамоат жойларида ниқоб тақиш талаби қайтадан жорий қилинди.

XS
SM
MD
LG