Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 10:15

Москвадаги ёрдамга муҳтож ўзбекистонликлар Тошкентга учоқда олиб кетилди (ВИДЕО)


Бошида жарроҳлик амалиётини ўтказган Комилжон Набиев Тошкентга учиб кетмоқда.
Бошида жарроҳлик амалиётини ўтказган Комилжон Набиев Тошкентга учиб кетмоқда.

12 август куни Москва -Тошкент йўналиши бўйича учган самолётда, асосан, пандемия карантини туфайли Россиядан ўз вақтида кетолмай, қийин аҳволда қолган ўзбек муҳожирлари Ўзбекистонга олиб кетилди.

Озодликка маълум бўлишича, учоқда ҳомиладорлар, ногирон ва кекса муҳожирлар, болали аёл-эркаклар ва оғир касал ёки жароҳат олган меҳнат муҳожирлари бор эди. Ҳаммаси бўлиб неча киши Тошкентга учгани Озодликка маълум эмас.

Ўз юртига кетаётганлар орасида Подмосковьенинг Можайский туманида оғир жароҳат олган самарқандлик Комилжон Набиев ҳам бор эди.

Шу йилнинг июлида томдан тушиб кетган Комилжоннинг боши ёрилиб, бирмунча вақт комада ётгани ҳақида Озодлик ҳикоя қилган эди. Бошининг 3 жойидан операция қилинган 43 яшар мигрантнинг кейинги тиббий муолажаларга маблағи қолмагани ва у Ўзбекистонга бориб даволаниши лозимлиги ҳам айтилганди.

Комилжон ҳам 12 августдаги рейсда Ўзбекистонга жўнатилди.

Учоққа чиқишидан олдин Комилжон Ўзбекистонга бориб даволанишни давом эттириши ва оёққа туриб, яна қайтиб келиш истагида эканини Озодликка сўзлади:

- Яхши ҳаммаси. Иш бўлса ишлайман Ўзбекистонда, бўлмаса - қайтиб келаман. 19 йилдан бери келиб кетаман Россияга. Бунинг учун аввал йиқилганда олган жароҳатимни даволашим керак.

Учоққа чиқишидан олдин барча ўзбек йўловчиларига махсус ҳимоя кийими кийдирилди, ниқоблар тақилди.

Внуково аэропортида учишидан олдин Озодликка гапирган Комилжоннинг акаси Ҳасанбой Набиев Озодлик материали ортидан кутилмаган ўзгаришлар юз берганини айтаркан, деди:

- Сизлар съёмка қилганингиздан кейин анча янгиликларга эришдик, натижа бўлди. Элчихонадан бизни телефон қилиб, чақиришиб “Эрта-индин учасиз!”, дейишди. Жуда катта ёрдам бўлди! Бугун Комилни учириб юборсам уйда даволанишни давом этади. Ҳақиқат борлигига ишондим! Озодликка қилган мурожаатим амалга ошишига ишончим унча юқоримас эди. Ўзлари рўйхатга олиб, жойига қўйиб олиб кетишяпти. Катта раҳмат сизларга!

12 август куни кундузи Москванинг Внуково аэропортидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг яна бир рейси амалга оширилди.

Россияда қолаётган ўзбек муҳожирлари олдинроқ поездларда ҳам олиб кетилган эди.

Ростов-Дон шаҳридан 10 августда 918 нафар ўзбекистонлик поездда Ўзбекистонга қараб йўлга чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берган.

Маълум қилинишича, Республика махсус комиссияси томонидан Россиянинг Шимолий Кавказ ва Жанубий федерал округидаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун “Тошкент – Ростов-Дон – Тошкент” темир йўл рейси ташкиллаштирилган.

Россиядан олиб келинган ўзбекистонликлар белгиланган тартибда карантин марказларига жойлаштирилади. 10 август куни “Самара—Бузулук—Тошкент—Поп” йўналиши бўйича Россиядан олиб келинган 918 нафар ўзбекистонлик 9 августда Поп темир йўл вокзалида кутиб олингани ва Попдаги карантин ҳудудига жойлаштирилгани хабар қилинганди.

7 августга ўтар кечаси Тошкен – Бузулук – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан Ўзбекистон томон йўлга чиққани хабар қилинган эди. 7 август куни Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд ҳам 918 йўловчини Ўзбекистонга олиб келиниши билдирилган.

XS
SM
MD
LG